Ота ўғлининг қилмишини кўтара олмай вафот этди (видео)
Тошкент шаҳар, Олмазор туманида жойлашган 261-сонли умумтаълим мактабининг икки нафар 11-синф ўқувчиси Тошкент меҳмонхона хўжалиги ва сервис касб-ҳунар коллежининг 2-босқичида таҳсил олувчи дўсти билан катта миқдордаги пулларни ўғирлаб, кўнгилхушликка сарфлаб юборишган. Бу ҳақда «Sevimli» телеканалида махсус лавҳа намойиш этилди, деб хабар берди «Uznews».
Ўқувчилардан бири яқин қариндоши бўлган аёлнинг уй олиш учун пул тўплаб юрганини шерикларига айтиб, ўғрилик режасини тузган. Улар жабрланувчининг уйига кириб, аёл йиллаб тўплаган 22 минг АҚШ доллари ва 15 миллион сўм миқдоридаги пулларини ўғирлашган.
Уч ўсмир ўғирланган пулларни шаҳарнинг машҳур ресторанларига бориш, iPhone 6 русумли 3та телефон сотиб олиш ва савдо-кўнгилочар марказидан кийим харид қилишга сарфлашган. Шунингдек, уларнинг бири отаси номига ВАЗ 2111 русумли автомобиль, бири эса зотдор ит сотиб олган.
Ўғирланган пул тугаганидан сўнг, улар навбатдаги жиноятни содир этишга келишишади. Қўшнининг уйига кириб, ноутбук, техника буюмларини ва ҳатто қимматбаҳо атирларигача ўғирлашади.
Видеолавҳада айтилишича, ўсмирларнинг ўйламай қилган бу қилмиши уларнинг оилаларига қимматга тушди. Улардан бирининг ота-онаси ўз уйини жабрланувчи номига расмийлаштириб беришади. Яна бир айбланувчининг отаси эса ўғлининг қилмишини кўтара олмай, суд йиғилишидан кейин вафот этади.
Олмазор тумани жиноят ишлари бўйича судьяси Муса Юсупов сайёр судни болалар ўқиган мактабда ўтказади. Айбланувчиларнинг ёши, аввал судланмаганлиги ва зарар қопланганлиги, жабрланувчиларнинг даъвоси йўқлиги ҳисобга олиниб, уларга озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter