Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Олий суд матбуот хизмати журналист ва блогерларни судга таъсир ўтказаётганини иддао қилмоқда

Олий суд матбуот хизмати журналист ва блогерларни судга таъсир ўтказаётганини иддао қилмоқда

Халқ таълими вазирлигининг собиқ депутат Қобул Дусовга нисбатан ташкилотнинг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш тўғрисидаги даъво аризаси бўйича ўтказилаётган суд процесси.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистон Республикаси Олий суди матбуот хизмати Халқ таълими вазирлигининг собиқ депутат Қобул Дусовга нисбатан ташкилотнинг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш тўғрисидаги даъво аризаси бўйича ўтказилаётган суд процесси бўйича баёнот берди.

Унга кўра, айни пайтда суд тўхтатилган. Чунки, 2020 йил 23 сентябрь кунидаги суд ажримига мувофиқ фуқаролик иши юзасидан суд-лингвистика экспертизаси тайинланган ва уни ўтказиш Чирчиқ давлат педагогика институтига юклатилган. Экспертиза хулосалари олинганидан сўнг суд жараёни давом эттирилади.

Фуқаролик иши ФИБ (фуқаролик ишлари бўйича) Чирчиқ туманлараро судида кўриб чиқилмоқда.

Шунингдек, Олий суд матбуот хизмати мазкур баёноти суд жараёнларини ёритиб келаётган журналист ва блогерларни судга таъсир ўтказаётганини иддао қилади. Ижтимоий тармоқларда турли баҳс-мунозараларга сабаб бўлган ушбу фуқаролик иши бўйича ўтказилаётган суд жараёнини ёритаётган айрим журналист ва блогерлар эътиборини Ўзбекистон Республикасининг «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги Қонуни 6-моддаси (оммавий ахборот воситалари эркинлигини суиистеъмол қилишга йўл қўйилмаслиги) нинг талабларига яна бир бор қаратмоқчимиз, дейилади баёнотда. Мазкур қонун талаби муайян иш бўйича суд қарори чиқмасдан туриб ёки суднинг қарори қонуний кучга кирмай туриб, унинг натижаларини тахмин қилиш ёхуд судга бошқача йўл билан таъсир кўрсатиш таъқиқланиши таъкидланар экан, суд – мустақил ҳокимият экани, у кимнингдир фикри ва талаби билан иш тутмаслиги, фақат қонунга таянади, далилларга асосланишига алоҳида урғу беради. Бундан ташқари демократик ҳуқуқий давлатни сўз эркинлиги, яъни фикрлар хилма-хиллиги тамойилисиз тасаввур этиб бўлмаслигини ҳам эътироф этган Олий суд матбуот хизмати фикрлар хилма-хиллигини хаёлга келган гапни айтиш, бировни ҳақорат қилиш, шахс қадр-қиммати ва шаънини ерга уруш эмаслиги, бундай йўл тутишни калтабинлик (!) деб баҳолайди. «Аммо баъзи журналистлар ва блогерлар суд жараёнида иштирок этаркан, ҳали суд ҳукми ёки қарори ўқиб эшиттирилмай туриб, бу ҳақда тахминий муносабатларини сайтларида эълон қилади. Бу ҳам – судга, судьяга босим ўтказишнинг бир кўринишидир», дейилади баёнотда. Гап охирида эса «суд ишига асоссиз аралашиш, судьяни ҳурмат қилмаслик мавжуд қонунларга беписандлик сифатида баҳоланишини унутманг», деб беозоргина ва ғойибдан «буринга чертиб» қўйилади.

Қисқаси, баёнотнинг мазмуни шу. Баҳслашмаймиз, тортишмаймиз. Фақат кўнгилда савол туғиладики, баёнотда таъкидланганидек, суд – мустақил экани ва у кимнингдир фикри ва талаби билан иш тутмай, аксинча, фақат қонунга таянар, далилларга асосланар экан, журналистларнинг кулчадек ахборотидан судья «босим остида» қолиши мумкинми ўзи? Шоир лафзидан айтсак, «оқибат гап шунда»!

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг