Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Tashkent Law Spring» форуми кун тартибидаги мавзу маълум қилинди

«Tashkent Law Spring» форуми кун тартибидаги мавзу маълум қилинди

Фото: Адлия вазирлиги матбуот хизмати

Жорий йилнинг 25—27 апрель кунлари Тошкентда мустақил Ўзбекистон тарихида илк бор Адлия вазирлиги томонидан қатор ҳамкор ташкилотлар билан ҳамкорликда ташкил этилаётган «Tashkent Law Spring», яъни «Тошкент ҳуқуқ баҳори» халқаро юридик форуми бўлиб ўтади. Кун тартибидаги асосий мавзу «Ҳуқуқ жадал модернизация даврида»дир.

Бу ҳақда 2019 йилнинг 4 март куни бўлиб ўтган пресс-брифинг чоғида форум ташкилий қўмитаси миллий ва хорижий ОАВ вакилларига бўлиб ўтажак тадбирнинг асосий мақсад ва вазифалари хусусида маълумот берди.

Форум доирасида давлат органлари, халқаро, миллий ва хорижий юридик ва консалтинг ташкилотлари мутахассислари, илмий ва эксперт доиралари вакиллари жадал модернизация даврида ҳуқуқни ривожлантиришнинг сўнгги тенденцияларини муҳокама қилиш, замонавий юридик илм-фани ва амалиётининг долзарб масалалари бўйича фикр алмашиш имконига эга бўлади.

Адлия вазирлиги, Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарига кўра,  форумда давлат ва бизнес-тузилмалар, дунёнинг йирик компаниялари вакиллари инвестициявий ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари муҳокама этилади. 

Дастурдан Ўзбекистон сармоя муҳити тақдимоти, мавзуга доир маҳорат дарслари ва давра суҳбатлари ўрин олади. Тадбир доирасида «Йилнинг энг яхши адвокати», «Йилнинг энг яхши адвокатлик тузилмаси», «Йилнинг энг яхши корпоратив юридик хизмати» каби номинациялардаги танлов ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтади.

Спикерлар сифатида Вена халқаро арбитраж маркази бош котиби Элис Фремут-Вольф, Америка-Ўзбекистон савдо палатаси раиси, «White & Case» халқаро юридик фирмаси ҳамкори Керолин Лэмм, БМТТД Коррупцияга қарши курашиш глобал дастури маслаҳатчиси Анги Тимилсин ва бошқа халқаро экспертлар иштирок этиши кутилмоқда.

Махсус яратилган tashkentlawspring.uz сайтида иштирокчиларни онлайн рўйхатга олиш амалга оширилмоқда. Ҳозирга қадар дунёнинг турли мамлакатларидан 300 га яқин ариза келиб тушди.
Форум тадбирлари ўзбек, инглиз ва рус тилларида олиб борилади.

Пресс брифингда таъкидланишича, шунга ўхшаш тадбирлардан Форумнинг энг асосий фарқи унда ҳар қандай шахс сайтда рўйхатдан ўтиш орқали иштирок этиши мумкин. Яъни тингловчилар доираси эса чекланмаган.

Тингловчилар сифатида қўшни мамлакатлар Қозоғистон, Қирғизистон, Афғонистон, шунингдек россиялик мутахассислар ҳам рўйхатдан ўтаётганини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим. Яъни, Форумга қизиқиш хорижий мамлакатларда ҳам ошиб бормоқда.

Форумда қатнашиш пуллик бўлиб, унинг сайтида иштирок этиш шартлари келтирилган. Хусусан, унда иштирок этиш истагида бўлганлар учун икки хил пакетда, яъни «тўлиқ пакет» ва «махсус пакет»лар асосида тўловни амалга оширишлари мумкин.

«Тўлиқ пакет» нинг баҳоси – 3 000 000 сўм (2019 йилl 25 мартгача рўйхатдан ўтилганда – 2 500 000 сўм);

«Махсус пакет»нинг баҳоси – 1 100 000 сўм.(2019-йил 25-мартгача рўйхатдан ўтилганда – 900 000 сўм).

Корпоратив тартибда рўйхатдан ўтадиганлар учун имтиёзлар белгиланган.

Бунда «Махсус пакет» фақатгина Форумнинг ишчи тадбирларида қатнашишни назарда тутса, «Тўлиқ пакет» ишчи тадбирларидан ташқари кечки овқат базмида ҳам иштирок этишни назарда тутади.

Форумни пуллик форматда ўтказиш тўғрисида қарор кўплаб хорижий давлатларда шунга ўхшаш тадбирларни ўтказиш тажрибасидан келиб чиқилди.

Мақсад – Форумни ўтказишдан пул топиш эмас, аксинча хорижий маърузачиларни таклиф қилиш, тарқатма материаллар тайёрлаш, узлуксиз кофе-брейк ва тушлик ташкиллаштириш билан боғлиқ харажатларни қисман қоплаш ҳисобланади.

Иккинчидан, ҳар бир тадбирда қатнашишнинг қадри бўлиши керак. Форум ташкилотчилари учун муҳими шуки, ҳар бир рўйхатдан ўтаётган шахс Форумда иштирокидан қўшимча билим олишни, нимадир ўрганиб кетишни, дунёқарашини кенгайтиришни, яъни бир сўз билан айтганда ўз малакасини оширишни мақсад қилиши лозим.

Брифинг давомида жорий йилнинг 1 мартидан бошлаб «Tashkent Law Spring» форумида иштирок этиш ва ёритиш учун миллий ва хорижий ОАВлар вакилларини аккредитациядан ўтказиш бошланди. Аризаларни қабул қилишнинг сўнгги муддати — 15 апрель. Аккредитациядан ўтиш қоидалари билан халқаро юридик форумнинг расмий сайтида батафсил маълумотлар келтирилган.

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг