Ўтган гал Ортиқова қабулига киролмаган фуқаро яна уриниб кўрмоқчи
Андижонлик куйди-пишти журналист Нурулло Нўъмонов сим қоқди: «Бош прокуратура раҳбариятида қабуллар бошланишидан дарак борми?».
Катта-кичик ташкилотлар раҳбарларининг бир оёғи қабулхонада бўлишига ўрганиб қолган экамиз, пандемия сабаб ҳаммаси тақа-тақ тўхтади. Жумладан, Бош прокуратурада ҳам. Бироқ жараён тўхтатиб қолгани йўқ: фуқаролар мурожаатлари онлайн шаклда қабул қилинаётир. Шунга қарамай бунга кўникиш осон кечмаётгандай. Айниқса, муаммоси бор одамларда. Улар дардини мутасадди ҳузурида тўкиб солгиси келади. Одамнинг юзи иссиқ-да. Қолаверса, меҳр кўзда эканини пандемия ҳар қадамда эслатиб турибди. Замонавий технологиялар минг мўъжизавий бўлмасин, жонсиз-ҳиссиз матоҳ, жонли мулоқот ўрнини босолмайди барибир...
Шу ўйлар билан чалғибмиз, гўшакнинг у ёғидан Нурулло укамизнинг «алйў-ў-ў...» дейишидан хаёл жиловланди.
– Бевосита қабуллардан ҳали дарак йўқ, ҳаммаси виртуал, иним. Тинчликми?
– Тунов куни «Xabar.uz»да чиққан мақолам бор-ку, ўшанинг қаҳрамонлари Бош прокурор ёки ўринбосарининг қабулига боришмоқчи эди, шунга сўрадим-да, ака...
– «Қурилишдаги қирилишлар»ни айтяпсизми?
– Ҳа, ҳа, ўша...
Дарвоқе, давлат органларида фуқаролар бевосита қабул қилинмаётган бўлсаям жойларда оммавий қабуллар ўтказиляпти-ку?! Куни кеча шундай тадбир Навоий вилоятида бўлиб ўтди. Озмунча одамнинг муроди ҳосил бўлмабди ўзиям. Оммавий қабулларда Бош прокуратура раҳабариятидан битта вакил бўлади. Андижондаям ўтказилади деган гап-сўзлар юрувди. Аниқласакми?
Дарҳол, Бош прокуратура матбуот хизмати билан боғланилди. Дарҳақиқат, эртадан Андижон вилоятида оммавий қабуллар бошланар экан. Унда Бош прокуратурадан эса маҳкама раҳбари ўринбосари Светлана Ортиқова қатнашиши боис сафар жабдуқларини тайёрлаб қўйибди ҳатто.
– Айнан шу опанинг қабулига боришмоқчи эди, – деди Нурулло янгиликдан хурсанд бўлиб. – Ўтган гал Андижонга келганида турли баҳоналар билан қабулига киритишмаган экан... Айтганча, насиб қилиб, мақола қаҳрамонлари қабулга киргудек бўлса, сайтда чиққанини айтишсинми?
– Мақолага кўз тушган бўлса керак.
Нурулло ишонқирамади:
– Йўғ-е, Ортиқовада «Xabar.uz»ни ўқирмидми?!
Укамизнинг писандасидан сўнг жичча мақтангимиз келиб келди:
– Э, ука, ўқиганда қандоқ. Сайтимизни ҳатто Бош прокурор ҳам мунтазам кузатиб боради-ку...
– Йўғ-е?
– Ҳа-де. Мана, кўрасиз...
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter