Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Хонадон соҳиби ва уста можароси

Хонадон соҳиби ва уста можароси

Фото: «ruwest.ru»

Орзуга айб йўқ, дейишади. Самарқанд шаҳрида яшовчи С.Н. ҳам замонавий қулайликларга эга бўлган уйда яшашни ният қилиб маблағ жамғара бошлади. Ҳисоб-китоблари бўйича таъмирлаш ишлари учун етадиган маблағ тежалди. Энди навбат арзон ва сифатли ишлайдиган «қўли гул» устани топишда.

У ер, бу ерларда, гап-гаштакларда уйини таъмирлатишини, яхши уста излаётганлигини гап орасида қистириб ўтди. Ниҳоят, «арзон ва сифатли ишлайдиган «қўли гул» устанинг ўзи эшигини қоқиб келди. Ҳаммаси яхши, ҳаммаси жойида, фақатгина таъмирни якунлаш учун санитария техниги керак. Бу борада «қўли гул» уста хонадон соҳибининг жонига оро кирди. Санитария жиҳозларини ўрнатувчи дўсти бор эканлигини билдирди. Сантехник  билан ўзаро нарх борасидаги келишувдан сўнг қурилиш моллари дўконидан маҳсулотларни олиб келиш қолди, холос. Уй эгаси маҳсулотнинг сифати борасида тушунчага эга эмаслигини айтиб, сантехникнинг қўлига пул тутқазди.

Таъмирлаш ишлари авжида, лекин олиб келинган қурилиш молларининг сифатига хонадон соҳиби иккилана бошлади. Қизиқ, қурилиш молларининг сифати борасида фарқни билмайдиган одамнинг иккиланишига эътибор қилинг. Аввало қурилиш молларининг сифатига тушунмайдиган инсон эндиликда сифат борасида иккиланмоқда. Бу сўзларни бежизга ёзаётганимиз йўқ. Чунки хонадон соҳиби ва уста ўртасидаги можарога худди мана шу иккиланиш сабаб бўлган. Яъни, буюртмачининг хонадонига ўрнатилган санитария воситаларининг сифатсизлигидан норозилиги, таъмирловчининг эса кафолат бериши.

Аламзада бўлган С.Н. Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясига мурожаат қилишга мажбур бўлган. Чунки С.Н. ўз аризасида 2250 (икки минг икки юз эллик) АҚШ доллари берганлигини айтиб ўтса, С.Н.нинг турмуш ўртоғи харажатлар учун жами бўлиб 2044 (икки минг қирқ тўрт) АҚШ доллари ва 740 000 (етти юз қирқ минг) сўм берганлигини кўрсатиб ўтади. Эътиборингизни учинчи шахснинг тушунтириш хатига қаратмоқчимиз. Унга қайд этилишича, уста О.Қ. 1300 (бир минг уч юз) АҚШ доллари олганлигини тасдиқлайди. Қизиқ ҳолат. Уч инсоннинг тушунтириш хатида уч хил сумма кўрсатилган. Ким ҳақ, ким ноҳақ бу савол очиқлигича қолаверди.

Федерация ходимлари ҳолатни аниқ асослар негизида ўрганиб чиқишди. Ниҳоят, масалага ойдинлик киритилди. Уста О.Қ. бажарилмай қолган ишлар учун узоқ савдолашишдан сўнг мурожаатчи С.Н.га 500 (беш юз) АҚШ доллари қайтариб берди. Шу билан муаммога нуқта қўйилди.

ИҲҲҚЖФ Самарқанд вилоят бирлашмаси матбуот хизмати

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг