«Жаслиқ»да паст томли, тизза бўйи сувли камералар бўлганми? Матбуот анжуманидан тўлиқ репортаж (видео)
Ўзбекистон Республикаси миллий матбуот марказида Ички ишлар вазири ўринбосари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Анжуманда ИИВ жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бошқармаси бошлиғи Қутбиддин Бурхонов ва Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосари Баҳромбек Адилов иштирок этди. Тадбир аввалида мутасаддилар аввалдан тайёрлаб келинган ахборотни ўқиб беришди.
— Жаслиқ колониясини ёпиш аввал ҳам эътироф этилганидек тарихий қарор бўлди. Бу тарихий қарор нима беради? Авваломбор жазо муддатини ўтаётган маҳкумларнинг оила аъзолари мушкули осонлашади. ИИВ бир ой муддатда маҳкумларни суд томонидан белгиланган тартибга мувофиқ уйига яқин бўлган колонияларга кўчириши белгиланди.
Биз бир ой ичида топшириқни бажаришга тайёрмиз. Бу каби халқчил сиёсат бугун бошланмади, Давлатимиз раҳбари томонидан 2018 йилда қабул қилган қарор муҳим қадам бўлган эди. Мамлакатимизда авф этиш институти йўлга қўйилган. Ўз хатосини англаб етган одамлар ўз оиласи бағрига қайтарилди. 2017 йилда бир марта, 2018 йилда 3 марта ва 2019 йилда 1 марта афв эълон қилиниб, 4 мингдан ошиқ маҳбус уйига қайтарилди.
Илк авф этилганлар ўз уйига қайтганига икки ярим йил бўлди. 2018 йилда иккита жазони ўташ муассасаси ёпилди. Ўзбекистонда 100 минг аҳолига нисбатан 150 маҳбус тўғри келарди. Бу борада халқаро рейтингда 105-ўринни эгаллаган эдик. Ҳозирда 100 минг аҳолига 94 маҳбус тўғри келади.
Жаслиқ колонияси 1999 йилда қурилган ва энг замонавий колониялардан бири бўлган. Колонияда 1400 та жой бор ва айни вақтда 395 маҳбус сақланмоқда. Шундан диний экстремизм айблови билан қамалган 10 фоизга яқин маҳбуслар бор.
Жаслиқ колониясини тугатишга бир қатор ҳолатлар сабаб бўлди. Хусусан, колония туфайли халқаро ҳамжамиятда ҳам салбий фикрлар туғилаётган эди. БМТнинг қийноқларга қарши кураш қўмитаси бу қарорни Ўзбекистонда қабул қилинган тарихий воқеа, деб баҳолади.
Жаслиқ колонияси Нукусдан 300 километр, Қўнғиротдан эса 180 километр узоқликда эди. Маҳбусларнинг яқинлари бориши учун 1 суткадан кўп вақт кетар эди. Юртбошимиз мана шундай сабабларга асосланиб колонияни ёпиш тўғрисида қарор қабул қилди.
— Диний экстремизм бўйича қамалган маҳбуслар Ўзбекистонда қанча эканини айта оласизми? (Савол Россиянинг РИА Новости агентлиги томонидан берилди)
— Бу маълумот худди Россия федерациясида бўлгани сингари Ўзбекистонда ҳам маҳфий ҳисобланади. Жаслиқда оғир ва ўта оғир жиноят содир этганлар сақланар эди.
— Жаслиқда қийноққа солиш ҳолатлари бўлганми?
— Айни вақтда маҳбусларга нисбатан ҳеч қандай қийноқ қўлланилмаяпти. Мен сизга айтишим мумкин бўлган жавоб шу.
— Колонияни ёпилиши ҳақида маълумотлар пайдо бўлгач ижтимоий тармоқларда турли таклифлар берилди. Колониянинг тақдири нима бўлади? Уни музейга айлантириш мумкинми?
— Ижтимоий тармоқларда кўп таклифлар бериляпти. Ҳамма ўз фикрини билдиряпти. Бу яхши, албатта. Қарорни ўқиган бўлсангиз, Жаслиқ колонияси Нукус шаҳридаги 2-сонли тергов қўмитаси балансига ўтказилади. ИИВ хузурида махсус комиссия тузилади ва Жаслиқ тақдири ҳал бўлади. Бир нарсани аниқ айтишим мумкин — Жаслиқда қайта қамоқхона ташкил этилмайди. Ҳозирча аниқ жавоб шу.
— Диний экстремистларнинг тақдири нима бўлади? Улар қаерга юборилади?
— Бизда ажратиш бўлмайди. Улар қандай жиноят содир этганидан қатъи назар, бир ой муддат ичида қамалгунга қадар яшаш жойига яқинроқ бўлган жойга ўтказилади. Аммо фақат суд томонидан белгиланган режим бўйича. Ҳамма нарса инобатга олинади, яшаш жойи ҳам, бошқаси ҳам. Бу ўринда диний экстремизм ёки бошқа жиҳатлар инобатга олинмайди.
— Ўзбекистондаги маҳбуслар қандай ишлар билан таъминланган?
— Маҳбусларнинг иш билан таъминланиши бўйича шуни айтиш мумкин, Президент ташаббуси билан 10 январда ўтказилган селектор йиғилишида 5 мингга яқин иш ўрни ташкил этиш бўйича топшириқ бўлган. Айни вақтда бу топшириқни бажариш учун кредит ажратилган. Бу кредит янги технология сотиб олишга сарфланмоқда. Маҳбус жазони ўташ жараёнида ишлаши, меҳнат ҳақи олиши ва ҳатто топган пулини ўз уйига жўнатиши ҳам мумкин бўлади.
— Жаслиқ колониясида энг узоқ муддат ўташ қанча бўлган?
— Қонунан гапирадиган бўлсак, жазони ижро этиш тизими уни қанча ўташни белгиламайди. Бундай қарор суд томонидан қабул қилинади ва ўша муддат жазони ижро этиш муассасида ўталади. Қонунчиликда белгиланган тартибда. Жаслиқда энг кўп муддат ўтаган маҳбус ҳақида ҳеч қандай маълумот бера олмайман. Ҳозир менда бундай маълумот йўқ.
— Жаслиқ колониясида 1999 йилдан буён ҳозирга қадар қанча маҳбус вафот этган ёки оғир тан жароҳати олган?
— Бу бўйича ҳам ҳозир менда маълумот йўқ. Жазо муддатини ўташ жараёнида жиноят содир этган шахс ёш ёки қари бўлиши мумкин. Орасида касалликка чалинганлар бўлиши мумкин. Сурункали касалликлар ёки юрак ҳуружи каби табиий ўлим ҳолати юз берган бўлиши мумкин.
— Жаслиқ — Ёшлик деганидир. Аммо бу колония Ўзбекистон имиджига салбий таъсир ўтказиб келди. Журналистларда имконият борми колонияга бориб, маҳбуслар билан учрашиб, улардан интервью олиш.
— Колония бир ой давомида кўчирилади. Бундай вақтда журналистларни колонияга олиб бориш имконияти йўқ. Фақат маҳбуслар кўчирилгандан сўнг шундай имконият яратиш мумкин.
— Жаслиқда фаолият юритган ходимлар сони маҳбусларникидан кам эмас. Уларнинг тақдири нима бўлади?
— Ҳеч бир ходим ишсиз қолмайди. Биз бу масалани ҳам ҳисоб-китоб қилиб, яшаш жойидан келиб чиқиб, уларга иш топиб берамиз. Қорақалпоғистонда яшаб келган ходимлар ўз яшаш жойида қолади. Бошқалар ҳам аввалги яшаш жойига қайтарилиши белгилаб олинган.
— Собиқ МХХ раиси ўринбосари Шухрат Ғуломов ва унинг ҳамтовоқлари Жаслиқда сақланаётган эди. Энди улар қайси қамоқхонага ўтказилади?
— Қонунда белгиланган тартибда ўтказилади. Ҳозирча аниқ эмас.
— Диний экстремистик айблов билан қамалганлар бирор қатъий режим асосида юритиладиган колонияга юбориладими?
— Бизда бундай қамоқхонанинг ўзи йўқ.
— Қоровулбозор борку!
— У ерга фақат рецидивист жиноятчилар (қайта-қайта жиноят содир этганлар) юборилади. Диний экстремистик айблов билан қамалганлар борасида ўзимизча қарор қабул қилмаймиз. Белгиланган тартиб асосида тегишли қарор қабул қилинади. Жазо муддатини ўтаётган ҳам ўзимизнинг фуқаромиз. Қаердадир хатога йўл қўйиб, жиноят қилган бўлса, жазосини ўтамоқда. Давлатимиз раҳбари энг аввало инсон манфаатларини ҳаммасидан юқори қўймоқда. Очиғини айтганда, Жаслиқ колониясини ёпишга қаршилик қилганлар ҳам бўлди. Керак, бундай зона, деган гаплар бўлди. Аммо Давлатимиз раҳбари ҳеч нарсага қарамасдан ёпиш тўғрисида қарор қабул қилди.
— Жаслиқда 1999 йил, 16 февралда бўлиб ўтган воқеаларга дахлдор маҳбуслар бормиди?
— Йўқ.
— Ҳозир ҳамма соҳада эркинлик бор. Ривожланган демократик давлатларда қамоқхонадаги маҳбусларга диний ибодат учун шароитлар яратиб берилади. Ўзбекистонда маҳбусларга рўза тутиши ёки намоз ўқиши учун шароит яратиб берилганми?
— Авваломбор бу ўринда ички тартиб деган қоида бор. Агар ички тартиб ҳалал бермаса, шароит амалга оширилади.
— Жавобни аниқ берсангиз, шароит борми ёки йўқ?
— Бизда нафақат мусулмон, балки бошқа дин вакиллари ҳам бор. Уларга бўш вақтида ўзлари истаган иш билан шуғулланишлари учун шароит яратиб берилади. Аммо фақат ички тартиб асосида. Ҳамма маҳбуслар кун тартибига риоя қилиши шарт.
— Биз берган савол айнан мусулмонларга тегишли эди. Ҳатто Гуантанмода ҳам намоз ўқиш учун шароит яратиб берилган. Аслида бунинг учун катта шароит яратиш ҳам шарт эмас. Шунчаки тақиқланмаса бўлгани, маҳбуслар ибодат қилиб олишади.
— Бу нарса тақиқланмайди. Ҳамманинг ўзининг белгиланган бўш вақти бор. Ўша вақтда ўзи истаган иш билан шуғулланиши мумкин.
— Жаслиқ фаолияти учун бир йилда қанча маблағ сарфланган? Умумий ҳисобда.
— Бу маълумот ёпиқ турдаги ҳисобланади. Жаслиқда ҳам бошқа колониялардаги сингари маблағ сарфланган.
— Жаслиқнинг ёпилиши фақат имижмейкинг билан боғлиқми ёки ИИВдан ҳам ташаббус чиқдими? Ўзбекистон обрўйини кўтариш масаласи бўлмаганда Жаслиқ ёпилармиди?
— Жаслиқни ёпиш масаласи анчадан буён кўтарилаётган эди. Мақсад — жазо муддатини ўтаётган маҳкумлар оила аъзоларига енгиллик яратиш.
— Турли оқимларга қўшилиб қолган маҳбусларни тўғри йўлга қайтариш бўйича Жаслиқда қандайдир ишлар бўлдими?
— Бу борада кўп ишлар амалга оширилди. Бу ўринда нафақат ИИВ, балки кенг жамоатчилик ҳам иштирок этди. Уларга маҳбуслар билан учрашиш имкони берилди. Суҳбатлар олиб борилди ва бошқа тадбирлар ўтказилди.
— Бу ерда 10га яқин саволлар берилди, аммо журналист сифатида аниқ жавоб олмадик. Биз тадбирни қандай ёзишга ҳам ўйланиб турибмиз. Брифингни ўтказишдан асосий мақсад нима ўзи? Аниқ жавоб олмагандан сўнг матбуот анжумани нимага керак. Масалан, намоз масаласида аниқ жавоб эшитишни истаган бўлардик. Жаслиқнинг ёпилиши Ўзбекистон имиджини ошириш учун бўлдими ёки бошқа сабаб ҳам бормиди? Бу саволларга кимдир аниқ жавоб берадими?
— Брифинг ўтказишдан мақсад — Президентимизнинг 2 августда қабул қилган қарори билан Қорақалпоғистон Республикаси Қўнғирот туманида жойлашган Жаслиқ колонияси ёпилиши борасида эди. Биз шу мавзуга оид саволлар кутган эдик. Аммо бу ерда берилган саволларнинг барчасини ҳам очиқлай олмаймиз. Биз фақат қонун доирасида рухсат берилганларига жавоб беряпмиз. Тадбирда жазони ўташ бош бошқармаси бошқарма бошлиғи Жамшид Султонов иштирок этяпти. Саволларга у жавоб беради.
Жамшид Султонов: Журналистлар томонидан берилган диний ибодат билан шуғулланишга шароит яратиладими, деган савол нотўғри бўлди. Агарда кун тартибида ибодат учун вақт ажратилганми, деса, тўғри бўларди. Жазони ўташ жойида фақат ислом динига эътиқод қилинган маҳбуслар жазо ўтамайди. Барча учун кун тартиби бир хил. Агар эрта тонгда туриб, намоз ўқимоқчи бўлса, ёки саҳарлик қиламан, деса ва жазони ўташ муассасаси томонидан унга шароит яратиш учун ҳаракат бўлса, кун тартиби бузилади. Тартиб ҳамма учун бир хил. Агар маҳбус кун тартибини бузмаган ҳолда ибодатини амалга оширадиган бўлса, унга жазо берилмайди. Маҳбус саҳар туриб намоз ўқийман, ёки кун давомида овқат емайман, деса, уни ҳеч ким мажбурламайди.
Намоз бировга айтиб ўқиладиган ибодат эмас. Намоз Яратган билан бандаси ўртасидаги амал. Ибодатни кимгадир ошкор қилиб амалга ошириш яхши эмас. «Дил ба ёру даст ба кор», деган гап бор.
Жазони ўташ муассасаларида кун тартибини бузиш жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.
— Жаслиқда паст томли, энгашиб юрадиган, тизза бўйи сув турадиган камералар бор, дейишарди. Шу ростми?
— Йўқ, мутлақо ёлғон. Ўтган йили халқаро ҳамжамиятлар вакиллари келиб, Жаслиқни тўлиқ ўрганиб кетишган ва шароитларга юқори баҳо беришган. Кўришни истайдиганлар бўлса, журналистлар учун пресс тур ўтказилиши мумкин.
— Битта одам 16-20 йиллаб ўтирмаган, дедингиз. Аммо чиқиши яқин қолганда қайсидир айблов билан муддат қўшиб берилгани ҳақида хабарлар бўлиб турарди.
— Сиз аниқ исм-фамилия беринг, биз аниқ жавоб берамиз. Мавҳум саволларга жавоб беришни истамаймиз.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter