Муслимов зўриқиб, Ортиқова «бўғилган» суд мажлисида 16 нафар маҳкума озодликка чиқди (фото)
Бундай суд мажлисларининг «ўриш-у арқоғи аввалдан тайёрланиб» (М. М. Дўст ибораси), яхшигина тадорик кўрилган, бироқ, минг расмиятчиликка ўхшамасин, жараён барибир оғир кечади. Чунки, «иши» кўрилаётганларнинг барчаси аёл-да, аёл...
Ўн саккиз нафар маҳкумаларнинг энг каттаси етмиш бирга (!) чиққан, энг ёши йигирма бешга тўлмоқда. Улар орасида қасддан одам ўлдиргани ҳам, одам савдосига аралашгани-ю ўғрилик, талончлик, ҳатто босқинчилик қилгани ҳам бор. Гиёҳванд моддалар савосига арашганларини-ку, айтманг! Бироқ қандай жиноят содир этган бўлмасин, қонундан ўз насибасини олиб, неча йилки панжара ортида ўтиргани эътиборидан кўнгилнинг бир чеккасида шафқат уйғонаверар-уйғонаверар экан-да...
Мана, Ш. Дилафрўз: қирққа кирган. Уч нафар фарзанди бор. Илгари ҳам гиёванд моддалар савдосига аралашгани учун жавобгарликка тортилганди. 2013 йилда яна шу «бизнес»га қўл урди ва 11 йилга «кесилиб» ке-етди. Етти йилдан буён «ўтирибди». Шафқатга лойиқми? Баракалла! «Ҳа!» дейишга тил бормайди, тўғри. Бироқ қамоқда ўтган йиллари мобайнида бир бурдагина бўлиб қолгани ва айниқса, судда «қўлимга кишан урилганда кенжам 34 кунлик чақалоқ эди, шунинг дийдорига тўйиб қолай, кечиринглар!» дея қилган ноласи кимга таъсир қилмайди?!
Ёки қотилликка қўл уриб, 46 ёшининг салкам 14 йилини панжара ортида ўтказаётган М. Зулхумор-чи?! Жазони ўташ даврида беш маротаба рағбатга лойиқ кўрилибди. Бу унинг хулқ-атвори ўзгарганидан дарак. Хулқ-атвор ўзгариши эса унинг тавбасигаям далолат қилади. Шундай экан, шўрпешонани яна бир йил — тайинланган жазо муддати тугагунча «олиб ўтириш»дан не маъно?! Жазодан мақсад — тарбия-ку...
А. Зиёда (44 ёш) илгари тўрт марта судланган. Беш фарзанднинг онаси бўлган аёл бешинчи маротабасида фоҳишахона сақлаш, ёлғон гувоҳлик бериш, ҳужжатларни қалбакилаштириш ва бошқа жиноятларда айбдор деб топилиб, тўққиз йилга озодликдан маҳрум этилган. Муддатнинг етти йилидан кўпроғи ўтди. Озодликка чиқишига яна икки йилга яқин вақт бор. Қилар ишни қилгандан кейин «ўтирсин-да», дейиш осон ва бу... тўғри ҳам. Бироқ шунча йилки сарсон-саргардон фарзандлари-чи?! Шундоғам тирик етим бўлган норасида қора кўзлар учун онасини муддатидан са-ал илгари озодликка чиқариш наинки улар учун, балки жамият учун ҳам фойдалироқ эмасми? Жамият тирик етимларнинг устини бут, қорнини тўқ қилиши мумкин, илло, она ўрнини босолмайди. Бошқалар учун маҳкума улар учун Она-да, Она...
...Уч нафар маҳкуманинг ҳасби ҳолини мухтасар баён қилдик. Қолганларининг қисмати ҳам беҳроқ эмас.
Бир-биридан чигал, бир-биридан аянчли ва оғриқли.
Бир неча йиллардан бери қамоқхона тупроғини ялаб юрган бу бахтиқаролар қисматида битта ўхшашлик бор: деярли барчаси «эрдан куйган», вақтида яқинларининг ёрдами ва эътиборига муҳтож бўлган, бахтга қарши, кўп ҳолатларда айнан улар сабаб боши берк кўчага кириб қолган ожизалар...
Улар содир этган жиноятлар замирида ҳам шунинг алами ва шахсий ҳаётидаги у ёки-бу кўринишдаги ноҳақликларга исён ётгандай..
Бироқ қонуннинг тили қаттиқ: у алам-у ғараз, исён-у иддаони кўтармайди. Фақат жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражасидан келиб чиқиб, аёлларга муайян енгиллик берилиши мумкин.
Ҳамма бало шундаки, маҳкумаларнинг барчаси аллақачон қонундаги енгилликлардан баҳраманд бўлиб улгурган, бу ёғига ҳақи қолмаган. Шунга қарамай, уларнинг назорат тартибидаги шикоятларини кўриб чиқиш жараёнида «дело»лар тит-питиси чиқарилдики, зора, озодликка чиқариш учун қонундан асос топилса, топилақолса... (Салкам тўрт соат давом этган суд мажлисларига раислик қилган Олий суд раиси ўринбосари Икром Муслимовнинг тўғри маънода зўриққани, Бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқованинг «бўғилгани» боиси ҳам шунда бўлса, эҳтимол).
Айни жараёнда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги маҳкумларнинг кафиллигини олгани муҳим аҳамият касб этгани алоҳида таъкидга лойиқ. Вазирлик — жамоат ташкилоти эмас, балки давлат органи. Бундан маҳкумларни давлатнинг ўзи кафилликка олаётгани англашилади.
Бу катта мурувват бўлиши баробарида катта таваккалчилик ҳамдир.
Шу тариқа бугун «иши» кўрилган 18 нафар маҳкуманинг 16 нафарига озодлик раво кўрилди. Икки нафарининг жазо муддати эса сезиларли қисқартирилди.
Бу ёғига адаштирмасин...
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter