Ходим ишга тикланди. Ёхуд бизга «закўнчилар» керак!
Бизда ишдан бўшатишнинг оддий усули оммалашган, яъники: «аризангни ёз!». Осони шу-да: «ўз хоҳишига кўра» ишдан кетган одамнинг қайта ишга тикланиши маҳол. Шу боис бирор ходимидан қутулмоқчи бўлган иш берувчи, нима қилмасин, уни «ўз хоҳишига кўра» ишдан бўшатиш пайида бўлади. Бунинг учун яхши гапириши, қоп-қоп ваъдалар бериши мумкин, пўписа ёки босим ўтказиши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмаски, ишқилиб, «аризани ёздирволса», бас... Чунки, биладики, кейинроқ ходим қаерга бормасин, имзоси тушган ўша бир парча қоғоз йўлига тушов бўлаверади.
Ўз хоҳишига кўра ариза ёзмайдиган, ҳуқуқини биладиган, қисқаси, «закунчи» ходимлар-чи? Бундайлар билан, айрим иш берувчилар, уни минг ёмон кўрмасин, ишлашга мажбур, агар қутулмоқчи бўлса, судда ер чизиб қолиши аниқ. Негаки, ходимни асоссиз ишдан бўшатиб бўлмайди. Фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқи эса бош қомусимиздан ташқари, Меҳнат қодекси ва бошқа қатор қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган-да.
Битта мисол келтирсак.
Фуқаро Қ.Иномов (исм-фамилиялар ўзгартирилди) «Н» савдо комплекси унитар корхонасига нисбатан судда даъво қўзғади. Даъвода иш берувчи уни ноқонуний равишда ишдан бўшатгани айтилиб, лавозимига тиклаш ва мажбурий бекор юрган кунлари учун пул ундириш сўралади.
Аниқланишича, Қ.Иномов «Н» савдо комплекси унитар корхонасида аввалига ўриндошлик асосида ҳуқуқшунос вазифасида ишлаган. Кейинги икки йилда эса ушбу лавозимни тўлақонли адо этиб келган.
У ва раҳбар ўртасида «оламушук» ўтгач, иш берувчи унинг «жавобини бериш» ҳаракатига тушади. «Ўз хоҳишига кўра» кетмаслигига амин бўлгач, ишдан бўшатишнинг чораларини излашга тушади. Яъники, раҳбар ўз ўринбосари ва яна бир ходими томонидан тузилган «Қ.Иномов икки ойдан бери ишга гоҳ келиб-гоҳ келмай юргани ҳақида далолатнома»ни асос қилган ҳолда тегишли буйруқ чиқаради. Шу билан «қулоқсиз ва закунчи ходим»дан қутилади гўё...
Бироқ Қ.Иномов аноийлардан эмас. Ҳуқуқшунос бўлатуриб, ўз ҳуқуқини ҳимоя қила олмайдими?
Аввалига фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди унинг даъвосини рад қилди.
Ўз навбатида, Қ.Иномов ушбу ҳал қилув қароридан норози бўлиб, кассация шикояти билан юқори инстанцияга мурожаат қилди.
Хўш, иш берувчи меҳнат шартномасини бекор қилишда қонуний йўл тутганми? Йўқда, йўқ...
Меҳнат кодексининг 101-моддасида жамоа келишуви ёки жамоа шартномасида меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш учун касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимлар бошқа вакиллик органининг олдиндан розилигини олиш назарда тутилган. Бу розиликни олмай туриб, меҳнат шартномасини бекор қилишга йўл қўйилмайди.
Аниқланишича, "Н" савдо мажмуаси унитар корхонаси ишчи ходимлари умумий йиғилишининг тегишли баённомасига кўра, ушбу мажмуа ходимларининг касаба уюшмаси тузилган. Мазкур унитар корхона 2017 йил 7 январда вилоят савдо комплекслари касаба уюшмасининг жамоа шартномасига қўшилган. Аммо биринчи босқич суди Қ.Иномов билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилишда касаба уюшмасининг розилиги олинмаганига эътибор бермаган.
Бундан ташқари Адлия вазирининг 2017 йил 28 февралдаги буйруғига асосан, юридик хизмат ходимини лавозимга тайинлаш ва озод қилиш адлия идоралари билан келишилган ҳолда ҳал қилиниши керак. Бироқ Қ.Иномов билан меҳнат шартномасини бекор қилишда ана шу тартибга ҳам риоя қилинмаган.
Олий суд Пленумининг 1998 йил 17 апрелдаги "Судлар томонидан меҳнат шартномаси (контракти) ни бекор қилишни тартибга солувчи қонунларнинг қўлланилиши тўғрисида"ги қарори 16-бандида иш берувчининг ташаббусига кўра, меҳнат шартномасини бекор қилишнинг қонунийлигига оид низоларни ҳал қилишда судлар Меҳнат кодексининг 100-моддаси 2-қисмида белгиланган шарт ва тартибга риоя этилган-этилмагани, ходим иш берувчи томонидан тегишли асосга кўра, меҳнат шартномасини бекор қилмоқчи бўлгани тўғрисида огоҳлантирилган ёки хабардор қилинган ёхуд хабардор қилинмаганини аниқлаши шарт.
Юқорида баён қилинган ҳолатда эса, иш берувчи томонидан меҳнат шартномаси бекор қилинаётганидан Қ.Иномов қонуний тартибда хабардор қилинмаган.
Меҳнат кодексининг 112-моддасида ишга тикланганда иш берувчига ходимга етказилган зарарни қоплаш мажбурияти юклатилиши аниқ ёзиб қўйилган. Мазкур кодекснинг 275-моддасига кўра, ишга тикланганда иш берувчи томонидан ходимга мажбурий прогул вақти учун ҳақ тўланиши шарт.
Шу каби меҳнат шартномаси бекор қилингани ёки ходим бош¬қа ишга ўтказилгани устидан шикоят қилиш билан боғлиқ қўшимча харажатлар учун компенсация тўланади. Ана шу маънавий зарар учун тўланадиган компенсациянинг миқдори суд томонидан белгиланади. Бироқ бу миқдор ходимнинг ойлик иш ҳақидан кам бўлмаслиги керак.
Кассация инстанцияси суди юқорида қайд этилган қонун талабларидан келиб чиқиб, биринчи босқич судининг ҳал қилув қарорини бекор қилди. Шу баробарида янг мазмундаги ҳал қилув қарори қабул қилиб, даъвогар Қ. Иномовнинг жавобгар Н. савдо комплекси унитар корхонасига нисбатан буйруқни бекор қилиш, ишга тиклаш, мажбурий прогул вақти учун иш ҳақи ва маънавий зарар ундириш ҳақидаги даъво аризасини қаноатлантирди.
Энди хулоса қилсак. Хулосамиз қисқа ва лўнда: ўз ҳуқуқингизни билинг, "закунчи" бўлсангиз янада аъло. Зеро, жамият шундай инсонлар билан тараққий топади. Вассалом.
Байрамали НОРОВ,
фуқаролик ишлари бўйича
Самарқанд вилоят суди
раисининг ўринбосари
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter