Оёқ кийим ичида 30 000 АҚШ доллари
Бухородаги «Олот» чегара божхона пости орқали катта миқдордаги АҚШ долларини оёқ кийими ичига яшириб, уни Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиб кетишга бўлган уринган шахс ушланди. Бу ҳақда «Xabar.uz»га Бухоро вилояти Божхона бошқармаси ахборот хизмати Дурдона Қаюмова маълум қилди.
Таъкидланишича, Олот» чегара божхона постига пиёда сифатида кириб келган хорижий давлат фуқароси Р.Ч. тегишли тартибда божхона назоратидан ўтказилган. Дастлаб, божхона ходимининг оғзаки сўровида Р.Ч. 5 000 АҚШ доллари ҳамда 38 миллион сўм миқдорда миллий валюталарни тақдим этган. Ушбу нақд пуллар қайта ҳисоб-китоб қилинган вақтда эса 5 000 АҚШ доллари, дея берилган валюталар аслида, 10 000 АҚШ доллари, миллий валюталар эса 38 миллион сўм эмас балки, 61 580 000 сўм экани аниқланган.
Бу вазият фуқаронинг божхона назоратини четлаб ўтиш мақсади борлигидан далолат берган ва божхона ходимларининг гумонларини оширган.
Ҳолатга ойдинлик киритиш учун божхона кўриги тайинланган. Кўрик давомида Р.Ч. яна 30 000 АҚШ долларини оёқ кийими ичидан ва 10 000АҚШ доллари ён чўнтакларидан топилган.
Ҳозирда фуқаронинг хатти-ҳаракати юзасидан тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилган. Жами 50 000 АҚШ доллари ва 61 580 000 сўм миқдордаги миллий валюталар ҳолатга ойдинлик киритилгунга қадар вақтинча сақловга олинган.
Божхона ходимининг билдиришича, жисмоний шахслар томонидан эквиваленти 100 000 000 (юз миллион) сўмгача бўлган нақд валюта маблағларини ихтиёрий тарзда йўловчи божхона декларациясида кўрсатиб, Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқишга рухсат этилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter