«Artel», «Crafers», «Akfa Group» компаниялари монополист эмас». Антимонопол қўмита Жаҳонгир Ортиқхўжаевга қилинган мурожаатни ўрганди
Фуқаро Отабек Нуритдиновнинг Тошкент шаҳар ҳокими Жахонгир Ортиқхўжаевга ижтимоий тармоқ орқали қилган мурожаатини бугунги кунга қадар бир қанча сайтлар ва ўнлаб гуруҳлар қизғин муҳокама қилдилар. Онлайн тарзида ёзилган мурожаат албатта аниқ манзилга жўнатилган ва табиийки хокимнинг ўзи ушбу мурожаатга жавоб бериш ёки бермаслик, бу унинг ихтиёри, дейилади қўмита хабарида.
Ўз навбатида Монополияга қарши курашиш қўмитаси мутахассислари мурожаатда кўтарилган масалага ойдинлик киритишга ҳаракат қилган:
«Crafers» компанияси бўйича:
2019 йил 1 август ҳолатига республика ҳудудида 600дан ортиқ хўжалик юритувчи субъект қандолат маҳсулотларини (ассортиментда) ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Шунингдек, ушбу маҳсулот бозорида жуда катта миқдорда импорт қилинган маҳсулотлар мавжуд бўлгани сабабли ушбу бозор анча паст концентрациялашган, рақобат эса юқори даражада ривожланган.
Бундан ташқари, бозордаги улушлар таҳлил қилинганда, қайсидир хўжалик юритувчи субъектнинг устун мавқега эга эканлиги аниқланмади. Оддий қилиб айтганда, «Crafers» — монополист эмас, у қандолат маҳсулотлари бозори ҳолатига хеч қандай таъсир кўрсатмайди.
«Artel» компанияси бўйича:
2019 йил 1 август ҳолатига Ўзбекистонда 10тадан кўп компания электр маиший техникасини (йирик ва майда) ишлаб чиқариш билан шуғулланади.
Статистика органларидан олинган маълумотларига кўра, бугунги кунда 100дан ортиқ хўжалик юритувчи субъектлар «Artel» компанияси ишлаб чиқараётган маҳсулотларга ўхшаш маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва импорт қилиш билан шуғулланиб келмоқдалар.
Демак, юқорида қайд этилганидек, ушбу маҳсулотлар бозорида рақобат юқори даражада ривожланган, демак, «Artel» компанияси ва унга тегишли аффилланган корхоналар устун мавқега эга эмас, яъни улар монополист эмас.
«Akfa Group» компанияси бўйича:
2019 йил 1 август ҳолатига республика миқёсида пластмассадан эшик ва ром ишлаб чиқарувчи хўжалик юритувчи субъектларнинг сони 180тадан ошган.
Бундан ташқари, мазкур бозорда алюминийдан эшик ва ром ишлаб чиқарувчи 400тадан ортиқ хўжалик юритувчи субъектлар ҳам фаолият кўрсатадилар.
Умуман олганда, ушбу бозорда ҳам концентрация даражаси паст, рақобат эса етарли даражада ривожланган.
Бироқ, мазкур бозордаги ишлаб чиқарилаётган алюминий ва пластик маҳсулотларнинг техник ва технология жиҳатидан ўзига хос хусусиятларга эга эканини ҳисобга олган ҳолда, Қўмита ҳар иккала маҳсулотларни ишлаб чиқаришда маълум бир компания ёки шахслар гуруҳи устун мавқега эгами, йўқлигини аниқлаш мақсадида қўшимча ўрганиш ишларини олиб боришига тўғри келади. Ўрганиш натижалари алоҳида маълум қилинади.
Бозор муносабатлари шароитида давлатни хўжалик юритувчи субъектларнинг фаолиятига аралашишига ҳаққи йўқ. Ўз навбатида, хўжалик юритувчи субъектлар ўз фаолият йўналишларини, ишлаб чиқараётган маҳсулотлари ва кўрсатаётган хизматлари нархларини (тарифларини) мустақил белгилайдилар.
Маълумот тариқасида эслатиб ўтамиз: устун мавқе товар ёки молия бозорида хўжалик юритувчи субъектнинг ёхуд шахслар гуруҳининг рақобатлашувчи хўжалик юритувчи субъектларга боғлиқ бўлмаган ҳолда унга ўз фаолиятини амалга ошириш ва рақобатнинг ҳолатига ҳал қилувчи таъсир кўрсатиш, тегишли бозорга бошқа хўжалик юритувчи субъектларнинг киришини қийинлаштириш ёхуд уларнинг иқтисодий фаолият эркинлигини бошқача тарзда чеклаш имкониятини берадиган ҳолатидир.
Товар бозорида қайси хўжалик юритувчи субъект ёки шахслар гуруҳи товарининг улуши:
1) эллик ва ундан ортиқ фоизни ташкил этса;
2) ўттиз беш фоиздан эллик фоизгача ҳажмда бўлиб, бунда қуйидаги шартлар:
- хўжалик юритувчи субъектнинг товар бозоридаги улуши камида бир йил мобайнида барқарор бўлиб туриши (яъни хўжалик юритувчи субъектнинг ёки шахслар гуруҳининг улуши товар бозорининг 35-50 фоизи атрофида бўлса);
- товар бозорида бошқа хўжалик юритувчи субъектларга (рақобатчиларга) тегишли улушларнинг нисбий миқдорда бўлиб туриши, яъни бозода 20 фоиздан ортиқ улушга эга бўлагн хўжалик юритувчи субъектлар ёки шахслар гуруҳини йўқлиги;
- ушбу бозорга янги хўжалик юритувчи субъектларнинг (рақобатчиларнинг) киришига имкониятини мавжудлиги, хўжалик юритувчи субъектни устун мавқега эга деб эътироф этилишига сабаб бўлади, дейилади Монополияга қарши курашиш қўмитаси матбуот хизмати хабарида.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter