Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ғалати статистика: коронавирусдан ўлим даражаси қаерда энг юқори? (инфографика)

Ғалати статистика: коронавирусдан ўлим даражаси қаерда энг юқори? (инфографика)

Фото: «The Wall Street Journal»

COVID-19 оқибатида ўлим даражаси қаерда энг юқори? Статистика маълумотлари таҳлили коронавирусдан ўлимлар сони энг юқори мамлакатларда аҳоли жон бошига нисбатан ўлим кўрсаткичлари унча баланд эмаслигини кўрсатяпти.

Тадқиқотларга кўра, аҳоли жон бошига ўлим ҳолатлари нуқтаи назаридан, Бельгия коронавирусдан энг кўп талафот кўрган мамлакат, Буюк Британия ва АҚШ учинчи ва тўртинчи ўринларда.

Бироқ бу хулосалар аҳолиси 5 миллиондан кўп ҳамда ҳар 100 минг кишига қанча COVID-19 қурбонлари тўғри келиши ҳақида 19 мамлакатдан 19 сентябргача олинган маълумотлар таҳлилига қурилган, деб ёзмоқда «Daily Mail». Бу маълумотларга кўра, ўлим даражаси энг юқори мамлакат Бельгия (ҳар 100 минг кишига 86,9 ўлим), кейинги ўринларда Испания (65) ва Буюк Британия (62,6).

Америкада ўтказилган тадқиқотда (JAMA тиббий журналида чоп этилган) эса қолган 18 мамлакатга нисбатан АҚШда қанча кўп одам ўлганини аниқлашга уриниб кўришди. Бу мамлакатларнинг танлашиши сабаби уларнинг ҳар бири 5 миллиондан ортиқ аҳолига эга ва ялпи ички маҳсулоти жон бошига 25 минг доллардан ортиқ. Бир сўз билан айтганда, ўзига тўқ мамлакатлар.

Рақамларга кўра, пандемия АҚШда 225 минг ўлимга бевосита ёки билвосита сабаб бўлган, яъни кимлардир коронавируснинг ўзидан, бошқалар унинг оқибатлари ва эски касалликлари туфайли дунёдан кўз юмган. Пенсильвания университети тадқиқотчилари маълумот беришича, 19 сентябрь ҳолатига АҚШда COVID-19 билан боғлиқ 198 589 ўлим ҳолати қайд этилган ёки ҳар 100 минг кишига 60,3 та ҳолат тўғри келмоқда. Бу жиҳатдан Қўшма Штатлар Бельгия (86,8), Испания (65) ва Буюк Британия (62,6)дан сўнг тўртинчи ўринда.

Коронавирус биринчи бўлиб кириб борган ва ўлим ҳолатлари олдинроқ қайд этилган Жанубий Корея ва Япония Америка таҳлилчилари рўйхатида энг қуйи поғоналарга жойлаштирилди: ҳар 100 минг аҳолига 0,7 ўлим ҳолатлари.

Аммо юқоридаги тадқиқот, фақат 19 мамлакат билан чеклангани боис, коронавирусдан ўлим ҳолатлари аслида қандайлиги ҳақида етарлича тасаввур бера олмайди. Барча мамлакатлар тадқиқот доирасига киритилган тақдирда биринчи ўринга Италия ичида жойлашган митти давлат — Сан-Марино кўтарилади, Перу — иккинчи, Бельгия — учинчи.

Мутлақ рақамларда Сан-Маринода февраль ойида коронавирусдан 42 та ўлим ҳолати рўйхатга олинганди. Агарда мамлакат аҳолиси атиги 33 800 кишидан иборат экани инобатга олинса, бу жаҳон миқёсида рекорд кўрсаткичга айланиб кетади — ҳар 100 минг аҳолига 123 та ўлим. Ҳолбуки, Сан-Марино 26 июнь куни ўзини «коронавирусдан холи» деб эълон қилган. Ўшандан бери баъзи-баъзида касалланишлар учраб турибди, аммо вафот этганлар йўқ.

Перу Ўзбекистонга «ўхшайди» — 32 миллион атрофида аҳолиси бор. Мамлакатда ҳар 100 минг аҳолига ковиддан ўлимлар сони 101 тани ташкил этмоқда. Ўлим ҳолатлари бобида Жанубий Америкадаги таъқибчиларининг барчаси қўшнилари — Боливия (72), Бразилия (71,7), Чили (70,2) ва Эквадор (69,7).

Глобал йирик муаммоларга дахдор маълумотларни расмий манбалардан олиб тарқатувчи «Our World in Data» сайтига кўра, аҳоли жон бошига ўлим ҳолатлари бўйича Буюк Британия ва АҚШ 11-12-ўринларни банд этиб турибди.

Коронавирусдан ўлим ҳолатлари сони бўйича дунёдаги учинчи мамлакат — Ҳиндистон (112 минг). Бироқ 1,3 миллиард аҳолисига солиштирганда рақамлар «кичрайиб кетади» ва жон бошига ўлим ҳолатлари борасида Ҳиндистонни рейтингнинг 87-поғонасига тушириб юборади.

Эронда ҳам худди шундай: ўлим ҳолатлари сони (29 605) бўйича 9-ўринда, жон бошига ҳисоблаганда 28-ўринда.

Коронавирус «бешиги» бўлмиш Хитой эса 183-ўринда — ҳар миллион кишига уч ўлим!


«Worldometer» кўра, Ўзбекистон:

  • коронавирусдан ўлимлар сони бўйича дунёда 76-ўринда;
  • ҳар миллион аҳолига ўлим (16) ҳолатлари бўйича 137-ўринда.

Эслатма: бу расмий статистика.


«Our World in Data» маълумотига кўра, бугунги кунда коронавирусдан ҳар миллион кишига ўлим ҳолатлари энг юқори даражаси Жанубий Америкада (640), кейинги ўринларда Шимолий Америка (550) ва Европа (313). Солиштириш учун: Осиёда ҳар миллион кишига 47 та ўлим ҳолати тўғри келмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг