Тамаки маҳсулотининг ноқонуний олди-сотдиси ўсиб бормоқда
Ноқонуний тамаки маҳсулотлари билан савдо қилиш даражаси ўсиб бормоқда. Тошкентнинг ўзида жорий йил январдан майга қадар кўрсаткичлар 1,5 баробардан зиёдга ўсган ва 15,3%ни ташкил қилиб турибди.
2022 йил биринчи чорагида давлат бюджети йўқотишлари аллақачон 100 млрд сўмни ташкил қилди. Давлат солиқ қўмитасининг бош солиқ инспектори Аҳмадбек Файзиев томонидан қайд этилишича, 13 июндан эътиборан бу борадаги ҳуқуқбузарликларга нисбатан маъмурий чоралар кўрилмоқда.
«Ўзбекистон қонунчилигига кўра, 13 июндан бошлаб тамаки, алкогол ва пиво маҳсулотини рақамли маркировкалаш меъёрларини бузганлик учун маъмурий чоралар (мансабдор шахсларга 100 БҲМ миқдорида жарима, сотганлик учун охирги чоракда олинган тушумга тенг миқдорда жарима) кўзда тутилган. Бундай замонавий таъсир чоралари контрабанда ҳолатларининг олдини олишга қаратилган бўлиб, бозорда тамаки, алкогол ва пиво маҳсулотининг қонуний айланмасини таъминлайди», — деди Аҳмадбек Файзиев.
Эслатиб ўтамиз, тамаки маҳсулотининг ноқонуний олди-сотдиси маҳсулот мусодараси билан бирга 50 БҲМ ва ундан юқори миқдорда жаримага сабаб бўлади.
Такрорий қонунбузарлик ёки салмоқли ҳажмдаги ноқонуний олди-сотди учун эса қуйидагилар кўзда тутилган:
- жиноий жавобгарлик ва 54 млн. сўмдан бошланадиган жарима;
- ахлоқни тузатиш ишлари;
- 2 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш ёки чеклаш.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter