Омбудсманга янги ўринбосар – у Тергов ҳибсхоналари ва озодликдан маҳрум этиш жойларида инсон ҳуқуқларини таъминлашга масъул ҳисобланади
Regulation.gov.uz порталида Президентнинг «Ўзбекистон Республикасида суриштирув ва дастлабки тергов органларининг фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги фармони лойиҳаси эълон қилинди.
Ҳужжатда алоҳида қайд этиладики, ўтган йиллар давомида мамлакатимизда суриштирув ва тергов фаолиятини такомиллаштириш, жиноий таъқибни амалга ошириш жараёнида инсонпарварлик принципларига асосланган ҳолда ҳеч бир шахснинг ҳуқуқ ва эркинликлари, шаъни ва қадр-қиммати камситилишига ҳамда содир этмаган қилмиши учун ноҳақ жавобгарликка тортилишига йўл қўймасликни таъминлаш борасида муайян ишлар амалга оширилди. Бироқ суриштирув ва тергов амалиёти таҳлили жиноий таъқибни амалга оширувчи органларининг фаолияти самарадорлигига тўсқинлик қилаётган, жиноятларни фош этишга кўмаклашувчи органларнинг холислигига салбий таъсир кўрсатаётган тизимли муаммо ва камчиликлар ҳам мавжуд.
Мавжуд муаммо ва камчиликларни бартарф этиш мақсадида фармон билан «Ўзбекистон Республикасида суриштирув ва дастлабки тергов органларининг фаолиятини такомиллаштиришнинг асосий йўналишларини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар дастури» тасдиқлаш таклиф этилмоқда. Шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлиги Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази ва унинг ҳудудий бўлинмалари негизида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Суд экспертизаси маркази ва унинг ҳудудий филиалларини ташкил этиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг экспертиза ўтказиш билан боғлиқ ваколатларини (криминалистика ваколатлари бундан мустасно) ушбу марказга бериш ҳам кўзда тутилади.
Бундан ташқари Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва Давлат хавфсизлик хизмати зиммасига 2021 йилнинг 1 январига қадар Ички ишлар вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги билан биргаликда:
- жиноятга оид ариза, хабар ва бошқа маълумотларни қайд этиш тартибини электрон тизимга ўтказиш, шу жумладан жиноят иши қўзғатиш рад этилган материалларнинг ягона ҳисобини юритиш тизимини яратиш;
- терговчиларнинг хоналарини видеокузатув воситалари билан жиҳозлаш;
- бедарак йўқолган, шахси номаълум мурдалар ҳамда қидирувдаги шахслар ҳақидаги маълумотлар алмашинуви тизимини яратиш мақсадида Ягона электрон дастурни ишлаб чиқиш чоралари кўриш вазифаси юклатилмоқда.
Лойиҳанинг муҳим нуқталаридан бири – Маҳкумлар ва тергов ҳибсхоналарида сақланаётган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлаш, уларнинг шаъни ва қадр-қиммати ҳурмат қилиниши устидан назоратни кучайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ўринбосари – Тергов ҳибсхоналари ва озодликдан маҳрум этиш жойларида инсон ҳуқуқлари бўйича вакил лавозими жорий этилади. Бу борадаги вазифаларнинг самарали бажарилишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) котибияти тузилмасига 16 та қўшимча штат бирлиги ажратилади.
Шунингдек, лойиҳада прокуратура, давлат хавфсизлик хизмати ва ички ишлар органларида белгиланган штатлар жадвали доирасида «терговчи-ёрдамчи» лавозимини жорий этиш ҳам назарда тутилмоқда. Ушбу лавозимга таълим муассасини тугатгач мазкур органларга илк бор хизматга қабул қилинган ходимлар тайинланади ҳамда бир йил давомида хизмат олиб боради. Мустақил терговчи сифатида тайинланишида ходимнинг «терговчи-ёрдамчи» лавозимида фаолият юритгани биринчи навбатда инобатга олинади. Эътиборлиси – биринчи маротаба мустақил терговчи лавозимига тайинланган шахсни уч йил давомида бошқа соҳавий йўналишларга, шу жумладан юқори тергов органларига терговчи лавозимларига хизматга ўтказишга йўл қўйилмайди.
Фармон лойиҳасида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Олий суди, Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2021 йил 1 январга қадар «Суриштирув ва дастлабки тергов органлари фаолияти тўғрисида»ги Қонуни лойиҳасини ишлаб чиқиши ва белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритиши масаласи ҳам ўрин олган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter