«Умид автолизинг»нинг навбатдаги «қурбони»: «Дамас»га тўланган пул қайтариб берилди
Сўнгги пайтларда «Умид автолизинг» МЧЖга алданиб пулини ололмаётганлар ҳақида оммавий ахборот воситаларида ёритилиб, бошқаларни бундай ёлғонлар қурбони бўлмасликка чорловлар кўп янграмоқда, деб хабар берди Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси матбуот хизмати.
Қайд этилишича, «бемаза қовуннинг уруғидай» бутун республика миқиёсида ўз бўлимларини очган «Умид автолизинг»га автомобил олиш учун тўлов қилаётганлар камайгани йўқ.
«Ҳамма ҳам ўзи, оиласи учун автомашина олишни орзу қилади...бироқ бугун ёлғончилик ниқобини бошқаларга сездирмаётганларга чув тушиш оғир албатта. Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси имкон борича «Умид автолизинг»дан алданиб қолаётганларни ҳимоя қилишга ҳаракат қилмоқда. Аммо юзлаб инсонлар муаммосини бир зумда ҳал этиш имкони йўқ», дейилади феедерация матбуот хизмати хабарида.
Қарши шаҳар Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига Сурхондарё вилояти, Шеробод туманида яшовчи Саидов Собирали мурожаат қилиб, 2018 йил 31 январь куни «Умид автолизинг» МЧЖ билан «Дамас» автомашинасини лизинг асосида сотиб олишга келишиб, бошланғич аванс тўлови ўттиз бир миллион олти юз минг сўм тўлаб, шартнома имзолаганини билдирган. Аммо бугунга қадар у автомашинани ҳам, бошланғич тўлов учун тўлаган пулини ҳам қайтариб ололмаган.
Унинг мурожаати асосида ўрганиш ишлари олиб борилган ва саъй-ҳаракатлар бежиз кетмаган. Собирали Саидовга «Дамас» автомашинаси учун тўлаган 31600000 сўм маблағи тўлиқ қайтариб берилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter