Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бу сафар бошқача ўтди. Олий суддаги матбуот анжумани

Бу сафар бошқача ўтди. Олий суддаги матбуот анжумани

Фото: «Xabar.uz»

Бугун Ўзбекистон Республикаси Олий судида «Одил судловни амалга оширишда судлар фаолиятининг 2019 биринчи ярим йиллик якунлари» мавзуида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

1

Бундай тадбирлар қандай бошланиши журналистларга ёд бўлиб кетган: таклиф этилганлар рўйхатдан ўтгач, жой-жойини топиб ўтириб, тақдим этилган пресс-релизга кўз югуртиришни бошлайди. Мавзу юзасидан тассаввур ҳосил қилгунча белгиланган вақт келади. Шунданам сал фурсат ўтиб, раҳбарият виқор билан кириб келади-да, ясама табассум ва расмийроқ саломдан сўнг тайёр матнни кимдир тутилиб-тутилиб, кимдир шариллатиб ўқишга тушади...

Аксарият матбуот анжуманининг бошланиши шу.

2

Бу сафар бошқачароқ бўлди. Аввало, Олий суд биносига осонгина кирилди: остонадаги ички ишлар ходими, гувоҳномамизни кўздан кечиргач, очиқ чеҳра билан билан ичкарига таклиф этди. Ичкарида, ОАВ ходимларини рўйхатга олаётган қақажон қизга уч қадам етмай... Олий суд раиси ўринбосари Холмўмин Ёдгоров ОАВ ходимларини шахсан кутиб олди. Ёнида шу маҳкама матбуот хизмати ходими Зокиржон Қўзибоев. У кириб келаётганларни раҳбарига паст овозда таништириб турибди: ...веб-сайтидан сайт Фалончиев, ...телеканалдан Пистончихон, бу киши «Xabar.uz»дан... да, да... танийсиз... танийсиз...

3

Тадбир бошланишига саноқли дақиқалар қолганда Холмўмин Ёдгоровдан яна бир «юриш» бўлди: журналистларни анжуман залининг кўринарли жойидаги столга чиройли терилган китоблар билан таништиришга тушди: «Бу «Ворислик ҳуқуқи», қўлланма. Нақ 18,5 босма табоқ. Бугун меросга оид низолар ҳаддан зиёд кўп... Мазкур қўлланмада хусусий мулк авлоддан-авлодга ўтишининг қонуний тартиблари белгиланган. Мана буниси «Кўчмас мулк ва мулкий ҳуқуқ». Буям катта қўлланма. Қаранг, 17 босма табоқ. Бу китобда мулкка оид ҳуқуқ, унинг ҳимоясига доир қонунлар, шарҳлар берилган. Мулкка оид низолар суд тартибида кўрилиши хусусидаям етарлича маълумот оласиз. Мана буниси «Мерос ҳуқуқи». Буям қўлланма... Ҳаммаси бир неча минг нусхада чиқарилган. Олий суд томонидан. Сотиш мумкинмас, бепул тарқатилади... Китоблар биздан сизларга ҳадя. Қани, шу қўлланмалар ҳақида ўз нашрингларда боблар чоп этсанглар-а... Ҳуқуқий тарғиботга катта ҳисса қўшган бўлардинглар. Бундан ташқари, иккита қисқа метражли кино ҳам ишлаганмиз. Бу ҳақда гаплашамиз ҳали...».

4

...Ниҳоят, матбуот анжумани бошланди.

Аввалига Олий суд матбуот хизмати раҳбари Олимжон Ўсаров ОАВ ходимларига ташрифи учун миннатдорлик билдириб, кун тартиби хусусида маълумот берди. Сўнг ташаббус яна Олий суд раиси ўринбосарига ўтди. Мезбон, тегишли пресс-релиз тарқатилгани ва кўп вақтни олмаслик, энг муҳими — саволларга кўпроқ фурсат ажратиш эътиборидан ахборотни мухтасар қилди.

5

Рақамлар: «...ўтган олти ойда жиноят ишлари бўйича судлар томонидан 18 минг 745 нафар шахсга нисбатан 14 минг 269 та иш кўриб чиқилди. Судланган шахслар сони 14 минг 733 нафарни ташкил этиб, шундан 3 минг 798 нафарига озодликдан маҳрум қилиш ва 10 минг 191 нафарига бошқа турдаги жазолар тайинланди. 744 нафар шахс шартли ҳукм қилинган бўлса, 333 нафар шахсга нисбатан оқлов ҳукми чиқарилди.

Ёшлар иттифоқи, Хотин-қизлар қўмитаси, маҳалла фуқаролар йиғини кафиллигига асосан жами 1 061 нафар (шулардан 131 нафари аёллар) шахсга нисбатан озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар белгиланди. Ярашув институтининг самарали қўлланиши натижасида 3 228 нафар шахс жиноий жавобгарликдан озод этилди — булар энди судланган ҳисобланмайди».

6

Яна рақамлар: «...фуқаролик ишлари бўйича судлар судьяларининг аҳоли ҳузурига бориб, сайёр суд мажлислари ўтказиши одатий ҳолга айланаёзди десак, ишонаверинг. Олти ойда 35 мингдан (!) зиёд фуқаролик низолари сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилди-да. Фуқаролик судларида ўтган ярим йилда 91 минг 744 та низо кўрилиб, 42 миллиард сўмдан зиёд мажбурий тўловларни ундириш ҳақида 39 мингга яқин суд буйруқлари чиқарилди. Саксон мингга яқин ҳал қилув қарорлари қабул қилинди. Қисқаси, судга даъво киритган ҳар тўрт фуқаронинг уч нафари муроди ҳосил бўлаётганидан хурсанд. Бу гап осмондан олиб айтилаётгани йўқ, рақамлар тасдиқламоқда...»

7

«...иқтисодий судлар томонидан 95 минг 418 та иш кўрилиб, ҳал этилди. Уларнинг 61 мингтасидан кўпроғи жойларда кўрилди (яъни, сайёр судларда). Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоя қилишга оид 15 минг 642 та иқтисодий иш кўрилиб, улар фойдасига 623,8 миллиард сўм миқдорида маблағ ундириб берилди».

8

«...Маъмурий судларда иш кўп. Бу тушунарли, чунки, мазкур ҳуқуқий институтда ҳам маъмурий, ҳам фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларга оид ишлар кўрилади. Ўтган олти ойда маъмурий судлар томонидан 5 минг 761 нафар фуқаронинг ҳуқуқлари тикланди. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда кўзда тутилган ҳуқуқбузарликлар бўйича 213 минг 503 нафар шахсга нисбатан 179 мингдан зиёд ишлар кўриб чиқилди. Таҳлилларга кўра, маъмурий судлар томонидан кўрилган ишларнинг аксариятини автомобиль транспортида йўловчилар ташиш фаолияти билан лицензиясиз шуғулланишга боғлиқ ишлар ташкил қилади...»

9

Қуйи босқич судларида чиқарилган суд ҳужжатларининг ҳаммаси қонуний ва асосли дейиш қийин, албатта. Бу табиий жараён. Судларнинг бир неча поғонага бўлиб қўйилгани бежизга эмас. Мақсад суд қарорида норозиларнинг шикоятларини кўриб, пировардида қонунийликни таъминлашдир. Ҳукм қатъий эмас, шикоятга ўрин бор, деб шунга айтилади-да.

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг тегишли судлов ҳайъатларида ўтган даврда кўплаб ишлар назорат тартибида кўриб чиқилди. Хусусан, жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатида 696 та иш кўрилиб, 552 таси бўйича чиқарилган суд қарори бекор қилинди. Улардан 313 таси янгитдан кўриш учун апелляция босқичига юборилган бўлса, тўққизтаси юзасидан янги қарор қабул қилиниб, иш юритиш тугатилган. Ўн битта жиноят иши бўйича янги қарор қабул қилиниб, шунча нафар шахс оқланди.

10

Олий суднинг маъмурий, фуқаролик ва иқтисодий ишлари бўйича судлов ҳайъатларида жами 1 200 дан зиёд ишлар назорат тартибида кўрилган бўлса, уларнинг умумий ҳисобда учдан икки қисми бўйича суд қарорлари бекор қилинган ёки ўзгартирилган. Қолганлари ўз кучида қолдирилди.

11

...Тадбир фақат рақамларга таянилиб, «мана, биз қилаётган ишлар, кўриб қўйинглар» мазмунидаги гап-сўзлардан иборат бўлмади. Қанчалар оғриқли бўлмасин, айрим судьяларнинг холислиги ва ҳалоллиги борасида муаммолар йўқ эмаслиги очиқ-ошкор тан олинди. Ўтган вақт давомида 11 нафар судьянинг ваколати муддатидан аввал тугатилган бўлса, шуларнинг фақат 4 нафаригина ўз хоҳишига кўра истеъфога чиққан. Қолганлари фаолиятида жиддий хатоларга йўл қўйиб, ҳатто пора билан боғлиқ жиноят содир этгани учун жавобгарликка тортилгани таассуф билан таъкид этилди.

Интизомий жавобгарликка тортилганлари бу ҳисобга кирмайди.

12

Олий суд веб-сайти (sud.uz) янгилагани чинакам янгилик бўлди. Янгиланган сайтда ахборот олиш янада кенгайган. Шунингдек, унда суд қарорлари билан ташишдан ташқари, суд мажлисларини онлайн кузатиш, қайси судда қайси куни қандай процесс бўлишидан бир ой аввал хабардор бўлиш-у виртуал тарзда судга даъво ариза топшириш каби имкониятлар тақдим этилган. Бошқа веб-сайтлардан яна бир фарқики, sud.uz да берилган материалларга бемалол муносабат (коммент) қолдириш мумкин.

13

Матбуот анжумани бир соат нари-берисида тугаши чамаланган экан. Йўқ, нақ икки ярим соатга чўзилди. Шунинг ўзи тадбир жонли мулоқот, савол-жавобларга бой ўтганини англатади. Булар энди кейинги мақолалар мавзуси. Айни пайтда вазифамиз ровийлик эди, ҳаддимизни билдик, чамаси...

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг