363 млрд. 155 млн. 500 минг сўм нореал қарздорлик! Бунча миқдор қандай юзага келган?
Миқдордан ақлингиз шошдими? Бўлмаса-чи?! «Нореал қарздорлик» деган гап табиий ресурслар истеъмолига оид масалаларда тилга олинади одатда. Юқорида қайд этилган миқдор ҳам шунга тааллуқли. Яъники, табиий газ истеъмолидан шу-у-унча нореал қарздорлик аниқланган. Яна денг, ўн ойда! Бу миқдор мамлакат бўйича эмас, балки битта ҳудуд — Самарқандда аниқлангани эътиборга олинса, тизимдаги аҳволни тасаввур қилаверинг!
Мажбурий ижро бюросининг Самарқанд вилояти бошқармаси ходимлари томонидан 84 та АГТКШда (автомобилларни газ билан таъминлаш шохобчаси) олиб борилган тезкор тадбирларда яна нималар аниқланмади дейсиз?! Айниқса, «Ҳудудгаз Самарқанд» маъсулияти чекланган жамияти фаолиятида!
Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси матбуот хизмати бошлиғи Фаррух Тошпўлатовнинг «Xabar.uz»га маълум қилишича, 2019 йилнинг январь-октябрь ойлари давомида сотилган табиий газ миқдорлари шартномаларда белгиланган лимит миқдори билан ҳақиқатда олинган ҳисоб-варақ фактуралар ўзаро солиштирилганда, жамият мансабдор шахслари томонидан «Табиий газ етказиб бериш ва қабул қилиш тўғрисида»ги қўшимча шартномалар тузмаган ҳолда жами 24 101 102 м.3 ҳажмдаги табиий газ (лимитдан ортиқча) истеъмол қилингани фош этилди. Лимитдан ортиқча олинган ҳар бир метр куб табиий газ учун белгиланган коэффициентлар қўлланилмаганлиги натижасида жами 8 млрд. 651 млн. 258 минг 820 сўм миқдорида тўловлар кам ҳисобланганлиги аниқланган.
Шунингдек, «Ўзтрансгаз» ва «Ҳудудгазтаъминот» акциядорлик жамиятлари мансабдор шахслари томонидан тегишли тартибда рухсатнома берилмаган бўлса-да, Самарқанд вилояти бўйича ҳудудий газ таъминоти филиали томонидан 2019 йилнинг январь-октябрь ойларида вилоятда фаолият кўрсатаётган жами 46 та АГТКШлари умумий ҳисобда 2.497.608 м.3 ҳажмдаги табиий газ билан ноқонуний равишда таъминланган. Бу эса ўзганинг 842 млн. 854 минг 500 сўмлик жуда кўп миқдордаги мулки растрата йўли билан талон-торож қилинишига олиб келинди.
Акциядорлик жамияти мансабдор шахслари етказиб берилаётган табиий газ ҳажмини ўз вақтида истеъмолчилар ҳисобига олиб борилишини таъминламасдан, 2019 йилнинг 1 ноябрь ҳолатига истеъмолчиси аниқланмаган нореал қарздорликни 363 млрд. 155 млн. 500 минг сўм бўлишига ва давлат манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар етказилишига сабабчи бўлган. Ақлни шоширадиган даражадаги нореал қарздорликнинг келиб чиқиши омили шунда!
Мазкур ҳолат юзасидан МИБ Самарқанд вилояти бошқармаси томонидан «Ҳудудгаз Самарқанд» маъсулияти чекланган жамияти мансабдор шахсларига нисбатан ЖК(жиноят кодекси)нинг 167-моддаси 3-қисми «а» банди (ўзганинг мулкини ўзлаштириш йўли билан жуда кўп миқдорда талон-торож қилиш) ва 205-моддаси 2-қисми «а» банди (мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш йўли билан жуда кўп миқдорда зарар етказиш) билан жиноят иши кўзғатилди. Айни пайтда Самарқанд вилояти прокуратурасига тергов ҳаракаталарни бошлаб юборилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter