Судьяни тикка ҳақорат қилган шахсга ҳукм ўқилди
Қарор ўқиб эшиттирилиши ҳамоно суд залининг ўзида судьяни тикка ҳақорат қилган шахсга нисбатан ҳукм ўқилди.
Воқелик шу йилнинг ёзида фуқаролик ишлари бўйича Андижон туманлараро суди рўй берди. Фарзандини ўз қарамоғига олиб бериш даъвоси билан судга мурожаат қилган Азиз Норматовнинг (исм-фамилия ўзгартирилди) муроди ҳосил бўлмайди. Суд унинг даъвосини рад қилиб, вояга етмаган фарзандини онаси қарамоғида қолдиришни лозим топади.
Бундан жаҳли чиққан Азиз эндигина ҳал қилув қарорини ўқиб, тарафларга унинг мазмунини тушунтиришга чоғланган фуқаролик ишлари бўйича Андижон туманлараро суди судьясини тикка ҳақорат қилишга тушади. Оғзидан боди кириб-шоди чиқаётган А. Норматовни ўша ердагилар тинчлантиришга ҳаракат қилади. Бироқ қилинган ҳаркатлар таъсир қилмайди.
Судьяни хизмат жойида илонлар пўст ташлайдиган оҳангдаги ҳақоратларга кўмган А. Норматов қачонки устидан жиноят иши қўзғатилиб, иши судга оширилгач, мулла минган айғирдек «ўзига келади». Бироқ, энди кеч...
Суд ўзини номардларча тутган Азиз Норматовни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 140-моддаси 3-қисмининг «а» бандида (жабрланувчини ўз хизмат ёки фуқаролик бурчини бажариши муносабати билан боғлиқ ҳолда ҳақорат қилиш) назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топди. Ва унга 1 (бир) йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
Эслатиб ўтамиз, биринчи босқич судининг қарори «қарор – қатъий, шикоятга ўрин йўқ!» дегани эмас. Суд қароридан норози бўлган одам эътирозини шикоят шаклида юқори инстанцияга билдириши мумкин. Бунда ҳеч қандай моънелик йўқ. Норозиликни шикоят эмас, ҳақорат шаклида ифода этишнинг натижасини эса кўриб турибсиз...
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter