Молингга «чанг солинган»да боланг эсга тушдими, номард?!
Фуқаролик ишлари бўйича Избоскан туманлараро судининг 20.09.2011 йилдаги ижро варақасига асосан С.Т.дан собиқ турмуш ўртоғи фойдасига икки нафар вояга етмаган фарзанди моддий таъминоти учун алимент ундириш белгиланганди.
2015 йилга келиб, қарздорнинг манзили ўзгариши ортидан (у Андижондан Тошкентга кўчган экан) суд қарори ижроси тақа-тақ тўхтади. Хуллас, Андижонда беш йил «дам еб» қолган мазкур ижро иши, ниҳоят, шу йилнинг бошида Тошкентга чақирилди. МИБ ижрочилари қарасаки, ишлар «хуржун»: беш йиллик алимент пуллари йиғилиб-йиғилиб, 32 миллион сўмга етай-етай деб қопти, отанинг ёнидан ел ўтмабди-я...
Дарҳол қарздорнинг номидаги мол-мулкларини аниқлашга тушилди.
Азаматнинг икки қўли тош орасида эмас экан: «Ласетти»си борлиги аниқланди. Ва ушбу автотранспорт воситаси хатланиб, жарима майдончасига тиқилди.
Орадан бир ҳафта ўтгани йўқ: машинаси МИБ «чангалига» тушган ота беш йилда йиғилиб қолган алиментнинг учдан бирини (10 миллион сўм) тўлаб қўйсами?!
Шундан кейин машина калити тутқазворилдими?
Қолган гапни МИБ Тошкент шаҳар бошқармаси матбуот хизмати раҳбари Марғуба Омоновадан эшитамиз: «Нега машина бериб юборилар экан? Ҳечам-да! Қарздорлик «ноль-ноль» қилинади, ана ундай кейин «Ласетти» масаласи ўйлаб кўрилади. Агар белгиланган вақтда қарздорлик бартараф этилмаса, машина сотувга қўйилади...».
- Ростданми?
- Бизда ҳазил йўқ, мухбир ока....
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter