Электр токини қандай тежаш мумкин? (инфографика)
Бир Америка фильмида қизиқчининг гапи бор: «Отам шунчалик тежамкорки, кечаси ухлашидан олдин ҳатто электрон соатини ҳам ўчириб қўяди — тўғри-да, ухлаётганингда соат нимага керак?».
Ҳазил ўз йўлига, аммо коммунал тўловлар, масалан, электр энергияси учун ҳисоб-китоб қилиш пайтида кайфиятингиз бир бузилиб олиши тайин. Шунча қарздорлик? Қайдан пайдо бўлди? Яқинда тўлагандимку?
«Айбдор»ни қидиришни уйимиздан бошлаганимиз маъқул. Электр қувватини еб ётган «чўнтак кушандалари» ҳар бир хонадонда топилади. Озгина қунт қилсангиз бас, ортиқча электр жиҳозларини ўчириш эвазига ҳуда-беҳудага пул тўлаб юрмайсиз.
Совуткич
Маҳсулотларнинг ҳарорати қанча юқори бўлса, уларни совитишга шунча кўп энергия сарфланади, шунинг учун ҳам совуткичга илиқ овқатларни (иссиқ овқатларни-ку мутлақо) қўймаслик керак. Лаборатория синовлари кўрсатишича, 50 даражагача иситилган шўрвани совитишга хона ҳароратидаги шўрвани совитишга қараганда 14 фоиз кўп электр токи кетаркан. Совуткич созламасига ҳам қараб қўйинг, максимум совуқ нега керак, озиқ-овқатларни меъёрда сақлаш учун 7-8 ° ҳам етарли.
Қуритиш
Кирларни дорга илиб қуритиш мутлақо бепул. Битта арқон — олам гулистон. Техниканинг энг сўнгги қулайликларини афзал билувчиларга битта маслаҳат: электр қуриткич сотиб олишда ток сарфига эътибор қаратинг.
Компьютер
Яқин пайтларгача хонадондаги асосий ток сарфи маиший техникаларга тўғри келарди — энди компьютер ва телевизор уларни ортда қолдиряпти ва жами электр қувватининг бешдан бир қисмини ишлатмоқда. Ҳатто соатлаб кутиш тартибида турган компьютер ҳам ҳамёнингизнинг бир четини ўпириб кетади.
Қувватлаш қурилмалари
Ишлатилмаса ҳам электр тармоғидан узилмаган мобил телефонлар ва фотоаппаратларнинг қувватлаш мосламалари қанча пул сарфлаб юборишини биласизми? Ёки мусиқа марказларини олайлик. Немис мутахассислари ҳисоблаб кўришса, токдан узилмасдан қолдирилган эски стереотизимлар йил давомида эгасига 20 еврогача зарар келтираркан.
Статистика
Германия федерал атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазирлиги тадқиқот ўтказганида немис хонадонлари қанча электр токини ишлатаётгани ойдинлашди.
Электр токи ўртача истеъмол меъёри (бир йилда):
Бир киши
Бир-икки оилали уйда — 2700 дан 3200 кВт-соатгача
Кўп хонадонли уйда — 1300 дан 1500 кВт-соатгача
Икки киши
Бир-икки оилали уйда — 3000 дан 3300 кВт-соатгача
Кўп хонадонли уйда — 2000 дан 2300 кВт-соатгача
Тўрт киши
Бир-икки оилали уйда — 4000 дан 4500 кВт-соатгача
Кўп хонадонли уйда — 3000 дан 3400 кВт-соатгача.
Солиштириб кўришни тавсия қиламиз: ким тежамкор — ўзбекларми ё немислар.
Мавзу доирасида
Қуйидаги инфографика орқали эса электр токини сарфлаш бўйича хонадонингиздаги «чемпионлар»ни аниқлаб олишингиз мумкин:
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter