Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Журналист нега суд курсисига ўтирганини айтиб берди (видео)

Бугун, 2023 йил 17 март куни, Бухоро вилоят суди биносида 2022 йил 1-2 июль кунлари Нукус шаҳрида оммавий  тартибсизликларни содир этганликда айбланаётган судланувчиларга оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни тугаб, 39 нафар судланувчига нисбатан суд ҳукми эълон қилинди.

Ушбу жиноят иши Қорақалпоғистон Республикаси судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси Даулетбай Разов раислигида биринчи инстанция судида кўриб чиқилди.

Судланганлар орасида журналист ва тарихчи олим Есимхан Қанаатов ҳам бор эди. Xabar.uz мухбири у билан суҳбатлашди.

«Мен Жиноят кодексининг 244-моддаси 3-қисми ва 244-1-моддаси 3-қисми «а», «б», «г» бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, судга тортилган эдим. Суд одилона ўтказилди. Менинг бош эҳтиёт чораларим ўзгартирилиб, суд залида қамоқдан озод қилиндим ва менга 5 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Ўша воқеаларда айбдор деб топилдим ва бу айбловларни тан оламан, ёлғон тарғиботлар, ёлғон ахборотлар таъсирига тушиб қолдим. Судда ўз айбимга иқрор бўлдим ва бу эътиборга олинди. Менга ҳеч қандай руҳий ва жисмоний босим бўлмади. Алданиб қолганим эътиборга олинди, деб ўйлайман. Ҳамкасбларимга воқеа-ҳодисаларни холисона ёритишни тавсия қилган бўлардим. Журналист бўлиб, медиасаводхонлик курсларида ўқиб ҳам ёлғон ахборотлар таъсирига тушиб қолганимдан афсусдаман. Келгусида журналистик фаолиятимни давом эттираман. Мен одамлар ижтимоий тармоқлардаги провакаторларга алданмаслигини, ишониб қолмаслигини истардим, чунки бундай фитнакор, бузғунчи ғоялар давлатга катта зарар етказади», – дейди Есимқан Қанаатов.

Маълумот учун: Есимхан Қанаатов «Эл хизматида» газетаси бош муҳаррири, нафақат журналист, балки Жанубий Оролбўйи халқларининг халқ ижодиёти ва фольклорини ўрганган, шу  ҳудудда яшовчи бошқа миллат вакилларини қиёсий таҳлил қилган тадқиқотчи. Қорақалпоқлар истиқомат қиладиган Ўзбекистоннинг Навоий вилоятининг Канимех туманини ҳам ўрганган. Халқ оғзаки ижоди бўйича докторлик диссертациясини ҳимоя қилган, «Ишонч», «Ишонч-доверие» газеталарида Қорақалпоғистон бўйича мухбир бўлиб ишлаган.

«Xabar.uz» мухбири билан суҳбатлашган Ислом Пўлатов оммавий тартибсизликларга ўзи билмаган ҳолда аралашиб қолгани, бу чиқишларнинг ноқонуний намойишлар эканини кейин билиб қолганини билдирган.

«Ҳали ёшман. Тетапоя бўлмай туриб, боши берк кўчага кириб қолдим. Давлетмурат Тожимуратовнинг видеоларини ижтимоий тармоқлар орқали кузатиб борардим. Унинг миллатчилик ғояларига ўзим билмаган ҳолда берилиб кетдим. Мақсади халқнинг ичида келишмовчилик, ўзбек ва қорақалпоқ одамлари ўртасида жанжал келтириб чиқаришдан иборат экан. Биласизми, мен қўл жанги билан шуғулланиб, спорт усталигини ҳам олганман. Жуда юқори натижаларга ҳам эга бўлган эдим. Афсуски, шундайларга алдандим. Хатти-ҳаракатларим, намойишга билиб-билмай қўшилиб қолганим сабабли Жиноят кодекснинг 244-моддасининг 1- ва 3-қисмларида кўзда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли, деб топилдим. Бу модда эса адолатли ҳукмга алмаштирилди, енгилроқ жазога тайинландим. Президентимдан, ҳуқуқ-тартибот идоралари вакилларидан миннатдорман, уларнинг ёшлигимни, адашганимни инобатга олиб, бошимни сийлашганини, мамлакатимиз қонунлари одилона эканини яна бир карра исботлашгани олдида қарздорман. Жазо муддатимни ўтаб чиққанимдан кейин, албатта, уни оқлайман. Ва ўз тартиб-интизомим билан жавоб қайтараман. Пушаймонман», — деди Ислом Пўлатов.

6 йил муддатга қамоқ жазосини олган Пулат Есенгелдиев ҳам Даулетмурат Тожимуратов алдовларига ишонгани ҳақида тўхталган.

«Бизнинг ҳаракатларимиздан жабр чеккан орган ходимлари бор, тинч аҳоли бор. Улардан, президентимиздан, халқимиздан кечирим сўрайман. Қилган ҳатти-ҳаракатларимдан минг-минг пушаймонман. Менга қўлланилган жазо чорасига кўра, 13 йилдан ортиқ муддатгача озодликдан маҳрум этиш жазоси қўлланилиши ёзиб қўйилган. Бироқ, суднинг шаффоф ўтгани, хизмат ходимларининг адолатли ёндошуви сабаб 6 йилга «кесилдим». Агар вақт келиб, қамоқдан озод этиш чоралари қўлланилса, умримнинг сўнгги кунига қадар шу Ватанга, она халқимга сидқидилдан хизмат қиламан»,— деди Пулат Есенгельдиев.

«Мен эса «митинг» жараёнини телефонимга тасвирга олиб, ҳолатларни ижтимоий тармоқларга тарқатиб юборган эдим. Митингдан бир неча кун ўтгач, мени ишлаб турган жойимдан олиб кетишди. Аввалига сабабини билмаган эдим. Ички ишлар идораларида «олиб кетилганим» сабабини тушунтиришгач, кўзларим очилди. Менинг шу ҳаракатларим ҳам оммавий тартибсизликлар тарғиботига туртки бўлганини кеч англаб етдим. Бўйи бўйимга тенг фарзандларим, оилам, ота-онам олдида, қариндошларим олдида юзим уятда қолдим. Уларни жуда-жуда соғиндим. Ўзбек, қорақалпоқ бир миллат, деб уларни айирмай, бир ёқадан бош чиқариб яшашимиз керак. Ахир биз қондошлармиз, қардошлармиз. Бири-биридан ёмонлик кўрмаган миллатмиз. Мен ўзимга тайинланган жазога муносибман. Айбимни, хатоларимни тан оламан», — деди ўзини таништиришни истамаган ва 7 йил муддатга қамоқ жазосига тайинланган Н.Д.

Журналист Абдималик Хўжаназаров «Оқманғит тонгги» газетаси бош муҳаррири бўлиб ишлаган. У ҳам оммавий тартибсизликларга ўзи билмаган ҳолда қўшилиб қолган.

«Турмуш ўртоғимнинг бу тартибсизликларга алоқадорлигини, митингчилар оқимига билиб-билмай қўшилиб қолганини эшитиб, ҳушдан кетаёздим. Ахир, болаларимнинг отаси бундай тажовузкор ёхуд тез қарор чиқаришга мойиллиги йўқ эди. Жуда юмшоқ феълли, оғир ва вазмин одам эди-ку, деган саволлардан эзилиб кетдим. Кейинчалик билсак, турмуш ўртоғим ҳам ёлғон ахборот таъсирида қолган экан. Унга нисбатан адолатлилик тамойиллари қўлланилганини оиламиз билан катта мамнуният билан қаршиладик. Фарзандларим отасини соғинган. Ўйлайманки, бундан кейин ўз соҳасида фидоийлик билан ишини давом эттиради», — деди журналистнинг аёли Вагила Пазилова.

Олий суд ахборот  хизмати раҳбари Азиз Обидовнинг сўзига кўра, озодликдан маҳрум қилинган жазосига ҳукм қилинганларга нисбатан тайинланган жазо муддатларини улар қамоққа олинган кундан бошлаб ҳисобланган ва  1 нафар судланувчи жазони қаттиқ тартибли колонияда, 28 нафар судланувчи эса жазони умумий тартибли колонияларда ўташи белгиланган. Худди шунингдек, озодликни чеклаш жазосига ҳукм этилганларнинг дастлабки қамоқда ўтирган кунлари Жиноят кодексининг 62-моддаси (ушлаб, қамоқа олиш ёки уй қамоғи вақтини ҳисобга олиш қоидалари)га асосан, тайинланган жазодан чегирилиши белгиланган. Улар суд залида қамоқдан озод қилинган.

«Содир этилган жиноятлар оқибатида етказилган 6,5 миллиард сўмдан зиёд миқдордаги моддий зарарларни судланувчилардан солидар тартибда ундириш, судланувчиларга тегишли бўлиб, жиноят иши доирасида хатловга олинган мол-мулкларни келтирилган зарарни қоплашга қаратиш белгиланди. Ўзига тайинланган ҳукмдан норози тарафлар Қорақалпоғистон Республикаси суди орқали Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстианциясига процессуал қонунчиликдан белгиланган тартиб ва муддатларда шикоятлар беришга, прокурор эса протест билдиришга ҳақли эканини маълум қиламиз», — деди Азиз Обидов.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг