Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Қашқадарёда «чириган картошка машмашаси» ёпилгани йўқ. МИБ суд қарори ижросини пайсалга солмоқда

Қашқадарёда «чириган картошка машмашаси» ёпилгани йўқ. МИБ суд қарори ижросини пайсалга солмоқда

Фото: «Kun.uz»

Ўтган йилнинг ёзида Қашқадарёда фермерларга чириган картошка уруғликлари сотилаётгани юзасидан эътирозлар юзага келганди. Ўшанда Қашқадарё вилоятининг айрим туманларида картошка етиштириш бўйича Президент қарори чиққанидан сўнг, «EGOIST AST» МЧЖ таъминотчиликни қўлга киритади, бироқ ўз мажбуриятини бажармайди. Бу орада фермерлар ихтиёрий-мажбурий тартибда ушбу МЧЖ ҳисобига банк кредитлари орқали пул ўтказиб беришади. Орадан анча вақт ўтди, айрим фермерлар судда ютиб ҳам чиқишди. Бироқ улар ҳанузгача ўз маблағларини қайтариб олишгани йўқ.

Прокуратура жиноят иши очади

Шов-шув кўтарилгач, ҳолатга прокуратура аралашиб, Шаҳрисабз ва Яккабоғ туманларидаги 656 нафар фермер хўжаликларига «EGOIST AST» МЧЖ томонидан 44,8 млрд сўмлик 6400 тонна картошка уруғлигини етказиб бериш бўйича шартномалар имзолангани, бунинг учун 23,6 млрд. сўм пул кредит маблағлари МЧЖ ҳисоб рақамига ўтказилганини аниқлаганди.

Ўрганишда «EGOIST AST» МЧЖ томонидан Россиянинг «Альтекс» МЧЖдан олиб келинган 498 тонна картошка уруғлигидан 394 тоннаси яроқсиз деб топилгани, 104 тоннасига мувофиқлик сертификати берилгани ва 60 тонна «Удача» навли картошка уруғлигини Ўзбекистон ҳудудида экиш белгиланмагани маълум бўлган.

Ҳолат юзасидан Бош прокуратура томонидан 06.07.2020 йилда «EGOIST AST» МЧЖ раҳбари А.Сафаровга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 167-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилаётгани қайд этилганди.

Тергов якуни бўйича ҳали батафсил ахборот берилмаган.

Суд қарори фермерлар фойдасига бўлди

Ўтган йилнинг 3-4 ноябрь кунлари Қарши туманлараро иқтисодий суди Яккабоғ туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши томонидан даъвогарлар — 14 нафар фермер хўжаликлари манфаатида жавобгар «EGOIST AST» МЧЖ га нисбатан картошка уруғи учун ўтказилган «асосий қарзни ундириш тўғрисида»ги даъво ишини кўриб чиқди.

Суд ишида келтирган фактларга асосланиб даъвогарлар, яъни 14 нафар фермер хўжаликлари фойдасига қарор қабул қилинди.

Ҳалигача ижродан дарак йуқ

Ўша судда Яккабоғ туманидан даъвогар «Сирож-ул Искандар» фермер хўжалигига жавобгар «EGOIST AST» МЧЖ ҳисобидан 63.000.000 сўм асосий қарз ва 18.000 сўм почта харажати ундириш бўйича Қарши туманлараро иқтисодий судининг 2020 йил 4 ноябрдаги ҳал қилув қарори чиқарилган.

Суд қарори қонуний кучга киргач, ижро ҳужжати онлайн тарзда Мажбурий ижро бюроси Қарши шаҳар бўлимига ижро этиш учун киритилган бўлса-да, лекин ҳалигача ижродан дарак йўқлиги ҳақида таҳририятга мурожаат келиб тушди.

Қайд этилишича, ижронинг ўз вақтида бажарилмаётгани ва сансалорликка солиб келинаётгани оқибатида фермер хўжаликларига катта зарар етмоқда.

Гап шундаки, 2020 йилнинг июн-июл ойлари Қарши шаҳрида жойлашган «EGOIST AST» МЧЖ билан уруғлик картошка олиш учун шартнома тузилиб, «АГРОБАНК» АТБ Яккабоғ филиали томонидан 22,5 фоизли кредит очилиб, шартномада кўрсатилган барча пул маблағлари ўз вақтида «EGOIST AST» МЧЖ ҳисоб рақамига ўтказиб берилган. Бироқ етказиб берувчи томонидан тавсия этилган маҳсулот сифатсиз ва экиш учун мутлоқо яроқсиз эканлиги сабаб, фермерлар уруғлик картошкани қабул қилишмаган.

Бу орада «EGOIST AST» МЧЖ на сифатли маҳсулот етказган, на фермерларга ўтказилган пулни қайтариб берган. Оқибатда банк томонидан ажратилган кредитга ҳар ой фоиз ҳисобланиб, фермерларга йўқ жойдан моддий зарар етказмоқда.

Емаган сомсага пул тўлаш

Фермерларнинг «EGOIST AST» МЧЖдан тегишли маблағларни қайтаришда ва етказилаётган моддий зарарни қоплаб беришда ёрдам сўраб қилинган мурожаатлари ҳанузгача ижобий ҳал бўлмаяпти. На суд қарори ижро этилади, на уларнинг арзи-доди эшитилади.

Чириган картошка уруғи учун катта миқдорда пул тўлаб қўйган, камига яна ҳар ой фоиз тўлаб силласи қуриётган фермерлар бу мавсумда ўзини тиклай оладими-йўқми — бу ҳам масала. Оғир пандемия шароитида халқни озиқ-овқат билан таъминлаганлар — шу фермер ва деҳқонлар эмасмиди? Рағбат ўрнига куппа-кундузи уларнинг «бурни қонатилсаю», вазиятдан фойдаланиб чўнтагини қаппайтирганлар бир четда тишини кавлаб томоша қилиб ўтирса...

Ҳар ҳолда бу вазиятда фермер ўз хоҳиши ва қўли билан пулни қайсидир фирибгарга олиб бориб бермаган. Таъминотчини ҳам улар танлашмаган. Фермердан «план» талаб қиладиган ҳокимият, уларнинг ҳуқуқини ҳам таъминлаб қўйса, адолатли бўларди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг