Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Чорвачиликка давлат томонидан субсидиялар ажратилади

Чорвачиликка давлат томонидан субсидиялар ажратилади

Фото:«Gazeta.uz»

«Чорвачилик тармоғини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»  Президент қарори қабул қилинди.

Қарор билан Чорвачилик ва унинг тармоқларини ривожлантириш Республика кенгаши ташкил этилди ва унинг асосий вазифалари белгиланди.

Жумладан, кенгаш чорвачилик соҳасида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, чорвачилик маҳсулотларини қайта ишлаш саноати корхоналари ҳамда чорвачилик фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларининг ўзаро ҳамкорлигини таъминлайди.

Қарорга мувофиқ:

- чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ва қуёнчилик бўйича лойиҳаларини амалга ошириш учун тижорат банклари томонидан ажратиладиган 20 миллиард сўмгача миқдордаги кредитлар бўйича фоиз ставкасининг Марказий банкининг асосий ставкасидан ошадиган, лекин 8 фоиз пунктидан кўп бўлмаган қисмига компенсация ёки кредит суммасининг 50 фоизи миқдорида кафиллик тақдим этилади;
- тадбиркорларга эквиваленти 20 миллиард сўмдан ошмайдиган хорижий валютадаги кредитлар учун тижорат банклари томонидан белгиланган фоиз ставкасининг 40 фоизигача, лекин 4 фоиз пунктидан кўп бўлмаган миқдорда тижорат банкларининг кредитлари бўйича фоиз харажатларини қоплаш учун компенсация тақдим этилади.

Шунингдек, 2020-2022 йилларда давлат томонидан қуйидаги тартибда субсидия ажратилади:

- чорвачилик маҳсулотлари етиштирувчи хўжаликларга:
• республикада фаолият юритаётган наслчилик хўжаликларидан сотиб олинган ҳар бир бош қорамолга 1 миллион сўм миқдорида;
• хорижий давлатлардан импорт қилинган наслдор қорамолнинг ҳар бир бошига 2 миллион сўм, наслдор қўй ва эчкининг ҳар бир бошига 400 минг сўм миқдорида;

- «Ўзбекбалиқсаноат» уюшмасига аъзо бўлган интенсив усулда балиқ етиштирувчи хўжаликларга:
• интенсив усулда етиштирилган бир тонна балиқ маҳсулоти учун 1 миллион сўм миқдорида;
• Ўзбекистон ҳудудига импорт қилинган 1 дона наслдор она балиқнинг 3,5 миллион сўмгача бўлган харажатларининг 50 фоизи миқдорида;

«Паррандасаноат» уюшмасига аъзо бўлган паррандачилик хўжаликларига ҳар бир бош 1 кунлик наслдор жўжани импорт қилиш билан боғлиқ харажатларнинг 9 минг сўмини қоплаш учун.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг