«Водийлик бўлганимиз айбимизми?» — Расмий муносабат
2021 йил 28 май куни интернет тармоғида «Водийлик бўлганимиз айбимизми?» сарлавҳали видео тарқалиб, унда йўл ҳаракати қатнашчилари ва Тошкент шаҳар ИИББ ходимларининг келишмовчиликлари акс этган. Тошкент шаҳар ИИББ мазкур факт бўйича қуйидагиларни маълум қилади.
Видеога туширилган ҳолат 25 май куни тахминан соат 3:00 да Тошкент шаҳар Чилонзор тумани «Эркин» ЙПХ постида рўй берган. Мазкур постда Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари пойтахтга кирмоқчи бўлган «Chevrolet Tracker» русумли (давлат рақами 60 С 355 РА) автомобилни тўхтатишган. Ҳайдовчи ва уч нафар йўловчилар текширилиб, автомобиль салони хизмат ити ёрдамида текширилганига фуқаролар норозилик билдириб, ҳолатни видеога туширишни бошлашган. Видеога тушириш давомида улар одоб доирасидан чиқиб, масофа сақламасдан ва ўзаро ҳурмат билан мулоқот қилишдан бош тортишган.
Тошкентга киришдаги постлар ва блок-постлардаги текширувлар «Қорадори» ва «Тиғ» махсус тадбирлар доирасида ўтказилиб, улар давомида гиёҳвандлик моддалар ва совуқ ҳамда жанговар қуролларни аниқлашга қаратилган. Текширувлар минтақавий мансублик сабабли ўтказилиши билан боғлиқ айбловлар асоссиз бўлиб, расмий ресурсларимизда пойтахт автомобиллари ҳам текширилиши ҳақида маълумотлар етарлидир. Мазкур тадбирларнинг бошидан буён пойтахтда тақиқланган моддалар тарқалишининг олди олиниб, совуқ қуроллар мусодара қилинмоқда. Бу каби тадбирларни ўтказишнинг муҳимлигида шубҳа йўқ ва биз уларнинг фуқаролардан буни тушунишларини илтимос қиламиз.
Текширув давомида Тошкент шаҳар ИИББ Кинология хизмати итининг қўлланилиши тўғрисида баённома тузилиб, холислар иштироки ҳам таъминланган. Текширув ҳайдовчи ёки йўловчилар томонидан қоидабузарликни аниқламаганлиги сабабли, уларнинг ҳужжатлари қайтариб берилган.
Тошкент шаҳар ИИББ раҳбарияти томонидан юқоридаги ҳолат бўйича хизмат давомида бодикамеранинг ёқилгани ҳамда инспекторлар томонидан мулоқот давомида қонунбузарликка йўл қўйилганини текшириш мақсадида хизмат текшируви ўтказиш топшириғи берилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter