Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Аҳолининг даромади қанчага ошади?

Аҳолининг даромади қанчага ошади?

Фото: «Xabar.uz»

Сурхондарё вилоятида фаолият кўрсатаётган тадбиркорлик субъектларининг сони 2018 йилда 2017 йилга нисбатан қарийб 3000 тага ошди. Тадбиркорлар иштирокида Термиз шаҳри ва Денов туманида бўлиб ўтган семинарда шу ҳақда маълумот берилди.

Сурхондарё вилоят ДСБ Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот шўъбаси хабар беришича, тадбирда Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Б.Турабов, Сурхондарё вилояти ҳокими биринчи ўринбосари Т.Боболов ва бошқалар иштирок этди.

Фото: Сурхондарё вилоят ДСБ Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот шўъбаси

— Солиқ ислоҳотлари концепциясига кўра, 2019 йил 1 январдан бошлаб ўтган йил якунлари бўйича товар обороти 1 миллиард сўмдан ошган ва йил давомида чегаравий миқдорга етган хўжалик юритувчи субъектлар умумбелгиланган тартибда солиқ тўлашга ўтказилмоқда, — дейди Сурхондарё вилоят давлат солиқ бошқармаси «Камерал назорат» бўлими бошлиғи Муҳиддин Тоғаев. — Шунингдек, юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ставкасининг 5 фоиздан 2 фоизга пасайтирилиши натижасида жорий йилда вилоятимиздаги корхоналар ихтиёрида 20.1 млрд. сўм, бундан ташқари тадбиркорлик субъектлари томонидан тўланадиган ягона ижтимоий тўлови ставкаси 15 фоиздан 12 фоизга пасайтирилиши натижасида 10.7 млрд. сўм миқдорида маблағлар қолиши кутилмоқда.

«Шержон-Бунёдкор» МЧЖ бухгалтери Шамшод Нуриев таъкидлашича, корхонада 878 нафар ишчи-ходим фаолият юритади. Ўтган йилнинг 11 ойи давомида ишчиларга ҳисобланган иш ҳақидан 25 фоизлик ставкада 1 млрд 883 миллион сўм миқдорида ягона ижтимоий тўлов тўланган. Концепцияга асосан солиқ ставкасининг 25 фоиздан 12 фоизга туширилиши натижасида жорий йилнинг 11 ойида 903 миллион 920 минг сўм ягона ижтимоий тўлов ҳисобланиши, корхона ихтиёрида 979 миллион сўм маблағ қолиши кутилмоқда.

Солиқ ставкаларининг пасайтирилиши нафақат тадбиркорлик субъектлари, балки фуқароларнинг даромадлари ошишига ҳам хизмат қилмоқда, дейилади хабарда.

Масалан, фуқароларнинг меҳнатга ҳақ тўлаш туридаги даромадларидан Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига ушлаб қолинадиган 8 фоизли суғурта бадалининг бекор қилиниши натижасида вилоятда фуқароларнинг қўлга оладиган иш ҳақлари суммаси жорий йилда 29.9 млрд сўмга кўпайиши кутилмоқда.                                          

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг