Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Олмалиқ ҳокимининг ўғли (ва бошқалар)га оид жиноят иши бўйича дастлабки тергов тикланди

Олмалиқ ҳокимининг ўғли (ва бошқалар)га оид жиноят иши бўйича дастлабки тергов тикланди

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳар ҳокими Усмон Раҳимовнинг ўғли Дилшод Исмоилов бир неча нафар шериклари билан безорилик қилганига оид видеолавҳа тарқалганидан хабарингиз бор.

Кўп ўтмай, воқелик Тошкент шаҳар Яккасарой туманида содир бўлгани (2020 йил, 28 май), амалдорнинг арзандаси жиноий шериклари — 20 ёшли Мирбосит М., 19 ёшли Элмурод Д., 20 ёшли Ҳумоюн А.лар билан безорилик қилиб, 56 ёшли Шавкат М. ва унинг 30 ёшли ўғли Лазиз М.га тан жароҳатлари етказгани, ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 277-моддаси (безорилик) бўйича «иш» очилгани (2020 йил, 10 июнь) маълум бўлганди.

Мазкур жиноят иши бўйича янги маълумотлар пайдо бўлди. Бош прокуратура матбуот хизматининг «Xabar.uz»га билдиришича, жанжал натижасида ота-боланинг бирига «енгил», иккинчисига «ўртача оғир тан жароҳати» етказилгани аниқланган. Шунингдек, ўша пайтда ота-болаларнинг қўшниси А. Акмалга (1977 йилда туғилган) ҳам «ўртача оғир тан жароҳати» етказилгани эксперт хулосаси билан тасдиқланган.

Бироқ пандемия сабаб жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари вақтинча тўхтатилган.

Жорий йилнинг 29 сентябрь куни мазкур жиноят иши бўйича дастлабки тергов тикланган. Айни пайтда Яккасарой тумани ИИО ФМБ томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, ҳокимнинг ўғли яқинда «Tracker» русумли автомобилни пойтахт кўчаларида соатига 150 км. тезликда «босгани» билан жамоатчилик эътиборига тушганди.

Тарқалган хабарларда, у ўтган йили 8 марта, жорий йилда ҳам яна шунча марта тезликни ошириб, маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этгани қайд этилади.

Д. Исмоилов 20 ёшда бўлиб, маълумоти ўрта-махсус, ҳеч қаерда ишламайди, Яшнабод туманидаги кўп қаватли уйларнинг бирида рўйхатда туриши айтилади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг