Тошкентда етти босқинчи қўлга олинди (видео)
Шу йилнинг 3 декабр куни 7 нафар шахс Тошкент шаҳар Юнусобод тумани Отчопар маҳалласидаги хонадонларнинг бирига босқинчилик учун киришди.
Қайд этилишича, босқинчилар кирган вақтда хонадонда бир аёл бўлган. Жиноятчилар унинг оёқ-қўли ва оғзини «скотч»да боғлаб, пичоқ билан таҳдид қилган ҳолда моддий бойликлари қаерда эканини сўрашган.
Сейф ётоқхонадалигини аниқлашган ва уни ўзлари билан олиб кетишаётганда, уйга жабрланувчининг икки қизи келиб қолган. Босқинчилар қизларни ҳам қўрқитиб, зўрлик билан уйга олиб киришади ва уларни ҳам боғлаб кетишади.
Воқеа жойидан хонадон эгасининг қизига тегишли «Жентра» русумли автомобилда қочишади.
Ҳодисадан кўп ўтмай, 7 нафар жиноятчининг барчасини аниқланиб, қўлга олинган.
Уларга нисбатан Жиноят кодексининг 164-моддаси 4-қисми «А» банди (босқинчилик), 267-моддаси 2-қисми «Б» ва «В» бандлари (транспорт воситасининг бир гуруҳ шахслар томонидан олиб қочилиши) билан айблов эълон қилинди ҳамда қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланди.
Аниқланишича, жиноятга бошчилик қилган шахс бундан бир неча ой аввал шу уйда таъмирлаш ишларини бажарган уста бўлиб чиққан.
Тошкент шаҳар ИИББнинг маълум қилишича, ўғирланган пул 15 минг АҚШ доллари миқдорида бўлган ва айни пайтда етказилган зарарнинг бир қисми қопланган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter