«Рустам Усмоновнинг иши» («Рустамбанк») Олий судда кўрилиши мумкин
Ўз даврининг йирик тадбиркори, Ўзбекистондаги илк хусусий банк — «Рустамбанк» асосчиси Рустам Усмонов ўзига оид жиноят иши бўйича ижтимоий тармоқлар орқали қилган баёнотига Олий суд матбуот хизмати изоҳ берди.
Маълумки, Р. Усмонов жазони ижро этиш муассасаларида энг узоқ «ўтирган» шахс ҳисобланади. У жиноят ишлари бўйича Андижон вилоят судининг 1998 йил 19 октябрдаги ҳукми билан Жиноят кодексининг 165-моддаси (товламачилик) 3-қисми «а» банди, 177-моддаси (валюта қимматликларини қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказиш) 3-қисми «а» банди, 205-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) 2-қисми «а» банди ва 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) 1-қисми «а» банди билан айбдор деб топилиб, мол-мулки мусодара қилинган ҳолда 14 йил озодликдан маҳрум қилинган.
Мазкур ҳукм Олий суднинг 1999 йил 8 февралдаги ажрими билан ўзгартирилиб, айрим моддалар қайта квалификация қилинади, бироқ тайинланган жазо ўзгаришсиз қолдирилади. Маҳкум 2012 йил 1 февраль куни жиноят ишлари бўйича Қўнғирот туман судида ҳам суд қилиниб, Жиноят кодексининг 221-моддаси (жазони ижро этиш муассасаси маъмуриятининг қонуний талабларига бўйсунмаслик) 2-қисми билан айбдор деб топилиши натижасида яна 5 йил 1 ой муддатга «кесилади».
Ниҳоят, 19 йил деганда Р. Усмонов (2017 йил, 7 февраль) жазо муддати тугаши билан озодликка чиқади.
Олий суд матбуот хизматига кўра, Р. Усмонов ўзига чиқарилган суд қарорларига нисбатан тегишли тартиб бўйича мурожаат қилмаган. Агар у Олий судга назорат тартибида шикоят қилса, барча важлари атрофлича муҳокама қилинади ҳамда якуни бўйича тегишли қарор чиқарилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter