Судга келган ҳар «дело» «15 сутка» эмасдур...
Ўзбекистон Республикаси Олий суд матбуот хизмати жорий йилнинг апрель ойида МЖтКнинг (маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси) 54-моддаси (эпидемияларга қарши курашиш қоидаларини бузиш), 183-моддаси (майда безорилик), 194-моддаси (ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) ва 195-моддаси (ички ишлар органлари ходимларининг ўз хизмат бурчларини бажаришларига қаршилик кўрсатиш) билан неча нафар инсон жавобгарликка тортилганини эълон қилди.
Бунинг натижасида 2 697 нафар шахсга нисбатан жами 2 488 112 816 сўм миқдорида жарима жазоси тайинланган бўлса, 1 282 нафар шахсга маъмурий қамоқ жазоси қўлланилган.
Қайд этиш керак, судга келган ҳар «дело» жарима ёки маъмурий қамоқ жазоси тайинланиши билан ниҳоясига етаётгани йўқ.
Ўтган ойда «оёғи ерга теккизилмай» судга келтирилган 92 нафар шахс МЖтКнинг 21-моддаси тартибида (ҳуқуқбузарликнинг кам аҳамиятлилиги сабабли маъмурий жавобгарликдан озод қилиш) жавобгарликдан озод этилиб, огоҳлантирилиш билан қутулган бўлса, яна 52 нафарининг хатти-ҳаракатларида маъмурий жавобгарлик аломатлари бўлмагани сабаб уларга нисбатан юритилган ишлар тугатилган.
Кўринадики, судлар томонидан жавобгарликка тортилмай огоҳлантирилган (92 нафар) ва айбсиз деб топилганлар (52) сони оз эмас: жами 144 нафар!
Пандемия шароитида қайд этилган ҳуқуқбузарликларнинг аҳамияти маълум. Шу маънода ҳуқуқбузарликнинг «кам аҳамиятлилиги» деган меъёр кўпда қўлланмаслигининг эҳтимоли катта. Демак, 92 нафар фуқарони огоҳлантириш билан чеклангани судларнинг муруввати билан эмас, очилган ишларнинг қуввати пастлигини билан изоҳлаш тўғридай. Эллик икки нафар фуқаронинг судда айбсиз деб топилиши эса айрим ички ишлар ходимларининг шошма-шошарлик билан «дело» қўзғатганини англатди, чоғи... Зеро, қонун билан «михлаб ташланган» ишлар судларда «синмаслиги» тайин.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter