Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистон ижтимоий давлат бўлиши керакми? (видео)

Ўзбекистон ижтимоий давлат бўлиши керакми? (видео)

Жорий йилнинг июнь ойида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси «Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини эълон қилди.

Лойиҳада асосий қонуннинг 64 та моддасига 200 дан ортиқ ўзгартишлар киритиш ҳамда 16 та нормани ўз ичига олган 6 та янги модда (прим-моддалар) қўшиш таклиф этилди. Хусусан, 1-моддадаги «Ўзбекистон — суверен демократик республика» жумласини «Ўзбекистон — суверен республика, ҳуқуқий, ижтимоий, дунёвий, демократик давлат», деган жумлага ўзгартириш таклиф этилган.

Хўш, Ўзбекистон ижтимоий давлат қурмоқчи бўлса нималарга эътибор қаратиши керак? Ижтимоий давлат ўзи нима, у нималарда намоён бўлади? Ижтимоий давлат қандай вазифаларни бажаради, уни социализмдан фарқи борми? Ушбу саволларга жавоб олиш мақсадида Xabar.uz мухбири сиёсатшунос Камолиддин Раббимов ва иқтисодчи Абдулла Абдуқодиров билан суҳбатлашди.

Ижтимоий давлат ўзи нима, у нималарда намоён бўлади?

Камолиддин Раббимов, сиёсатшунос:

 – Ўзбекистонда Конституциявий ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Конституциянинг биринчи моддасига «Ўзбекистон — суверен республика, ҳуқуқий, ижтимоий, дунёвий, демократик давлат», деган тушунча алоҳида киритиляпти. Бу моддада Ўзбекистон ижтимоий давлат бўлиши кераклиги урғуланмоқда. Ижтимоий давлат ниҳоятда катта тушунча. Бу тушунча охирги икки асрда Ғарб мамлакатларида давлатчиликнинг марказий характеристикасига айланди. Ижтимоий давлатнинг энг катта қадрияти — бу жамиятдаги тенглик. Лекин жамиятдаги тенгликнинг таъминлашнинг воситалари кўп. Яъни, тенгликни таъминлаш эркинлик орқали бўладими ёки эркинликни инкор қилган ҳолдами? XX асрда ғоявий кураш марказида тенглик турди. Тоталитар Совет иттифоқидаги марказий қадрият тенглик эди. Лекин бу тенгликни таъминлашда эркинлик мутлақ инкор қилинди. Масалан, Шимолий Корея ва Кубада энг катта қадрият — бу тенглик. Агар эътибор берилса, Ғарбий Европа давлатлари учун ҳам тенглик катта қадрият. Лекин Ғарбий Европада тенгликни таъминлашда эркинлик инкор қилинмайди. Яъни, эркинлик орқали тенглик таъминланади.

Ижтимоий давлатнинг социализмдан фарқи борми?

– Социализм билан социал-демократиянинг консептуал фарқи бор. Социализмда тенгликни таъминлашда эркинлик назарда тутилмайди. Ғарбий Европа мамлакатларида социал-демократия ва ижтимоий давлат тушунчалари кўпроқ ишлатилади. Ижтимоий давлатни таъминлашда жуда ҳам кўп моделлар мавжуд. Масалан, Дания, Швеция ва Норвегияда давлат ҳокимияти минимум. Яъни ижтимоий давлатда жамиятга максимал эркинлик берилади. Бу давлатларда фақатгина жуда заиф аҳоли қатламига давлат чекланган ҳолда ёрдам беради. Англа-саксон давлатларида солиқларни минимум ушлаб туриш, давлатнинг бозор иқтисодиётига аралашмаслиги, имкон қадар бозор эркин бўлиши ва давлат апаратининг кичкина бўлиши назарда тутилади. Скандинавия давлатларида ижтимоий ҳимоя жуда катта. Яъни, давлат ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламига бюджетдан катта миқдорда маблағ ажратади. Лекин бунинг ижросида нодавлат ташкилотлар кўпроқ роль ўйнайди.

Континентал Европада Германия ва Францияда ижтимоий ҳимоя жуда ҳам кучли. Давлат қўлидан келганича катта солиқ йиғади ва уни тақсимлашда давлатни ўзи иштирок этади. Яъни, бу давлатларда ижтимоий ҳимояни таъминлашда давлатни ўзи бевосита иштирок этади. Кўряпмизки, ижтимоий давлат концепцияси тарихий шаклланган анъаналарга қараб бир-биридан фарқ қилади. Ислом цивилизациясида ҳам ижтимоий ҳимоя назарда тутилган, лекин ижтимоий давлат эмас, ижтимоий жамият тушунчаси бор. Масалан, закот, одамларнинг бир-бирга ёрдам бериши, боқувчисини йўқотганларга ёрдам ва қўшничилик анъаналари мавжуд. Яъни, жамиятнинг ёрдамга муҳтож қатламини жамиятнинг ўзи ҳимоя қилиши назарда тутилган. Ижтимоий ҳимоя ва ижтимоий ёрдам тушунчалари Ислом цивилизациясида жудаям кучли. Жамиятдаги қашшоқлар ва камбағаллар синфининг камайтиришда Исломнинг ўзини чоралари бор.

Қозоғистон ва Россия Конституциясида ижтимоий давлат тушунчаси бор. Мана энди Ўзбекистон Конституциясига ҳам бу тушунча киритилмоқда. Саволингиздан келиб чиқиб, ҳали буни деталларини аниқлаштирамиз.

Абдулла Абдуқодиров, иқтисодчи:

– Мен ҳам иккита жиҳатга эътибор бермоқчи эдим. Ижтимоий давлат ҳақида гапирганимизда кўпроқ Европа мамлакатларини назарда тутамиз, лекин улар ҳам бу кунларга ўз-ўзидан келиб қолмаган. Агар тарихга бир назар ташласак, XII асрларга келиб Ғарбий Европада асосан катта-катта шаҳарлар асосий ролни ўйнаган, чунки шаҳарларда аҳоли зичлашган ва аҳолини ҳарбий тажовуздан ҳимоя қилиш имкониятлари бўлган. Шаҳарда аҳоли тўпланганидан кейин, аҳолида қандайдир умумийлик бўлган. Умумийликнинг энг керакли бўлган сифатларидан бири — бу ижтимоий ҳимоя. Буни бир одам ўзи учун ташкил қила олмайди. Яъни, демократияда биринчи навбатда ҳамма учун тегишли бўлган қадриятлар мавжуд бўлиши керак. Мисол учун, биринчи — ҳарбий тажовуздан ҳимоя, иккинчи — барча учун етарли бўлган ҳаёт шароити. Шаҳарда яшовчи ҳар бир инсонга ва шаҳарга кирганларга ўзига хос равишда талаблар қўйилган, яъни солиқлар ундирилган. Бу асосан Германиянинг Магдебург шаҳрида қўлланилган ва бу “Магдебург ҳуқуқи” деб номланган. Вақт ўтиши билан бу тушунча бошқа Европа давлатларига ҳам тарқалган. XIX асрга келиб, шаҳардаги умумий талаблар давлат миқёсига тарқатилган.

Россиянинг иқтисодий ривожланиш моделидаги энг катта хато — бу Россия элитаси ўзи учун энг керакли қадриятларни яратгани, лекин шундай қадриятлар борки, уни фақат жамият учун яратганингда сенга ҳам бир қисми тегиши мумкин. Масалан, ҳарбий тажовуздан ҳимоя, соғлиқни сақлаш, энергетика таъминоти, озиқ-овқат масаласи. Буларни бир оила ёки минг киши ўзи учун ҳал қила олмайди.

Нега бизда 30 йил ўтганидан кейин ижтимоий жамиятга интилиш пайдо бўлди? 90-йилларда ҳам, 2000 йилларда ҳам шу масалалар кўтарилган, бироқ бу масала давлат томонидан инкор қилиб келинган. Чунки давлат суверенитетини сақлаб қолиш энг катта приоритет бўлган. Бироқ шу нарсага ижтимоий жамият қуриш орқали эришиш мумкинлигини ҳеч ким тан олмаган. Энди бу тушунчага етиб келинди. Биз аввало, ўн йилдан кейин, йигирма йилдан кейин қандай жамият қуришимизни билишимиз керак. Бу жамиятда ижтимоий қадриятлар қандай бўлади? Инсоннинг қайси эҳтиёжлари биринчи ўринга қўямиз? Олдин шуларни аниқлаб олиб, шунга қараб иқтисодий ва сиёсий сиёсатни тузишимиз керак. Энг биринчи навбатда, Президентимиз айтганидек, ўртага инсон қадриятларини қўйишимиз лозим, аммо шу пайтгача инсон қадрияти шунчаки ҳал бўлиб кетадиган масаладек кўрилган.

Ижтимоий давлатда иқтисодиёт ўзи қандай йўлга қўйилиши керак?

Абдулла Абдуқодиров, иқтисодчи:

– Бу ерда велосипедни қайтадан ихтиро қилиш керак эмас. Ривожланган мамлакатларнинг тажрибасига қарасак, улар биринчи навбатда ишсизлик даражаси ва аҳолининг реал даромадига эътибор қаратилган. Бизда бугун демография зўр ўсиб бормоқда. Буни ортидан ортиқча ишчи кучи пайдо бўлмоқда. Шунинг учун биринчи навбатда, турли иш ўринларни яратишга йўналтирилган сиёсат олиб боришимиз керак. Биламизки, иш ўринларни яратишда кичик ва ўрта бизнеснинг ўрни катта. Демак, кичик ва ўрта бизнесга катта эътибор бериш лозим. Бизда эса бироз тескари. Шунинг учун айтмоқчиманки, ўзидан-ўзи «ижтимоий давлат қурамиз», деган тушунча келиб қолмади. Бошимиз деворга кўп марта текканидан кейин тушундик. Ижтимоий давлат қуришнинг аниқ кўрсаткичларини билиб, шунга қараб иш тутсак, ана шунда иқтисодий сиёсатимиз ҳам, ижтимоий сиёсатимиз ҳам ўзгаради.

Камолиддин Раббимов, сиёсатшунос:

– Умуммиллий фаровонлик сиёсатини амалга оширган бир нечта мамлакатлар бор. Мени назаримда биринчи ўринда Германия ва ундан кейин Скандинавия давлатлари туради. Ҳар бир ижтимоий ҳимояни юқори даражага олиб чиққан давлатларда социал-демократик партиялар ниҳоятда қудратли. У давлатларда иккита катта партия бор. Булар; марказга яқин ўнг партия (консерваторлар) ва сўл партия (социалистлар). Мана шу давлатларда солиқнинг миқдорини бироз пасайтириш ёки кўпайтириш жуда катта сиёсий баҳсларга олиб келади. Сайловда марказга асосан учта ёки тўртта масалалар қўйилади. Мисол учун, консерватив партиялар «Биз солиқ миқдорини оширадиган бўлсак, ишлаб чиқарувчи кучлар солиқ тўлайди ва иш яратиш камаяди» дейди. Социалистлар бўлса «Солиқ миқдорини ошириш керак. Йиғилган соғлиқдан ижтимоий ҳимояни кучайтирамиз» дейди. Ҳокимиятга қайси партия келишидан қатъий назар ўзгаришлар жуда катта бўлмайди. Яъни, бу давлатлар мувозанатни топган.

Баъзи тахминларга кўра, 2050 йилга қадар Ўзбекистоннинг 70 фоиз аҳолиси ишга лаёқатли ҳисобланар экан. Яъни, соф ўсиш йилига 670 мингни ташкил қилмоқда. Бу поссовет ҳудудидаги мутлақ рекорд. Агар ҳозир ижтимоий ҳимоя бўлмаса, худди Покистон ва Ҳиндистонга ўхшаб қашшоқлик гравитациясидан чиқа олмайдиган аҳоли қатлами шаклланади. Ундан кейин кеч бўлади. Анъанавий қашшоқ давлатлар сирасига кириб қолишимиз мумкин. Бизда ҳозир ресурс бор. Шунинг учун бир томондан социал-демократик ташкилотларни жонлантириш керак. Шу орқали парламентдаги қонунчилик палатасини ҳам, сенатда ҳам сўл қанотни кучайтириш лозим. Бугун Ўзбекистонда тиббиёт суғуртаси йўлга қўйилмаган. 50-60 ёшли инсонларнинг ўлими элементар ҳолатга айланиб қолган. Агар камбағал аҳоли қатлами ҳимоя қилинмаса, уларнинг истеъмол даражаси пасаяди. Бу ўз ўрнида ишлаб чиқарувчи кучларга таъсир қилади. Ўзбекистонда боқувчисини йўқотган оилалар бор, бугун уларга ёрдам берилмаса улар малакали мутахассис бўлолмайди. 

 Абдулла Абдуқодиров, иқтисодчи:

– Камолиддин ака Ғарбда жуда яхши мувозанат бор, дедилар. Мувозанат нимадан келиб чиқади? Чунки доим ўртага солиқ масаласи қўйилади. Солиқни кўпайтирсак давлат бизга нима беради? Солиқни камайтирсак жамиятдан биз нимани кутамиз? У ерда кимдир социалист ёки капиталист эмас, улар доим мана шундай масалаларда музокараларга келади.

Мен бир нарсага эътибор қаратмоқчи эдим. Бизда давлат харажатларини тузилиши ва сарфланиши ўртасида жуда катта муаммо бор. 30 йил давомида соғлиқни сақлашга ажратилган харажатларнинг умумий ҳажмини кўриб чиқсак, тасаввур қилиб бўлмайдиган маблағлар сарфланган, лекин уларнинг самарадорлигини бугун кўриб турибмиз. Шу ҳақда гапирадиган бўлсак, муаммо нимада? Давлат аппаратининг эски совет структурасида қолиб кетганида. Мисол учун, бугунги кунда Молия вазирлиги молия сиёсатини аниқлайди ва шунга қараб давлат бюджетининг лойиҳасини тузади. Парламент буни белгилаб беради ва уни ижросини ҳам, назоратини ҳам Молия вазирлиги амалга оширади. Бу ерда тафовутни кўрмаяпсизми? Яъни, мен ўзимга ўзим режа тузаман, ўзимни ўзим текшираман, мабодо тўғри келмай қолса, секин йўқ бўлиб қоламан. Шунинг учун бугунги кунда давлат молиясини назорат қилиш структурасини бутунлай ўзгартириш вақти келди. Буни кўриб турибмиз. Ҳар йили статистикада 1-2 триллион сўм бюджетдан камомад чиқади. Бу кичкина пул эмас. Ўтган йилдагига қараганда 20 баробар кўп. Балки маблағни бекорга ишлатгандан кўра, 1-2 триллион солиқни камроқ йиққанимиз маъқулми? Бу ҳали айсбергнинг учи, аслида бунинг тагида катта нарса турибди. Агар мувозанат ўрнатмоқчи бўлсак, бу институционал механизмига ҳам боғлиқ.

 Нега давлат бюджетидан маош оладиган олий тоифали шифокор, ўқитувчи ва боғча тарбиячиси кам ойлик оляпти? Уларни ойлик маошларини оширишга давлат бюджети етмаяптими ёки бошқа гап борми?

Абдулла Абдуқодиров, иқтисодчи:

– Бу саволга жавоб берадиган бўлсак, ҳамма нарса давлат приоритетларини тўғри танлашга боғлиқ. Сиз айтган соҳаларнинг барчаси ижтимоий соҳа. Яъни, бу соҳалар келажак авлоднинг илм даражасини, уни тарбиясини ва руҳий онгини белгилаб беради. Агар бизда фақат миллий гвардия, мудофаа ва ички ишларга эътибор қаратилса, бошқа сиёсатга ўтиб кетамиз. Тўғри бу соҳалар ҳам зарур. Лекин шуни шундай қилиш керакки, қайсидир даврда бир соҳага туртки бериш керак. 3-4 йилдан кейин бошқа соҳага эътибор қаратиш лозим. Энг асосийси, бу ишлар халқ билан келишилган холда амалга оширилиши керак.

Ижтимоий давлат яратишга нималар тўсқинлик қилиши мумкин?

Камолиддин Раббимов, сиёсатшунос:

– Ўзбекистон шароитида етишмайдиган институтлар ҳақида гапириш лозим. Мана бизда 5 та расмий партия бор, аммо амалиётда бу партиялар ўзининг функциясини тўлиқ бажармайди. Бутун дунёда ўнглар ва сўлларнинг шаклланган муносабатлари бор. Бироқ бизда буларнинг ҳеч қайси бирини кўрмайсиз. Сабаби — Ўзбекистонда сиёсий партия институти 30 йил ичидан шаклланмади. Агар партияларнинг тафаккурини ўзгартирмасак, ҳокимият марказлашиб қолаверади.

Абдулла Абдуқодиров иқтисодчи:

– Россияда Путин ҳокимиятга келганидан кейин, 22 йил давомида марказлаштирилган давлат ҳокимиятини тузишга қаратилган ишлар олиб борилди. Россия мисолида кўришимиз мумкинки, давлат вертикали нималарга олиб келаётганини.

Камолиддин Раббимов, сиёсатшунос:

– Борис Ельцин даврида губернаторлар сайланар ва давлат думаси анча эркин бўлган. Яъни, демократик жараёнлар бор эди.

Абдулла Абдуқодиров, иқтисодчи:

– Лекин мана марказлаштирилган давлатнинг оқибатларини кўряпсизми? Буни аниқ айтишимиз мумкинки, марказлашган ҳокимият Россияни инқирозга олиб келмоқда. Шунинг учун сиёсатчилар, иқтисодчилар бир жойда ўтириб, давлатни олдига қўйган мақсадларига қараб келишиши керак.

Камолиддин Раббимов, сиёсатшунос:

– Абдулла аканинг фикрларини давом эттирган ҳолда айтаманки, бизда социал тафаккурдаги сиёсий партиялар шаклланиши лозим. Бунинг учун сиёсий плюрализм керак. Эркин сайловда иштирок этадиган ижтимоий сиёсий кучлар шаклланганидан сўнг, улар кун тартибига ўзларининг саволларини қўйиши лозим. Ҳар бир давлатнинг ресурси чекланган бўлади. Абдулла ака айтганидек, приоритет масаласини кўриб чиқиш зарур. Яъни, биринчи, иккинчи ва учинчи ўринда қайси секторга эътибор қаратиш керак. Бу ерда ҳам катта дискуссиялар бўлади. Масалан, Россияда оналик капитали бор. У 10 йилда бир марта берилади. Ғарбий Европада эса ижтимоий ҳимоя ҳар ойда шахсларнинг ҳисоб рақамига тушиб туради. У ерда давлатнинг ижтимоий ҳимояси жуда ҳам салмоқли. Агар шу ижтимоий ҳимоя бўлмаса, 10-20 йилда бу давлатларда ижтимоий портлаш содир бўлади. Ўзбекистонда қўнғироқлар чалинди. Икки ой олдин бўлган Қорақалпоғистон воқеалари бунга мисол. Президент бунга чора сифатида Қорақалпоғистонда ижтимоий ҳимояни кучайтирди, бироқ бутун Ўзбекистонда умум миллий тарзда ижтимоий ҳимоя кучли бўлиши керак.

Абдулла Абдуқодиров, иқтисодчи:

– Камолиддин ака, шу ерда бир нарсага эътиборингизни қаратаман. Бугунги кунда иқтисодий сиёсатимизнинг марказида инфляцияни жиловлаш масаласи турибди. Қорақалпоғистонда муаммо чиққанида Президентимиз бутун дунё тажрибасида қўлланилган иқтисодий тажрибани қўлладилар. Яъни, умумий талабни кенгайтириш учун иқтисодга катта пул ташланди. Президентимиз жуда тўғри қилдилар. Қорақалпоғистонга бориб, инфляцияни жиловлашмиз керак, демадилар. Яъни марказий иқтисодий сиёсат билан амалда бўлаётган ўзгаришлар ўртасида номутаносиблик бор. Биз катта конференцияларда битта гапни гапиряпмиз, аммо аслида қилаётган иқтисодий сиёсатимиз орасида иккиланиш бор. Агар бизда қилинаётган иқтисодий ислоҳотларни қарасангиз, бир-бирининг ўртасида зиддият мавжуд. Яъни, иқтисодий ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги битта сиёсат билан чиқмоқда, марказий банк бошқа сиёсат билан чиқяпти. Буларнинг ўртасида келишувчилик бор. Мен ўйлашимча, президент қошида иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш кенгаши тузилишининг даври келди.

Иқтисодий ривожлантиришда приоритетларнинг нотўғри қўйилиши ёки муддатидан илгари қўйилиши катта хато. Мисол учун, инфляцияни жиловлашга ҳали эрта эди, чунки бизда ҳали иқтисодий драйверлар юзага келгани йўқ. Уларга аралашмаса ҳам ўзини-ўзини таъминлаш даражасига келмаган. Бизда ҳали локомотивлар йўқ. Бутун жамиятда бир-бирини компенсатор ушлаб турадиган механизмлар бўлиши керак, лекин биз ҳали ўсмаган дарахтнинг шохларини шиббалашга ҳаракат қиляпмиз. Бундан ташқари, давлат маблағларини тўғри тақсимлаш ва уни устидан назорат ўрнатиш тизимини бутунлай ўзгартириш зарур. Чунки давлат ялпи ички маҳсулотнинг 40 фоизини қайта тақсимлаяпти. Бу кичкина кўрсаткич эмас.

– Агар Ўзбекистон ижтимоий давлат қурмоқчи бўлса, ишни нимадан бошлаши керак?

Камолиддин Раббимов, сиёсатшунос:

 – Мен шу фикрдаманки, Ўзбекистонда социал-демократик партияларга эркинлик бериш керак. Биз шундай даврда яшадикки, сиёсий плюрализм давлатга таҳдид сифатида кўрилди. Энди босқичма-босқич номарказлашувга ўтишдан бошқа чорамиз йўқ. 1991 йилда аҳолимиз тахминан 20 миллион эди, бугун 36 миллионга яқинлашдик. Янги авлод етишиб келмоқда. Ўзбекистондаги сиёсий тизимни соддалаштириш эмас, мураккаблаштириш даври келди, Соддалаштирилган тизим кун келиб ўзининг ноқисликларини кўрсатади, кўрсатмоқда ҳам. Буни раҳбарият ҳам яхши тушунади. Лекин қандай қилиб бошқа тизимга ўтамиз, деганда уларда тайёр жавоб бўлмаслиги мумкин. Мисол учун, Қонунчилик палатасида атиги 150 та ўрин мавжуд. Аҳолиси 36 миллион бўлган Ўзбекистонга бу етмайди. Яъни, 36 миллионни парламент ўзида ифода этиши учун депутатлар сони камида 400-500 нафар бўлиши лозим. Шунга яраша 10 га яқин сиёсий партиялар бўлиши керак. Ана шунда сиёсий партиялар ғояларни ишлаб чиқарувчи катта бир генераторга айланади. Унда ҳам сиёсий эркинлик ва рақобат бўлса.

Абдулла Абдуқодиров, иқтисодчи:

– Бу шароитда Сенатни шакллантиришда ҳам бошқача муносабат бўлиши керак. Сенат фақат марказий ҳокимият айтган нарсани қилиши керак эмас.

Камолиддин Раббимов, сиёсатшунос:

– Худди шундай, Сенатга қонунчилик ташаббусини бериш лозим. Бугун уларда қонунчилик ташаббуси ҳам йўқ. Уларда фақат қонунчилик палатасидан келаётган қонунларга йўқ дейиш ҳуқуқи бор, холос. Бунинг устига, 100 та сенатордан 16 таси президент томонидан тайинланади. Бу ҳам етмаганидек, ижро ҳокимларининг ярми Сенатга келиб ўтиради. Мана шундай маъмурий сиёсий ислоҳотлар керак ва бизга кучли сўл партиялар зарур. Сўл партиялардан қўрқиш керак эмас. Агар Ўзбекистонга бугун сиёсий эркинлик берилса, нормал сиёсий партиялар 5-10 йилдан кейин шаклланиши мумкин. Чунки бу партияларнинг жамиятда базаси йўқ.

Абдулла Абдуқодиров, иқтисодчи:

– Камоллидин ака сиёсий томонларини тушунтириб бердилар, мен иқтисодий томонларини тушунтириб ўтаман. Бугунги кунда Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Иқтисодий ривожланиш ва камбағалликка қарши курашиш вазирлиги қошида бир қанча иқтисодий-сиёсий илмий тадқиқот марказлари мавжуд. Буларнинг ҳаммасини вазирликнинг қўл остидан чиқариш керак. Улар давлат бюджетидан маблағ олиб, мустақил фаолият олиб борувчи институтлар бўлиши лозим. Сабаби – уларда Жанубий Корея, Англия, АҚШ каби жойларда ўқиб келган зўр-зўр олимлар бор. Уларнинг фикрни жуда ҳам теран. Уларни секин-секин мустақил қилиб, ижтимоий соҳаларда ишлатиб кўриш керак. Олимларимизнинг энг катта камчилиги битта назарияга ёпишиб олган. Бу олимларнинг билими зўр, уларни вазирлик қўл остидан чиқариш лозим. Улар фақат вазирлик оғзига қараб қолиши керак эмас. Яъни, биз мамлакатдаги билим салоҳиятни ишга солишимиз зарур. Бундан ташқари, оммавий ахборот воситаларига бевосита эркинлик бериш керак. Бу ҳақда президентимиз кўп гапирганлар. Давлат ҳокимиятини ҳар қандай вакили жамият олдида ҳисобот бериши керак.

– Ижтимоий давлат қуришга ҳаракатлар бошланганми?

 Камолиддин Раббимов, сиёсатшунос:

– Конституцияга ижтимоий давлат тушунчасининг киритилишининг ўзи ижобий ҳолат, яъни давлат тушуняптики, бундан буёғига инсонлардан информацияни чеклаш имконсиз. Бундан кейин ижтимоий кайфиятни манипуляция қилишнинг имкони йўқ. Инсонлар истаса ўзлари истаган маълумотни ола олади. Ўзбекистон катта-катта инвестиция истайди. Бунинг учун дунёга интеграция қилишга мажбур. Ўзбекистон сиёсий тизими ижтимоий кайфиятни прогноз қилиш ва уни мўътадиллаштириш борасида шошилиши керак, вақт кам қоляпти. Мени назаримда, давлат буни англаяпти. Қорақалпоғистондаги воқеалар, Президент администрациясидаги ўзгаришлар ва кейинги қадамлар шуларни тасдиқлайди. Бироқ давлатнинг қилаётган ислоҳотлари жамиятнинг эҳтиёжларига етарли эмас.

Абдулла Абдуқодиров, иқтисодчи:

– Давлат бошқариш аппарати бир камчиликни аниқлаб, уни тузатгунича бўлган вақтда инерция бор. Худди шундай жамиятда ҳам инерция бор. Яъни, инерция ҳам, кураш ҳам бор. Ҳар бир инсон ўзининг даражасида кураш олиб бориши керак. «Олма пиш оғзимга туш», деб ўтирадиган даврлар ўтиб кетди.

Сардор Али суҳбатлашди

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг