Яна фирибгарлик. Кореяга юбориш хусусий бандлик агентликлари ваколатига кирмайди
«Optimal job for you» хусусий бандлик агентлигига Ўзбекистон Республикасидан ташқарида иш излаётган шахсларни ишга жойлаштириш фаолияти билан шуғулланиш учун берилган лицензиянинг амал қилиши вақтинча тўхтатилди. Бу ҳақда меҳнат вазирлиги томонидан маълум қилинди.
«Optimal job for you xususiy bandlik agentligi» МЧЖ ходимлари фуқароларни Кореяга ишга жўнатишни ваъда қилган, бироқ шартнома шартларини бажармаган.
Шу муносабат билан, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 сентябрдаги Қарори асосида тасдиқланган «Ўзбекистон Респбуликасидан ташқарида иш излаётган шахсларни ишга жойлаштириш бўйича фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги Низомининг» 45-бандига мувофиқ, «Optimal job for you xususiy bandlik agentligii» МЧЖ лицензиясининг амал қилишини 10 иш куни муддатига тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилди.
10 кун давомида «Optimal job for you xususiy bandlik agentligi» МЧЖ томонидан Низомнинг 46-бандига биноан келтирилган ҳолатларни ижобий ҳал қилиш талаб қилинади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг Корея Республикасидаги вақтинчалик меҳнат фаолиятини йўлга қўйиш икки давлат Меҳнат вазирлиги томонидан имзоланган Англашув меморандуми асосида амалга оширилади. Унга кўра, Е9 виза билан фуқароларни Корея Республикасига ишга жойлаштириш ваколати фақат Бандлик ва мехнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги зиммасига юклатилган.
Корея Республикасида ишга жойлаштириш хусусий бандлик агентликлари ваколатига кирмайди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter