Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Конституцияни ўзгартириш бизга нега керак?

Конституцияни ўзгартириш бизга нега керак?

Мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш демократик ҳуқуқий давлат барпо этишнинг бош мезони бўлиб ҳисобланади.

Ҳозирги кунда юртимизда бўлиб ўтаётган сиёсий жараёнлардаги фаоллик, халқнинг янги Конституция лойиҳаси бўйича берган таклифлари, фикрлари, муҳокамалар фуқароларнинг ўз келажагига бефарқ эмаслигини амалда намоён қилмоқдаки, буни ҳеч иккиланмай қувонарли ҳолат деб баҳолашимиз мумкин.

Янгиланаётган Конституция Янги Ўзбекистонни қуриш ғояси атрофида бутун жамиятимизни бирлаштиришга қаратилган бўлиб, унда жамиятдаги барча қатламларнинг – ёшлар, аёллар, ногиронлиги бўлган шахслар, ўқитувчилар, ҳатто жиноят содир этган шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари акс этганлиги билан амалий аҳамиятга эга. Шу боисдан ҳам лойиҳани ишлаб чиқишда кенг жамоатчилик фаол иштирок этди.

Натижада амалдаги Конституциянинг аксарият нормалари, аниқроғи 91 та нормаси консептуал жиҳатдан янгиланмоқда. Шундан келиб чиқиб, Конституцияни янги таҳрирда баён этишга қарор қилинди.

Таклиф этилаётган ўзгартиришларнинг ярмидан зиёдроғи инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг кафолатларини кучайтириш механизмларини мустаҳкамлашга қаратилган бўлиб, унда умумхалқ муҳокамаларидан келиб тушган жами мурожаатларнинг тўртдан бири жой олган, демак уни халқ Конституцияси деб баралла айтишимиз мумкин.

Шу ўринда ҳақли саволлар туғилади – Конституцияни ўзгартириш бизга нега керак, Конституция давлат учун энг муҳим юридик ҳужжат эканлиги сабабли Конституциянинг ўзида уни ўзгартириш тартиби тўғрисидаги қоидалар мавжуд бўлса, унда референдум ўтказишга зарурат мавжудми...?

Маълумки, амалдаги Конституциямизнинг 127-моддасида Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиришлар тегишинча Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари умумий сонининг камида учдан икки қисмидан иборат кўпчилиги томонидан қабул қилинган қонун ёки Ўзбекистон Республикасининг референдуми билан киритилиши белгиланган.

“Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуннинг 1-моддасида Ўзбекистон Республикасининг референдуми Ўзбекистон Республикасининг қонунларини ва бошқа қарорларни қабул қилиш мақсадларида жамият ва давлат ҳаётининг энг муҳим масалалари юзасидан фуқароларнинг умумхалқ овоз беришидир деб белгилаб қўйилган.

Шунингдек, ушбу моддада Референдум сайловлар билан бир қаторда халқ иродасининг бевосита ифодаси эканлиги, референдумда қабул қилинган қарорлар олий юридик кучга эга бўлиши, агар референдумда қабул қилинган қарорларда бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, референдумда қабул қилинган қарорлар фақат референдум йўли билан бекор қилиниши ёки ўзгартирилиши мумкинлиги, референдум Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ўтказилиши назарда тутилган.

Давлатимиз раҳбари Конституциявий комиссия аъзолари билан ўтказилган учрашувда амалдаги қонунчилигимизга мувофиқ парламентнинг ўзи ҳам Конституцияга ўзгартиш киритиш ваколатига эга эканлиги, лекин контитуциявий ислоҳот фуқароларимизнинг фикри ва қўллаб-қувватлаши асосида, референдум орқали амалга оширилса, бу том маънода халқимиз хоҳиш-иродасининг ифодаси – ҳақиқий халқ Контитуцияси бўлади деб айтган эди.

Янгиланаётган Конституциямиз адолатли жамият қуриш, инсон қадрини улуғлаш йўлидаги улкан қадам ҳисобланади. Конституциянинг қабул қилиниши бевосита халқнинг хоҳиш-иродасига боғлиқ бўлмоқда, яъни янги лойиҳа референдумда маъқулланса, қабул қилинади.

Референдумда референдум ўтказиладиган кунга қадар ёки референдум кунида ўн саккиз ёшга тўлган Ўзбекистон Республикасининг ҳар бир фуқароси иштирок этиш ҳуқуқига эгадир. Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида истиқомат қилаётган ёки турган Ўзбекистон Республикасининг фуқароси референдумда иштирок этишга тўла ҳақлидир.

Конституцияни ўзгартиришдан ҳавотирга тушмаслик керак, чунки жамият ривожланади, ундаги ижтимоий муносабатлар такомиллашиб боради ва бу албатта Конституция билан тартибга солиниши лозим бўлади. Қонунлар ҳам эскиради, замон талабига жавоб бермай қолади. Шу ҳолатда уларга ўзгартиришлар киритилиб, замон талабига мувофиқлаштирилади. Қонунлар халқ, жамият манфаатлари учун хизмат қилиши керак, агар қонунда ушбу талабларга жавоб берадиган қоидалар мужассам бўлмас экан, унинг аҳамияти йўқолади.

Айни вақтда мамлакатимизда рўй бераётган ўзгаришлар, амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, иқтисодиётнинг ривожланиши, инсон ҳуқуқ ва манфаатлари, эркинликларини таъминлашнинг янги босқичга олиб чиқилиши заруратини юзага келтирди.

Бизнинг амалдаги Конституциямиз 1992 йил 8 декабрда қабул қилинган бўлиб, 20 йилдан ортиқ муддат ишлади. Бу яхши кўрсаткич ҳисобланади. Жаҳон тажрибасига қарасак, кўплаб давлатлар ўз Конституцияларини бир неча маротаба ўзгартирганлар.

Мамлакатимиз тарихида биринчи марта ўта муҳим аҳамиятга эга бўлган ва ҳар қандай давлатнинг ривожланиш йўлини белгилаб берувчи олий қонун ҳужжати референдумда бевосита халқ томонидан қабул қилинади.

Албатта, референдумда иштирок этиш бизнинг ҳуқуқимиз, мажбуриятимиз эмас. Бироқ инсон ҳуқуқ-манфаатлари кенгайтириш ҳамда ижтимоий кафолатларни мустаҳкамлаш учун, миллий бирлигимизни кучайтириш ҳамда давлат суверенитетини, фуқаролар манфаатларини ҳимоя қилиш учун, давлат бошқарувининг самарадорлигини ва барқарорлигини мустаҳкамалаш учун, фуқароларнинг ўз тақдирларига бевосита ва билвосита дахлдор масалаларда қарор қабул қилишда иштирок этиш имкониятларини кенгайтириш учун имкониятдан фойдаланишимиз шарт.

Референдум арафасида турар эканмиз, ҳозирда олиб борилаётган тарғибот-ташвиқот ишлари, сиёсий фаоллик жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш борасидаги ишларни янги босқичга кўтаришига, ҳар бир фуқарода давлат олдида, қонун олдида, келажак олдида масъуллик ҳиссини кучайтиришига ишонамиз. Ўз тақдири, келажагига бефарқ бўлмаган ҳар бир инсон ўзининг сиёсий ҳуқуқидан албатти фойдаланади.

Хулоса қилиб айтганда, янгиланаётган Конституция ҳаётимизнинг барча жабҳаларининг тартибга солиб, юртимиз ривожланиши учун ҳуқуқий пойдевор бўлиб хизмат қилади.

Паризод Закирова,
Зангиота туманлараро иқтисодий судининг судьяси

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг