Ҳазораспдаги каналдан топилган мурда шахсига аниқлик киритилди
Бугун ижтимоий тармоқларда Ҳазорасп тумани ҳудудидан ўтган каналдан топилган «Тико»дан инсон мурдаси чиққанига оид хабарлар тарқалганди. Машина кимга тегишли экани аниқ бўлди, ундаги мурда шахсига аниқлик киритилди. Бу ҳақда «Xabar.uz»га Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов маълум қилди.
Унга кўра, шу йилнинг 17 март куни Ҳазорасп туманида истиқомат қилувчи 34 ёшли Т.Қ. отасига тегишли «Тико» русумли автомашинада уйидан чиқиб кетиб, қайтиб келмаган. Унинг бедарак йўқолганлиги факти бўйича туман прокурори томонида Жиноят кодексининг 97-моддаси (Одам ўлдириш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилади.
Олиб борилган тезкор-тергов ҳаракатлари жараёнида Т.Қ. уйидан чиқиб кетган сана — 17 март куни кечга яқин «Тошсақа» каналининг Ҳазорасп (ҳозирда Тупроққалъа) тумани ҳудудидан ўтган «Чап қирғоқ» сув тақсимлаш иншооти олдида бўлгани аниқланади. Айни маълумотдан келиб чиқиб, у сувга чўккан бўлиши эҳтимолига ойдинлик киритиш мақсадида шу йилнинг 4 июнь куни сув тақсимлаш иншооти ҳудуди (сувдан) тўсилди. ИИБ ва махсус қутқарув хизмати ходимлари томонидан каналда тегишли ишлар олиб борилганда, дарҳақиқат, сувдан «Тико» русумли машина ва ундан Т.Қ.нинг мурдаси топилади. Ҳолатга кўра, марҳумнинг бўйидан занжир ўтказилган бўлиб, унинг бир учи автоулов руль қисмига боғланган экан.
Машина кўздан кечирилганида унга ташқи таъсир натижасида етказилган зарар, шунингдек, мурданинг танасида бирор жароҳат излари аниқланмаган.
Тезкор-тергов гуруҳи томонидан жиноятни фош этиш чоралари кўрилмоқда.
Жиноят иши алоҳида назоратга олинган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter