Икки карра икки неччи? Ёки «ёпиқ қозон» очилмасинми?
Хабарингиз бор, қатор сайт ва ижтимоий тармоқларда, хусусан, «Xabar.uz»да ҳам Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги «Шамсиддинхон Бобохонов босмахонаси» МЧЖ ва «Мовароуннаҳр» нашриёти ўртасидаги молиявий муносабатларга оид бир эмас, иккита танқидий мақол чоп этилди.
Икки карра иккидай кўриниб турган сирли-сирли «операциялар» замирида талон-торожликлар бўлиши эҳтимолдан холи эмаслиги, бундай «ўйин»лар оқибатида «Ҳидоят», «Мўминалар» журналлари, «Ислом нури» газетаси обуначиларнинг манфаатларига зарар етаётгани ҳақида бонг урилган ҳар икки мақола юзасидан, ниҳоят, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси муносабат билдирди.
Яратганга ҳамд-у сано, суюкли Пайғамбаримизга саловотлар айтиш билан бошланган муносабатда мақолаларда тилда олинган фактлар расман рад этилмайди, шу баробарида тан олинмайди ҳам. Сермулозамат ва сертавозелик билан ёзилган матнда, жайдари тилда айтсак, «арава қуруқ олиб қочилади», холос.
Яъниким, номи қайд этилган нашрлар «Шамсиддинхон Бобохонов босмахонаси» МЧЖда (мамлакатимизнинг етакчи ва нуфузли матбаа корхоналаридан фарқли равишда!) нега қарийб 30 фоиз (!) қимматга чоп этилаётгани, харажатлар йил бошидаёқ «кўтарасига» олволинганига қарамай, ишлар нима учун ўлда-жўлда қолиб кетаётгани ҳақида тайинли изоҳ йўқ. Шунингдек, шартномавий мажбуриятларини бажармаганига қарамай «Шамсиддинхон Бобохонов босмахонаси» МЧЖга «Мовароуннаҳр» нашриёти қўшиб юборилаётгани унинг (босмахонанинг) молиявий «тоат-ибодатлари»ни ёпиб боришига имконият яратмаяптими, мазмунидаги савол ҳам очиқ қолиб кетган.
Бундай очиқ ва оғриқли саволлардан «кўз юмган» диний идора «Мовароуннаҳр» нашриёти ва «Шамсиддинхон Бобохонов» босмахонасининг таъсисчиси сифатида мазкур корхоналарнинг самарали фаолиятини йўлга қўйиш учун истиқболли режаларни амалга ошириш, шу жумладан, хўжалик юритиш шаклини ўзгартириш ва йўналтириш каби ҳуқуқларга эга» эканлигини пеш қилишдан нарига ўтмайди ҳамда бу амалиётнинг (икки юридик шахсни қўшиб юборилишининг) ижобий жиҳатларини санашга тушади...
Албатта, битта ташкилот тасарруфида икки юридик шахснинг бирлаштирилишида кўпроқ самара бўлиши мумкин. Ҳамма гап имкониятлардан тор доира эмас, умумманфаат йўлида фойдаланишда! Самара ҳам шунда, барака ҳам...
Қисқаси, мусулмонлар идорасининг муносабати билан қуйидаги ҳавола орқали танишингиз мумкин. Хулоса ўзингизга тан.
Яна бир гап: аввалги мақолалар чоп этилиши ҳамоно ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар эътиборини тортган, Бош прокуратура матбуот хизматининг «Xabar.uz»га маълум қилишича, ундаги ҳолатлар тегишли тартибда ўрганиб чиқилади.
Демак, мавзуга қайтиш эҳтимоли юқори.
Пировардида, Мусулмонлар идораси таъкидини қайтарамиз: Ҳақ таоло барчамизни тўғри йўлда собитқадам айласин!
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter