Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Адлия вазирлиги: янги партия тузиш сўрови рад этилди

Адлия вазирлиги: янги партия тузиш сўрови рад этилди

Фото:«Xabar.uz»

Адлия вазирлиги томонидан «Ҳақиқат ва тараққиёт» социал-демократик партиясини давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича сўров рад этилди.

Партияни давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича ҳужжатлар «Сиёсий партиялар тўғрисида» ва «Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида»ги қонунлар талабларига риоя қилинмаган ҳолда тақдим қилинганлиги аниқланди, дейилади вазирлик матбуот хизмати хабарида.

Хусусан, «Сиёсий партиялар тўғрисида»ги Қонуннинг 6-моддасига кўра, сиёсий партияни тузиш учун камида 8 та ҳудудий субъектда (вилоятда), шу жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент шаҳрида яшаётган ҳамда партияга бирлашиш истагида бўлган камида 20 000 фуқаронинг имзоси бўлиши талаб этилади.

Бироқ, партияни давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича бор-йўғи 9 873 та имзо йиғилган.

Жумладан, 2021 йил 7 апрелдаги аризага 7 675 та (қўшимча 944 та) ва 7 июндаги аризага 1 254 та имзо қўйган фуқароларнинг рўйхатлари илова қилинган.

Ўрганиш жараёнида аниқланишича, имзолар рўйхатида кўрсатилган шахсларнинг 42 нафари вафот этган.

Юқорида кўрсатилган имзолар партия тузиш билан боғлиқ бўлмаган ҳолда турли сабаблар асосида йиғилганлиги сабабли, имзоларни ҳисобга олмаслик (бекор қилиш) ҳақида бугунги кунга қадар вазирликка жами 2 292 та мурожаат келиб тушди.

Шунга кўра, «Ҳақиқат ва тараққиёт» социал-демократик партиясини давлат рўйхатидан ўтказиш рад этилди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг