Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Анорчилик бўйича илм йўқ, китоб йўқ, лаборатория йўқ» — Шавкат Мирзиёев

«Анорчилик бўйича илм йўқ, китоб йўқ, лаборатория йўқ» — Шавкат Мирзиёев

Фото: Президент матбуот хизмати

Сурхондарё вилоятининг шундай йўналишларидан бири - анорчилик. Айниқса, Шерободнинг анорлари катта, мазали, ҳосилдор бўлади. Шу боис унинг бозори чаққон, довруғи чет элларгача кетган. Бу тадбиркорлар учун катта имконият, аҳоли учун даромад манбаи бўлаётир. Туманда 48 та маҳалланинг 33 таси анор етиштиришга ихтисослашган.

Шундай анорзорлардан бири «Сардорбек Султонбек» масъулияти чекланган жамияти томонидан туманнинг «Бўстон» маҳалласида ташкил этилган.

Президент ушбу боғни кўздан кечирди.

43 гектар ерда 30 минг донадан зиёд анор экилган. Қозоқи навли ушбу анорнинг бир донаси 1 килограммдан зиёд тош босиши мумкин. Кўчатлар бу йилдан ҳосилга кирди. Йилига жами минг тоннадан зиёд маҳсулот олиш мўлжалланган.

- Ўтиш даври - кураш даври. Ҳаётимизни ўзгартириш, дунё бозорида ўрнимизни топиш учун курашишимиз, манфаат берадиган ишни қилишимиз керак. Асосий мақсадимиз - оилаларнинг даромадини кўпайтириш. Ўзи меҳнат қилиб, натижага эришган оила баракали бўлади, соғлиғига қарайди, фарзандларини яхши ўқитади. Билимли болалар келажакда ўз йўлини топиб олади, - деди Президент.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шу ерда Тошкент давлат аграр университетининг Термиз филиали тадқиқотчилари билан мулоқот бўлди.

- Бизда анорчилик бўйича анъана бор, лекин илм йўқ, китоб йўқ, лаборатория йўқ. Анор жайдари усулда етиштириляпти. Касалликдан ҳимоя қилишни ҳамма ҳам билмайди. Энг катта нарса - нав керак. Кейин шу навни хонадонларга киргазиш зарур, - деди Шавкат Мирзиёев.

Сурхондарёда қишлоқ хўжалигини инновацион йўналтириш бўйича институт ташкил этиш, анор билан бирга лимон, хурмо етиштиришни кўпайтириш юзасидан кўрсатмалар берилди.

Давлатимиз раҳбари туманнинг «Каттабоғ» маҳалласида анорчилик билан шуғулланаётган Абдураҳмон Каримов хонадонида ҳам бўлиб, аҳоли турмуши ва томорқалардан фойдаланиш ҳолати билан танишди. Маҳалла аҳли, нуронийлар билан самимий суҳбат бўлди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Туманда 5 мингдан зиёд аҳоли анор етиштириш билан шуғулланиб, ундан катта даромад топаётгани айтилди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг