Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ҳуқуқшунос «Салимбойвачча иши» бўйича нозик нуқталарга эътибор қаратди

Ҳуқуқшунос «Салимбойвачча иши» бўйича нозик нуқталарга эътибор қаратди

Салим Абдувалиев 2017 йилдан Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси раисининг ўринбосари лавозимида фаолият юритган.

Адвокат Беҳзодбек Ғаниев «Салимбойвачча» лақаби билан танилган Салим Абдувалиевга нисбатан қўзғатилган жиноят ишининг айрим нозик ҳуқуқий жиҳатларига эътибор қаратди.

Аввал хабар берганимиздек, 12 декабрь кунги матбуот анжуманида Тошкент шаҳри ички ишлар бош бошқармасининг биринчи ўринбосари Дониёр Тошхўжаев Жиноят кодексининг 248-моддаси 1-қисмида (ўқотар қуролни қонунга хилоф равишда сақлаш) назарда тутилган қилмишни содир этишда гумонланиб ушланган Салим Абдувалиевга қўйилаётган айблов янада оғирроғига ўзгартирилганини маълум қилган эди. Тергов органлари айбловни ЖК 248-моддаси 1-қисмидан 2-қисмига (ўқотар қуролни қонунга хилоф равишда сақлаш такроран ёки хавфли рецидивист томонидан содир этилиши) ўзгартирган.

Адвокат Беҳзодбек Ғаниев бу ҳолатда жиноят такроран содир этилганми ёки терговга жалб этилган шахс хавфли рецидивистми деган масалани қўйган.

«Жиноятлар такроранлиги деганда, қонунга кўра шахс томонидан турли вақтларда қасддан содир этилган икки ва ундан ортиқ жиноят тушунилади. С.Абдувалиевнинг уйида ўтказилган тинтувда ўқотар қуроллар ноқонуний сақлаб келинаётгани аниқланган. Уни такроранлик белгиси билан айблаш учун  ўқотар қуролни уйда рухсатномасиз сақлаб келганликнинг ўзи етарли бўлмайди. Яъни ҳозирда ўтказилган тинтувдан (тезкор тадбирлардан) аввал ҳам унинг ўқотар қуролни ноқонуний сақлаганлиги аниқланган ва бу қилмиши учун судланмаган бўлиши талаб этилади.

Хавфли рецидив жиноят деб топишни қонун шахснинг илгари содир этган жинояти учун судлангандан кейин унга айнан ўхшаш янги жиноятни қасддан содир этиши билан боғлайди. Демак, С.Абдувалиевни ушбу квалификация белгиси билан айблаш учун у муқаддам ҳам ўқотар қуролни қонунга хилоф равишда сақлаб ёки ўтказиб, судланган бўлиши зарур. Бизда эса С.Абдувалиевнинг муқаддам қандай жиноятлар учун судланганлигига оид маълумотлар йўқ», – деб ёзади Б.Ғаниев.

Ҳуқуқшунос жиноят содир этишда айбланаётган шахснинг ёши ва унга тайинланадиган эҳтимолий жазо ўзаро боғлиқлигини ҳам урғулаган.

«С.Абдувалиев айбланаётган жиноят учун 5 йилдан 10 йилгача (60 ойдан 120 ойгача) озодликдан маҳрум қилиш (ОМҚ) назарда тутилган бўлса-да, у 60 ёшдан ошгани сабабли 80 ойдан ортиқ ОМҚ қўллаш мумкин эмас», – деб ҳисоблайди у.

73 ёшли С.Абдувалиев жорий йил 1 декабрь куни ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ҳибсга олингани ҳақида хабар тарқалган эди. 5 декабрь куни у Тошкент шаҳри ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан қўзғатилган жиноят иши доирасида процессуал тартибда ушлангани расман маълум қилинди.

Салим Абдувалиев 2017 йилдан Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси раисининг ўринбосари, Спорт курашлари ассоциацияси раиси лавозимида фаолият юритиб келган. Миллий олимпия қўмитаси сайтида у ҳали ҳам ушбу лавозим эгаси ўлароқ кўрсатилган.

«Wikipedia» электрон қомусида мазкур шахсга «ўзбекистонлик йирик тадбиркор», «меценат ва машҳур спорт устаси», «Ўзбекистоннинг энг бой одамларидан бири» деб таъриф берилган.  

«Салимбой Ўзбекистон бўйлаб болалар спортини ривожлантиришда ўзининг ҳиссасини қўшиб келгани айтилади. У, шунингдек, болалар уйларида эркин кураш тўгаракларини ташкил қилган ва кўплаб спортчиларнинг халқаро мусобақаларда қатнашишида кўмак берган», – дейилади мақолада.

Миллий олимпия қўмитаси маълумотига кўра, С.Абдувалиев 2021 йилда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спорт устози фахрий унвони билан, 2022 йилда эса Людвиг Нобель мукофоти билан тақдирланган. Қўмита хабарида С.Абдувалиев «иқтисод фанлари номзоди, дунёнинг бир нечта нуфузли университетлари фахрий доктори» экани ҳам қайд этилган.  

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг