Мирзо Улуғбек тумани ҳокими: «Маҳаллий бюджетдан йўлларни асфальт қилиш учун 2 млрд сўм ажратилди»
Мирзо Улуғбек тумани ҳокими Шавкатбек Иргашев Тошкент шаҳар ҳокимлиги биносида оммавий ахборот воситалари воситалари ходимлари билан учрашиб, туманда амалга оширилаётган ўзгаришлар ҳақида ҳисобот берди, журналистларнинг саволларига жавоб қайтарди. Жумладан, «Тошкент оқшоми» газетаси мухбири ҳокимга қуйидаги савол билан мурожаат қилди:
— Ҳозир 4та сектор иш олиб бораяпти, лекин барибир ички йўллар, маҳаллалардаги йўллар ҳали ҳам қониқарли ҳолда эмас, кейин кўп қаватли уйларнинг фасадларини тартибга келтириш бўйича чора-тадбирлар кўриляптими?
— Кўриляпти, масалан Қорасув 6 даҳасига борсак, аҳоли бизни чапак чалиб кутиб оляпти. Сабаби мана 10 кун бўлдики йўллар тўғриланяпти, Президентимизнинг қарорига асосан, маҳаллий бюджетдан йўлларни асфальт қилиш учун 2 млрд. сўм ажратилди — деб жавоб қилди Шавкатбек Иргашев. — Энг ёмон аҳвол Қорасув 6 да эди. Мана энди ўша йиллар давомида аҳолини қийнаб келган масалалар ҳал қилиняпти.
Секторлар фаолиятига келсак, бунинг аҳамияти ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш мақсадида тўртта тармоққа — ҳоким, ички ишлар, солиқ, прокурор уйма-уй юриб, аҳолининг барча муаммоларини ҳал қилиш, ижтимоий муҳтож оилаларга ёрдам бериш, жиноятчиликнинг олдини олишдан иборат.
Фасадларга келсак, бу масалада кўп нарса аҳолининг ўзига боғлиқ. Уй-жой мулкдорлар қонунида бу ҳақда ҳамма нарса белгилаб қўйилган. Унга кўра, аҳоли йиғилиш ўтказиб, истаган масаласини ҳал қилиши мумкин. Аҳоли кўпинча ширкатдан шикоят қилиб мурожаат қилишади, биз уларга қонун доирасида тушунтиришга ҳаракат қиламиз, қўлимиздан келганча ёрдам берамиз. Лекин бу — аҳолининг ўзи ҳал этиши керак бўлган масала.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter