Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Прописка масаласи: фуқароларни рўйхатга қўйишдаги чекловлар бекор қилинди

Прописка масаласи: фуқароларни рўйхатга қўйишдаги чекловлар бекор қилинди

Фото: «Xabar.uz»

Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 13-моддасига мувофиқ,  ҳар бир инсон ҳар бир давлат доирасида эркин юриш ва яшаш жойи танлаш ҳуқуқига эга.

Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги пактнинг 12-моддасида бирор-бир давлат ҳудудида қонуний равишда бўлган ҳар бир киши ушбу ҳудуд доирасида эркин кўчиб юриш ва яшаш жойини танлаш ҳуқуқига эгалиги белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 28-моддасида Ўзбекистон Республикаси Фуқаросининг Республика ҳудудида бир жойдан иккинчи жойга кўчиш, Ўзбекистон Республикасига келиш ва ундан чиқиб кетиш ҳуқуқи назарда тутилган.

Шунингдек, Конституциянинг 16 ва 19-моддаларига кўра, бирорта ҳам қонун ёки бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжат Конституция нормалари ва қоидаларига зид бўлмаслиги, шунингдек фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликларидан суд қарорисиз маҳрум этишга ёки уларни чеклаб қўйишга ҳеч ким ҳақли эмаслиги белгиланган.

Бироқ, айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда фуқароларнинг доимий рўйхатга қўйилган жойига қараб уларнинг бир қатор ҳуқуқларини чекловчи нормалар мавжуд эди.

Шу жиҳатдан олиб қараганда, яқинда қабул қилинган “Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар — Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш ҳақида”ги Қонун билан фуқароларга республикамизнинг бир ҳудудидан бошқа ҳудудига эркин кўчиб ўтиши, яшаш учун кўчмас мулк сотиб олиш борасидаги чекловларни бекор бўлиши, фуқароларнинг бу борадаги ҳуқуқларини реал таъминлаш имкониятини яратиб берди.

Эндиликда, қариндошлар — ўзларининг тўғри шажара бўйича биринчи ва иккинчи даражадаги қариндошларининг доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган уй-жой майдонига ёки хусусий мулки бўлган бошқа уй-жой майдонига доимий рўйхатда туриши мумкин бўлди.

Шунингдек, васийлик ва ҳомийликдаги шахслар ҳамда оилага тарбияга олинган (патронат) болалар — васий (ҳомий), тутинган ота-онаси доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган уй-жой майдонига доимий рўйхатдан ўтиши мумкин.

Бундан ташқари, қонунчиликда эр (хотин) — хотини (эри) доимий прописка қилинган уй-жой майдонига, башарти камида бир йил биргаликда яшаётган бўлса доимий рўйхатга қўйилиши, агарда Тошкент шаҳрида ёки Тошкент вилоятида доимий прописка қилинганидан сўнг бир йил ичида никоҳ бекор қилинган тақдирда, эр (хотин) Тошкент шаҳрида ёки Тошкент вилоятида олинган доимий пропискани йўқотиши ҳақидаги нормани мавжудлиги ҳам - оила масалаларини ҳал этишдаги эркак ва аёлнинг муносабатларига маълум бир даражада давлат аралашуви сифатида қараб келинаётган эди.

Қабул қилинган қонунга кўра, эр-хотиннинг никоҳдан кейин 1 йил давомида биргаликда яшаш шарти ва 1 йил ичида никоҳ бекор қилинганда прописка йўқотилиши ҳақидаги қоидалар чиқарилиши ҳам оилавий муносабатларни тартибга солиш эркак ва аёлнинг ихтиёрий равишда никоҳланиб тузган иттифоқи, ички оилавий масалаларнинг ўзаро келишув йўли билан ҳал қилиниши ҳақидаги Оила кодекси нормаларига мувофиқ бўлди. 

Албатта, фуқароларни рўйхатга қўйишдаги чекловларни бекор қилиниши нафақат фуқароларнинг эркин ҳаракатланишига, балки ички меҳнат миграциясини ривожланишига, ишлаб чиқариш ва меҳнат унумдорлигини ошишига ҳам ижобий таъсир кўрсатиши шубҳасиздир.

Шерали Суюнов,
Адлия вазирлиги,
Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш
бошқармаси етакчи маслаҳатчиси

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг