Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

ИИБ ходимларини дўппослаган ака-укаларга нисбатан ҳукм ўқилди

ИИБ ходимларини дўппослаган ака-укаларга нисбатан ҳукм ўқилди

Жиноят ишлари бўйича Зафаробод туман судида ИИБ ходимларини дўппослаган ака-укага оид жиноят иши кўриб чиқилди.

...Ҳаммаси Зафаробод пахта тозалаш заводи остонасида бошланди. Ўтган йилнинг октябрь ойи ўрталари... Тумандаги фермер хўжалигида ишлаб келган ака-ука Шокир ва Зокир Муродалиевлар (исми-шарифлар ўзгартирилди) кеч соат 20.00 атрофида заводга терилган ҳосилни топшириш учун келишади. Завод остонасида тракторлар кўп, келганки пахтасини тезроқ топшириб кетишни ўйлайди. Ҳамма чарчаган, асаблар таранг, хуллас, битта кам, иккитаси ортиқча...

Шу пайтда навбат билан боғлиқ можаро юзага келди. Заводга тракторларни тартиб билан киришини таъминлаш мақсадида хизмат вазифасини ўтаётган туман ИИБ ЙҲХБ МА ходими С.Бозоров ҳамда вилоят ИИБ ЙҲХБ ходими Д.Файзуллаевларнинг ўртага тушиши ҳам наф бермади. Ака-укалар уларга фаол қаршилик кўрсатиб, қўл кўтаришгача боришди.

Жиззах вилоят суд-тиббий экспертиза бюросининг хулосасига кўра, «мушт кетди»да Д.Файзуллаевга ўртача оғир, С.Бозоровга эса соғлигининг бузилишига олиб келмаган енгил тан жароҳати етказилибди.

Ака-укалар-ку, кўп ўтмай қилган ишидан пушаймон бўлишди, узр-маъзурни ҳам насияга қолдиришмади. Шунингдек, Ёшлар иттифоқи Зафаробод туман Кенгаши раиси ҳам кафолат хати бердики, жазо тайинлашда буларнинг ҳаммаси инобатга олинди.

Жиноят ишлари бўйича Зафаробод туман судининг раиси А.Ходимовнинг «Xabar.uz»га маълум қилишича, суд якунига кўра, акага 4 (тўрт) йил 6 (олти) ой, укага эса 3 (уч) йил 2 (икки) ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг