Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

АҚШлик экспертлар Шавкат Мирзиёев фармонига муносабат билдирди

АҚШлик экспертлар Шавкат Мирзиёев фармонига муносабат билдирди

Фото:«ЎзА»

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2019 йил 10 январда «Урбанизация жараёнларини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонини имзолаган эди. 

Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчихонаси вакили Аҳрор Бурҳоновнинг маълумотига кўра, Вашингтондаги Марказий Осиё ва Кавказ институти раиси, Марказий Осиё давлатларининг замонавий тарихи ва сиёсати масалалари бўйича эксперт, профессор Фредерик Старр ҳамда АҚШнинг йирик архитектура ва дизайн компанияларидан бири – «Cалатрава Граcэ» корпорацияси Бош Ижрочи директори Майкл Селлман Президент Ш.Мирзиёевнинг мазкур фармони аҳамияти ҳақида ижобий фикр билдирганлар. Бу ҳақда «ЎзА» ёзмоқда. 

«Cалатра ва Граcэ» корпорацияси 2018 йилда Ўзбекистон бозорига кириб келиб, ҳозирда Навоий ва Самарқанд вилоятларида инновацион усулларда қулай-жой қуриш бўйича лойиҳаларда иштирок этмоқда. Лойиҳалар доирасида компания билан ҳамкорликда «Навоий» эркин иқтисодий ҳудудида модулли қурилмаларни ишлаб чиқариш бўйича завод ишга туширилиши ҳам режалаштирган.

М.Селман ва Ф.Старрларнинг сўзларига кўра, мамлакатнинг аҳоли жон-боши даромад даражаси ошиши ва иқтисодий жиҳатдан ривожланиши, туғилиш кўрсаткичи ўсиши,илм-фан ривожланиши, тезкор ва қулай транспорт инфратузилмаси йўлга қўйилиши, маъмурий бошқарув тартиб-қоидаларини соддалаштирилиши асосида аҳолининг қишлоқлардан шаҳарларга эркин кўчиши учун шарт-шароитлар яратиш урбанизация жараёнларини кучайтирувчи асосий омиллар ҳисобланиб, Ўзбекистонда мазкур омилларнинг барчаси мавжуд. Ана шу нуқтаи назардан, яқин келажакда мамлакатда урбанизация жараёнлари янада ривожланади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳисоботига кўра, Ўзбекистонда урбанизация даражаси 50,5% ни ташкил қилиб, 231 мамлакат ва ҳудудлар орасида 115-ўринни эгаллайди.

Урбанизация жараёнларининг муҳим омилларидан бири саналмиш – туғилиш умумий даражасига кўра, жаҳон мамлакатлари орасида юқори ўринларда, яъни 71-ўринда туради.

Шунингдек, тобора ривожланаётган транспорт инфратузилмаси ҳам пойтахтга кишиларнинг миграцияси даражасини оширмоқда. Масалан, биргина Афросиёб тезюрар поезди Самарқанддан Тошкентга кишиларни икки соат ичида етказади. Умуман, Ўзбекистон ҳукумати кўп тармоқли транспорт инфратузилмасини ривожлантиришга бугун тобора кўпроқ эътибор беряпти.

Ўзбекистонда шаҳарларга рўйхатга олишнинг совет даврига хос бўлган мураккаб усули ҳам кейинги йилларда анчайин енгиллаштирилди. Бу эса қишлоқ аҳолисига шаҳарларга келиб, ишга жойлашиш, шаҳарлардан кўчмас мулк сотиб олиш имкониятларини бериб, миграция жараёнини янада кенгайтиряпти.

Урбанизация истиқболлари бўйича БМТ ҳисоботига мурожаат қилинса, айтиш керакки, 2020 йилга бориб, «қуйи ўрта даромад»ли мамлакатларнинг 53,7 фоиз аҳолиси, 2030 йил 59 фоиз, 2050 йилга бориб 68,3 фоиз аҳолиси шаҳарларда яшайди. «Юқори ўрта даромад»ли мамлакатларда эса 2020 йилга бориб урбанизация 68,2 фоизни, 2030 йилда 75 фоизни, 2050 йилда 82,6 фоизни ташкил этади.

Шу ўринда, «ўрта даромадли» мамлакат тушунчасига изоҳ бериб ўтиш жоиз. Жаҳон Банки «ўрта даромадли» мамлакатлар қаторига ялпи миллий даромади аҳоли жон-бошига 1,006 доллардан 12,235 долларгача тўғри келган давлатни киритади. Ўзбекистоннинг ялпи ички маҳсулоти ҳар бир киши бошига 1500 долларга тўғри келса-да, аммо ялпи миллий даромад аҳоли жон-бошига 7130 долларга тенг келади. Жаҳон Банки «ўрта даромад»ли мамлакатларнинг ўзини ҳам икки турга – «юқори ўрта даромад»ли мамлакатлар,«қуйи ўрта даромад»ли мамлакатларга бўлади. Жами 109 та «ўртача даромад»ли мамлакатлардан 56 таси «юқори ўрта даромад»ли давлатлар, қолганлари, шу жумладан, Ўзбекистон ҳам «қуйи ўрта даромад»ли мамлакатларга киради.

Ўзбекистон мисолида айтиладиган бўлса, экспертларнинг прогнозига кўра, 2030 йилга бориб, Ўзбекистон «қуйи ўрта даромад»ли давлатлар қаторида бўлса, шаҳар аҳоли сони 34,44 миллион кишига етади. Бу бугунги кундан 17,67 миллионга кўпроқ деганидир. Агар Ўзбекистон бугунги ривожланишлар ҳосиласи ўлароқ «юқори ўрта даромад»ли мамлакатлар қаторига қўшилса, шаҳар аҳолисининг сони 2030 йилга келиб 36,06 миллион кишига етади. Бу эса бугунги кунга нисбатан 19,29 миллионга кўпроқ деганидир.

Шу нуқтаи назардан, мутахассисларнинг фикрича, бугун мамлакатда йилига миллионлаб қўшимча уйлар қуришга эҳтиёж бор. Боз устига, мамлакатдаги мавжуд бўлган аксарияти совет даврида қурилган уй-жойлар, бинолар хавфсизлик ва сифат жиҳатдан юқори стандартларга жавоб бермайди.

Бу эса кишиларда янги уй-жойлар сотиб олишга бўлган эҳтиёжни янада оширади.

М.Селман ва Ф.Старрнинг сўзларига кўра, Президент Ш.Мирзиёев эски биноларни қайта таъмирлаш ва янги турар-жойлар қурилиши учун жиддий эътибор бераётгани айни муддаодир. Бугунги кунда ҳукумат томонидан мавжуд турар уй-жойлар таъмирланиши ва қайта реконструкция қилиниши ҳамда янги биноларнинг қурилишига миллиардлаб доллар сарфланяпти.

«Мамлакат раҳбари 2018 йил охирида қилган мурожаатида 34 минг турар-жой бинолари таъмирланиб, реконструкция қилинишини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтди», дейди М.Селман ва Ф.Старр.

«Бизнинг фикримизча, аҳолини уй-жой билан таъминлашдаги энг муҳим жиҳатлардан бири, бу – совет даврига хос бўлган барчага бир хил «шаблон» дизайн ва технология эмас, балки аҳолининг имконият ва эҳтиёжларига мос равишда қурилган турар жойлар билан таъминлашдир. Бунда халқнинг асрлар давомида шаклланган ўзига хос ижтимоий ва маданий турмуш тарзи ҳам ҳисобга олиниши зарур. Янги қурилажак уйлар асосийси, қулай, сифатли ва чўнтакбоп бўлиши зарур, – дейди экспертлар. – Ўзбекларнинг «маҳалла» бўлиб уюшиб яшаши, ўзаро яқин қариндошчилик ва қўшничилик алоқалари мавжудлиги, меҳмондўстлигидан келиб чиқиб ҳам авваллари уйларни ички ва ташқи хоналарга бўлиб, икки қисмдан иборат шаклда қурганлар. Шунингдек, қишнинг қаҳратон совуқ ва жазирама ёзнинг иссиқ кунларида қулай бўлиши учун икки қаватли, яъни болахонали бўлган. Совет даврининг «Барча учун бир андоза» шиори асосида қурилган «шаблон» уй-жойлар эса барча халқларга бирдай тўғри келавермайди.

Шу нуқтаи назардан, мамлакат раҳбарининг «Урбанизация жараёнларини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида мутлақо янги уй-жой сиёсатини амалга ошириш асосида урбанизация жараёнларини фаоллаштириш, шаҳарлар барпо этишда илғор мамлакатларнинг тажрибасидан фойдаланиш, аҳолини шаҳарларга эркин кўчиши учун шарт-шароит яратиш бўйича асосий чора-тадбирлари айни муддао бўлди, десак муболаға бўлмайди. Умуман, ўтган йилнинг ўзида Президент ўнлаб эркин иқтисодий зоналар ва кўплаб саноат ҳудудларини ташкил этишга, хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва тадбиркорликка тўсқинлик қилишни бартараф этишга, шунингдек, шаҳар ва қишлоқларда турмуш шароитларини яхшилашга қаратилган бир қатор лойиҳалар қабул қилдики, М.Селман ва Ф.Старрнинг фикрича, ислоҳотлар шу суратда олиб борилса, мамлакат шубҳасиз яқин ўн йилликда тараққиётнинг юқори даражаларига эришади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг