Олий суд: «Айрим давлат ижрочилари алиментдан қарзи йўқ шахсларга четга чиқишда сунъий чеклов қўймоқда»
Ижро ҳужжати бўйича қарзи йўқ ва алимент тўлашдан бўйин товламаган шахсларга мамлакатимиздан четга чиқишда сунъий чеклов қўйишдек салбий ҳолатлар учраб турибди. Бу ҳақда, 11 октябр куни АОКАда бўлиб ўтган брифингда Олий суд ахборот хизмати раҳбари Азиз Обидов айтиб ўтди.
Маълум қилинишича, судлар томонидан жорий йилнинг биринчи яримида оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган 7 минг 704 та маъмурий иш кўриб чиқилган. Хусусан, давлат ижрочисининг алимент тўловчи шахсни мамлакатимиздан чиқишини вақтинча чеклаш ҳақидаги қарорини ҳақиқий эмас, деб топиш тўғрисидаги ишлар ҳам шулар сирасига киради.
Қонунчиликка кўра, қарздор томонидан узрсиз сабабларга кўра ижро ҳужжати белгиланган талаблар муддатида ижро этилмаганда давлат ижрочиси ундирувчининг аризаси бўйича ёки ўз ташаббуси билан қарздор жисмоний шахснинг мамлакатдан чиқишини вақтинча чеклаш тўғрисида қарор чиқаришга ҳақли.
«Вояга етмаган болалар таъминоти учун алиментлар олдиндан тўланган ёки гаров шартномаси тузилган бўлса давлат ижрочиси тегишли ҳужжат олинган куннинг эртасидан кечиктирмасдан тегишли идораларга қарздор жисмоний шахснинг мамлакатимиздан чиқишга оид чеклови олиб ташлангани тўғрисида ёзма равишда хабардор қилади», — деди Азиз Обидов.
Олий суд вакилининг қўшимча қилишича, амалиётда айрим давлат ижрочилари ушбу қонун талабларини нотўғри талқин қилган ҳолда ижро ҳужжати бўйича қарзи йўқ ва алимент тўлашдан бўйин товламаган алимент тўловчи шахсларга ҳам мамлакатдан четга чиқишда сунъий чеклов қўймоқда.
«Улар бундан норози бўлиб, маъмурий судларга мурожаат қилганда уларнинг талаблари рад этилаётганидан ҳам кўз юмиб бўлмайди. Чунки қайд этилган ушбу қонун талаби умумий қоида бўлиб, »Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги қонуннинг 7-моддасида назарда тутилган барча ижро ҳужжатлари бўйича амал қилади. Қонунда санаб ўтилган ижро ҳужжатларидан фақат алимент ундириш ҳақидаги ижро ҳужжати бўйича махсус қоидалар бошқа қонун ва меъёрий ҳужжатлари билан белгиланган», — деди у.
Қўшимча қилинишича, баъзан алимент тўловчи шахслар ўзларининг тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун мамлакатдан четга чиқиб, турли шартномаларни тузиб келишига зарурат туғилиши, алиментни бирйўла тўлашга имконияти бўлмаса-да, алимент таъминоти сифатида гаровга қўйишга мулки борлиги, лекин ундирувчи атай гаров шартномасини тузишдан бош тортиб келаётганини маълум қилинган.
Азиз Обидов қонун талабларини нотўғри қўллаган давлат ижрочилари сони ва уларга нисбатан қандай чора кўрилгани ҳақида ахборот бермаган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter