Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ижтимоий тармоқда машҳурларнинг қиморни реклама қилиши танқидга учради

Ижтимоий тармоқда машҳурларнинг қиморни реклама қилиши танқидга учради

Фото: «Xabar.uz»

Сўнгги пайтларда қимор ва таваккалчиликка асосланган турли онлайн ўйинларга муккасидан кетган фуқароларнинг қарзга кириб, пировардида ўз жонига қасд қилиши ҳолатлари кўпаймоқда. Бу ҳақда «Маҳалла» газетасининг бугун, 10 декабрь куни чоп этилган сонида сўз боради.

«Ижтимоий тармоқларда, хусусан, бир неча юз минглаб кузатувчиларга эга машҳур шахсларнинг саҳифаларида қимор ўйинларини реклама қилиш ҳолатларига кўп бор дуч келяпмиз. Ачинарлиси, ҳудудларда онлайн қимор ўйинларини ташкил этиш бўйича хизмат кўрсатиш тармоқлари шаклланиб бормоқда. Жумладан, айрим фуқаролар томонидан тўлов хизматларини кўрсатиш (Paynet шохобчалари) ниқоби остида онлайн қимор ўйинларида қатнашиш учун электрон маблағлар билан таъминлаш хизмати йўлга қўйилган», – деб ёзади нашр.

Қайд этилишича, онлайн қимор оқибатида ўз жонига қасд қилиш, фирибгарлик, бюджет маблағини талон-торож қилиш каби жиноятлар сони ошмоқда.

Қимор билан боғлиқ жиноятлар 2019 йилда 55 та, 2020 йилда 86 та, 2021 йилда 103 та, 2022 йилнинг олти ойида эса 90 тани ташкил этган.

Онлайн қиморда ютқазгани сабабли 2021 йили ва жорий йилнинг олти ойида 12 нафар фуқаро ўз жонига қасд қилиб вафот этган. Уларнинг барчаси 25 ёшгача бўлганлардир.

Масалан, июнь ойи охирида Наманган вилояти Норин туманидаги автомактабда ўқитувчи бўлиб ишлаган Н.А. уйи томига ўзини осиб вафот этган. Текшириш давомида марҳум охирги вақтларда онлайн қиморда ютқазгани, оқибатда оиласида келишмовчиликлар келиб чиққани ва руҳиятида салбий ўзгаришлар бўлгани ойдинлашган.

Фарғона давлат университетининг маънавиятга алоқадор бўлимида ишлайдиган йигит ҳам онлайн қимордан катта миқдорда қарздор бўлиб қолгач, ўз жонига қасд қилган.

Фарғона вилояти Ёзёвон туманида яшовчи У.Н.  қиморда 100 миллион сўм ютқазгач, қўшнисиникига ўғриликка тушган ва ҳомиладор келинни пичоқлаб ўлдирган.

Данғара туманида ҳам ёш ўспирин «1Xbet»да бой берилган 16 миллион сўм сабаб жонига қасд қилган.

«Маҳалла» газетаси таваккалчиликка асосланган касофат ўйинларга қарши курашиш учун бутун жамоатчилик саъй-ҳаракат қилиши лозимлигини эслатган.

Аввал хабар берганимиздек, 2021 йил 15 май куни Самарқанд вилояти Пастдарғом тумани Янгиобод маҳалласида яшаб келган 18 ёшли ўспирин тотализаторда катта пул ютқазиб ўз жонига қасд қилган.

Ургут тумани Қоратепа маҳалласида яшовчи 18 ёшли ўсмир қиморга муккасидан кетиб, ўғриликка қўл урган.

Аввалроқ таниқли тадбиркор Зафар Ҳошимов қиморга берилаётган ёшларни огоҳлантирган эди.

«Билингки, «қанийди ютсам» деган орзуларингиз тез кунда «қанийди қарздан қутулсам» деган орзуга айланиб қолади. Бу – муқаррар жараён. Қимор ўйини одоб ва динимизга тескарилиги ҳақида етарлича гап бўлди, лекин қиморда электрон казинони ютаман деган хомхаёл илмга ҳам тескари. Эҳтимоллар назарияси соҳасида мутахассис сифатида аниқ айтаманки, казинонинг ошиғи олчи, ўйинчиларда эса шанс йўқ. Бирорта пул ютган танишим бор десангиз, яна шуни билингки, казинода бирор марта ютганлар охир-оқибат казинода энг кўп ютқазганлардан бўлади», – деб ёзган З.Ҳошимов.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаевга кўра, интернетда қимор ва таваккалчиликка асосланган ўйинлар учун жавобгарлик белгиланмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг