Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Хушнудбек Худойбердиев

Фақат ҳақиқатни, барча ҳақиқатни, ҳақиқатдан ўзга ҳеч нарсани…

Ҳокимларга «закон» борми?

Ҳокимларга «закон» борми?

Фото: «Kun.uz»

Яккабоғ туманида бўлган воқеани эшитган, видеоларини кўрган бўлсангиз керак.

Тадбиркорнинг биносини туман ҳокими ўринбосари бульдозерга чиқволиб, ўз қўли билан бузаётган бўлган, тадбиркор эса жаҳл устида унинг устига бензин сепиб, гугуртни ёқиб устига отган. Натижада ҳоким ўринбосари 2 сония аланга ичида қолган, атрофдагилар оловни тезда ўчириб олган.

Ҳоким ўринбосари танасининг 35-40 фоизи куйибди. Тадбиркор танасининг ҳам бир қисми ёнган.

Кун.уз эса ушбу ҳолат бўйича суриштирув ўтказибди. Унда айтилишича, бинони бузиш учун ҳеч қандай огоҳлантириш берилмаган, воқеа бўлиб ўтгач, ҳокимликдагилар огоҳлантириш хати олиб келган. Компенсация ҳақидаку гап-сўз бўлиши мумкин эмас.

Ўша заҳоти тадбиркор ва унинг ўғлини тўғри ИИБ бўлимига олиб кетишган. Олов ёқишда қатнашмаган бўлса ҳам, ўғлини 50 соатдан ортиқ вақт мобайнида ушлаб турилган ва ҳаттоки унинг таъкидлашича, бошидаги ва елкасидаги жароҳатларни ИИБ ходимлари етказган эмиш (мақолада жароҳат изларининг расми илова қилинган).

Бир фикрни қатъий таъкидлайман, самосуд – яъни қонунбузарликларга қарши ўзбошимчалик билан чора кўриш яхши иш эмас. Бировнинг устига бензин қуйиб ёқиб юбориш ва натижада ўзгаларнинг ҳаётига хавф солиш ҳам жуда ёмон иш. Бу шубҳасиз, жиноят. Илтимос, ҳар қандай вазиятда ҳам бундай қилманглар, жаҳл келганда ақл кетар дейишади, ўзингизни тутишга ҳаракат қилинг.

Аммо жабрланувчини бу ишга нима мажбур қилганини ҳам ёддан чиқармаслик керак.

Аввало ўша ҳоким ўринбосарига саломатлик тилайман ва тезда тузалиб кетишига тилакдошман.

Лекин гарчи жароҳат олиб, ҳозир жабрланувчига айланиб олган ўша «каттакон»нинг ўзини ҳам албатта жазолаш керак.

Ким унга ҳуқуқ берди, ичида одамлар турган бинони бузишга?!

Ким унга ҳуқуқ берди, на огоҳлантириш хати, на компенсация тўламасдан ўзганинг мулкига зарар етказишга?

Ким унга ҳуқуқ берди, бульдозер рулига ўтириб, ўзбошимчалик билан, биноларни бузишга оид хавфсизлик талабларига риоя қилмасдан, зўравонлик қилишга?! Унинг ўзбошимчалиги ўша ердаги одамларнинг ҳаётига бевосита хавф соляпти-ку! Камида бульдозер ҳайдашга ҳаққи бормиди ёки йўқ (гувоҳнома/ишончнома), буни ҳам текшириш керак ва жаримага тортиш керак.

Айрим ҳокимлар ва уларнинг ўринбосарлари ўзларини ким деб ўйлаяпти? Айтинглар, кимсизлар? Нега бунчалик қутуряпсизлар? Шунчалик зўравон бўлиб кетдингларми? Бу кетишда бугун ўзилар бульдозерга ўтирволиб, бировни мулкини бузаётган бўлсанглар, эртага тўппа-тўғри халқни устига ҳайдашдан ҳам тап тортмайсизлар шекилли?

Бугун «власть» мени қўлимда, бу ҳудудда мен хўжайинман, қонун ҳам ўзим, суд ҳам ўзим, ўшанчун билганимни қиламан, дейдиган баъзи қонунбузар зўравонлардан қачон қутуламиз ўзи?

Халқнинг бошқа йўли қолмаяпти ахир, ҳеч қандай қонуний йўл ҳокимларга қарши туриб бера олмаяпти. Яқинда кўрдикку, бутун бошли туман ўқитувчиларига бетон қуйдирган ҳоким ўринбосари атиги 600 минг сўм жарима билан қутулди. Шунда ҳам жамоатчиликнинг босими остида. Йўқса, ҳеч вақо бўлмасди. Шуми адолат?

Барака топгурлар, тушунсангизчи ахир, ҳоким тўраларнинг бунақа зўравонлиги бора-бора жамиятда ижтимоий портлашга етаклайди. Мана шунақа халқни бир тийинга олмайдиган, инсон ҳуқуқларига тупуриб қўйганларни дастидан оғир оқибатлар келиб чиқиши мумкин.

Бу каби зўравон ҳокимларни танобини тортиб қўядиган ҳеч ким йўқми, а?

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг