Исломбек Рустамбеков: «Инвестицион жозибадорлик учун барқарор қонунчилик керак»
«Xabar.uz» мамлакатимизнинг ижтимоий, иқтисодий ва маданий соҳаларида хизмат қилаётган юртдошларимиз билан туркум интервьюларни давом эттиради.
Навбатдаги суҳбатдошимиз куни кеча илк ўзбекистонлик ҳуқуқшунос сифатида ICSID халқаро арбитрлари рўйхатига киритилган ҳамюртимиз, юридик фанлари доктори, профессор Исломбек Рустамбеков бўлди. Ҳуқуқшунос профессор 5 та халқаро арбитраж марказининг арбитрлари рўйхатига киритилган. Шунингдек, Тошкент давлат юридик университети проректори сифатида фаолият кўрсатмоқда.
— Аввало, илк ўзбекистонлик ҳуқуқшунос сифатида ICSID халқаро арбитрлари рўйхатига киритилганингиз билан табриклайман! Келинг, суҳбатимизни ушбу марказ фаолияти мавзусида бошласак.
— Раҳмат! «Xabar.uz» порталига интервью бераётганимдан хурсандман. Сўнгги йиллар юртимизда матбуот нашрлари ўрни юксалиб боряпти. Албатта, улар сафида «Xabar.uz»нинг ҳам борлиги мамлакатимиз ахборот маконида рақобат ва хилма-хилликка сабаб бўлиб, соҳа ривожланишига хизмат қилмоқда. Саволингизга тўхталадиган бўлсам, ICSID — International Center for Settlement of Investment Disputes, яъни Инвестиция низоларини ҳал этиш бўйича халқаро марказ халқаро инвестицион низоларни ҳал қилишга мўлжалланган дунёдаги етакчи институт ҳисобланади. Мазкур марказ 1966 йили давлатлар ва бошқа давлатларнинг фуқаролари ўртасида инвестиция бўйича низоларни ҳал қилиш тўғрисидаги конвенция (1965 йили қабул қилинган Вашингтон конвенцияси) асосида ташкил этилган бўлиб, шу кунгача 600 дан ортиқ инвестициявий низоларни кўриб чиққан.
Марказ низоларни келишув, арбитраж ёки далилларни топиш орқали ҳал қилишни таъминлайди. ICSID жараёни халқаро инвестиция низолари ва уларни жалб этган томоннинг ўзига хос хусусиятларини инобатга олган ҳолда, инвесторлар ва қабул қилувчи давлатларнинг манфаатлари ўртасида пухта мувозанатни сақлаш учун ишлаб чиқилган. Ҳар бир ҳолат томонларнинг далиллари ва ҳуқуқий асосларини эшитганидан сўнг арбитраж трибунали томонидан кўриб чиқилади.
Шунингдек, ICSID томонидан инвестиция фаолияти соҳасидаги халқаро шартномалар ва миллий қонунлар бўйича маълумот бериш, кенг доирадаги нашрлар, жумладан журнал ва тўпламлар чоп этиш, турли халқаро тадбирлар ва тақдимотлар ўтказиб бориш фаолияти ҳам юритилади.
Мамлакатимиз Вашингтон конвенциясига ва бу орқали ICSIDга 1994 йили қўшилган.
— Сизнингча, шу вақтга қадар ўзбекистонлик юристларнинг ICSID халқаро арбитрлари рўйхатига кирмаганлигига айнан нималар сабаб бўлган?
— ICSID ихтисослашган арбитраж маркази, у фақат инвестиция низоларини кўриб чиқади ва ҳал этади. Инвестиция низолари эса ўзига хос хусусиятларга эга ҳамда уни ҳал этиш учун белгиланган арбитрлардан чуқур билим, мазкур соҳада тажриба ва катта масъулиятни талаб этади. Арбитрлар рўйхатига кириш учун мутахассис халқаро инвестиция ҳуқуқи, халқаро арбитраж, халқаро низоларни ҳал этиш масалалари бўйича билим, кўникма ва компетенцияларга, шу соҳада амалий тажрибага эга бўлиши керак ҳамда мазкур соҳа доирасида ўз давлатида ва халқаро миқёсдаги амалиётчилар ўртасида номини танита олиши талаб этилади. Шунингдек, низоларнинг асосий қисми инглиз тилида кўриб чиқилиши сабабли, арбитр инглиз тилини ҳам мукаммал билиши зарур.
Афсуски маълум давргача мамлакатимизда мазкур соҳада кадр тайёрлашга етарлича эътибор берилмаган ҳамда бу соҳадаги амалиёт ривожланмаган. Лекин давлатимиздаги иқтисодий ўсишлар, халқаро савдо-иқтисодий ва инвестициявий муносабатларнинг ривожланиши юридик кадрлар тайёрлашда халқаро миқёсда давлат, жисмоний ва юридик шахслар манфаатларини ҳимоя қила оладиган ҳуқуқшуносларга эҳтиёжни кучайтирди.
Шу сабабли халқаро низоларни ҳал этиш, шу жумладан халқаро арбитраж масалаларига эътибор кучайиши бошланди.
2013 йил Тошкент давлат юридик университети ташкил этилиб, унда Халқаро тижорат ҳуқуқи кафедраси очилган ва мен ушбу кафедранинг мудири этиб тайинланганман. Шунда кафедра фанларига «Халқаро тижорат арбитражи» фанини киритиб, унинг дастурларини ишлаб чиқиб ўқитишни бошлаган эдик. Шунингдек, халқаро арбитраж соҳасидаги мутахассисларни таклиф этиб, кўплаб тадбирлар ташкил этиш тажрибасини ҳам йўлга қўйганмиз. Кейинчалик Тошкент давлат юридик университети ҳузурида Юридик кадрларни халқаро стандартлар бўйича профессионал ўқитиш маркази ташкил этилди. Ҳозирда ушбу Марказ томонидан айнан халқаро низоларни ҳал этиш, халқаро арбитраж ва медиация масалалари бўйича хорижий экспертлар иштирокида ўқув курслари ташкил этиб келинмоқда. Унинг битирувчилари хорижий юридик компаниялар ва халқаро арбитраж марказиларига стажировкага юборилмоқда. Шунингдек, жорий йилдан Тошкент давлат юридик университетида Халқаро арбитраж ва низоларни ҳал этиш номли магистратура мутахассислиги ҳам жорий этилди.
Ўйлайманки, мазкур ишларимиз келгусида ўзининг самарали натижасини беради ва халқаро миқёсда фаолият юритадиган, хусусан халқаро арбитраж марказларида арбитр бўлиб низоларни ҳал этишда иштирок этадиган мутахассисларимиз кўпаяди.
— Бугунги кунда мамлакатимизда ҳам инвестициявий низолар рўй бериб турадими? Билишимча, бу хусусда жамоатчилик кўп ҳам хабардор эмас.
— Бугунги кунга қадар мамлакатимиз иштирокида 8 та инвестиция низоси ICSIDда кўриб чиқилган. Ушбу маълумот ICSIDнинг расмий веб-саҳифасида мавжуд. Бир нечта шундай кўриб чиқилган низолар бўйича маълумотлар миллий ОАВларда ҳам ёритилган.
Шуни таъкидлашим ўринлики, Ўзбекистон иштирокидаги бир нечта ишлар халқаро инвестиция арбитражи амалиёти учун муҳим прецедент сифатида эътироф этилади.
Қўшимча маълумот сифатида айтмоқчиман, бугунга қадар мамлакатимиз 55 та давлат билан ўзаро инвестицияларни қўллаб-қувватлаш ва ҳимоялаш тўғрисидаги икки тарафлама шартномалар имзолаган. Ушбу шартномаларда инвесторлар ўзларининг ҳуқуқлари бузилган ва бунинг натижасида уларга моддий зарар етказилган деб ҳисоблайдиган бўлсалар ICSID халқаро арбитраж марказига мурожаат қилиш ҳуқуқлари кафолатланган.
— Мамлакатимизда инвестиция муҳитини яхшилаш, унинг жозибадорлигини ошириш, шунингдек инвестиция низоларини олдини олиш йўналишида нима ишлар қилиниши керак деб ўйлайсиз?
— Юртимизда инвестиция муҳитини ва хорижий инвесторлар учун жозибадорликни ошириш жуда муҳим. Бу учун миллий ҳуқуқ тизими ва амалиётида биринчи навбатда барқарор қонунчилик ва ҳуқуқ устуворлиги таъминланиши талаб этилади. Яъни, инвестор сармоя киритишда кейинги 10-20 йилда қонунчиликда кескин ўзгаришлар бўлмаслиги, мамлакат барқарор ривожланиши, давлат органлари ўз функционал вазифаларини ўз вақтида, ортиқча бюрократиясиз ва сифатли бажариши шарт. Инвесторнинг ҳуқуқлари бузилган тақдирда суд қонун-ҳужжатларига мувофиқ, тўлиқ асослантирилган адолатли қарор чиқаришига ишонч ҳосил қилиши керак. Буни эса давлат йиллар давомида шаклланган ва фаолият юритаётган тизим сифатида кўрсатиб бериш лозим.
Охирги йиллар қабул қилинган, жумладан, «Инвестиция ва инвестиция фаолияти тўғрисида»ги, «Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида»ги қонунлар, янги Солиқ кодекси, шунингдек суд тизимидаги ўзгаришлар — буларнинг барчаси айнан адолатли тизим ва ҳуқуқ устуворлигини таъминлашга хизмат қилишга қаратилган. Давлат хизматчилари айнан шу қонунлар моҳиятини ва амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмунини тўлиқ англаган ҳолда ўз фаолиятларини тўғри ва самарали ташкил эта олсалар албатта буларнинг барчаси ўзининг ижобий натижасини кўрсатади, деб ўйлайман.
— Суҳбатимизни нима учун айнан таълим, хусусан илмий соҳани танлаганингиз мавзусида давом эттирсак?
— Магистратурада ўқиётган вақтларимда айнан илмий фаолият билан шуғулланишни, илмий мақолалар ёзишни, илмий таҳлил ва мушоҳада қилишни ўрганганман. Устозларим мақолалар ва рисолалар нашр этиш, дарс машғулотларини биргаликда олиб бориш, педагогик технологияларни ўргатишган. Шундан сўнг илмий-педагогик фаолиятга қизиқиб аспирантурага ўқишга кирганман ва номзодлик диссертациясини ҳимоя қилганман. Сўнгра ўқитувчи, катта ўқитувчи, доцент, кафедра мудири сифатида фаолият юритдим ва фан доктори илмий даражасига эришдим. Шу билан бирга, илмий фаолиятим давомида АҚШ, Сингапур, Германия, Франция, Австрия, Нидерландия давлатлари университетлари билан тажриба алмашинувида бўлганман.
Бундан ташқари ҳозирда илмий даражалар берувчи илмий кенгаш раиси ва бир қатор илмий журналлар таҳрир ҳайъати аъзосиман. Илмий фаолиятим давомида 100 дан ортиқ илмий ва ўқув-услубий ишлар миллий ва хорижий нашрларда чоп этилган.
— Бўш вақтларингизда нималар билан шуғулланасиз ва ёшлар албатта ўқиши керак бўлган китоблар бўйича тавсияларингиз?
— Афсуски бўш вақтим кам бўлади, лекин бўш вақт бўлганида оиламга ва фарзандларимга вақт ажратишга, шунингдек бадиий адабиётлар ўқишга ҳаракат қиламан. Шу ўринда ёшларимизга кўпроқ китоб ўқишни тавсия қилган ҳолда Худойберди Тўхтабоевнинг «Беш болали йигитча», Абдулла Қодирийнинг «Ўтган кунлар» ва «Меҳробдан чаён» асарларини, Николай Островскийнинг «Пўлат қандай тобланди», Фёдор Достоевскийнинг «Жиноят ва жазо», Николло Макиавеллининг «Ҳукмдор», Келли Макгонигалнинг «Ирода кучи: қандай қилиб ривожлантириш ва мустаҳкамлаш мумкин», Тина Силингнинг «Ўзингни ўзинг яса» ва Дейл Карнеги, Пауло Коэлио, Роберт Кийосаки асарларини ўқишни тавсия этаман.
— Келгусидаги режаларингиз қандай?
— Ҳуқуқшунос олим сифатида ўз олдимга бир қатор режалар қўйганман. Жумладан, халқаро низоларни ҳал этиш, халқаро арбитраж ва медиация йўналиши бўйича алоҳида илмий мактаб яратиш, мазкур йўналишда илмий мақолалар, монографиялар ва дарсликлар нашр этиб уларни халқаро миқёсда эътироф этилишига эришиш, ушбу соҳа бўйича етук мутахассислар тайёрланишини йўлга қўйиш асосий мақсадларимдан. Бундан ташқари, халқаро арбитраж ва медиация йўналишида фаолиятимни янада кенгайтириш, бошқа турли арбитраж марказларига арбитр ва медиатор сифатида рўйхатга кириш ниятидаман ҳамда халқаро низоларни ҳал этишда халқаро эътироф этилган мутахассис сифатида ном қозонишга ҳаракат қиламан.
Нурилло Тўхтасинов
суҳбатлашди
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter