Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Ҳақимизни беринг, бой ота!» — Избосканлик фермерлар

«Ҳақимизни беринг, бой ота!» — Избосканлик фермерлар

Йил – ўн икки ой меҳнат қилсангу, якунда қўлинг ҳеч нарса кўрмаса, бундан ортиқ алам бўлмас экан. Пахтачиликда кластер усули юзага келгач, Избоскан туманида ҳам янгиликни жорий этиш бошланди. Фермерлар асл эгаси битта одам бўлган икки кластер – «Sohib omad barakasi» ҳамда «Best textile international» масъулияти чекланган жамиятлари билан ишлаш истагида 2019 йил ҳосили учун шартнома тузишни бошлашди. Хуллас, меҳнатлар ортда қолди ва туманда пахта тайёрлаш режаси ортиғи билан бажарилди.

Ҳозир 2021 йилнинг биринчи ойи. Якуний ҳисоб-китобни амалга ошириш шу қадар оғир кечмоқдаки, айни дамда 50 дан зиёд фермер хўжалиги 2019 йилги пахта даромадини кўришмаяпти. Фермерлар ҳам қўл қовуштириб ўтиришгани йўқ. Ҳали у идорага, ҳали бу идорага боришади. «Сабр қилсанг, ғўрадан ҳалво битур!» деган гап бор. Фермерларнинг сабр косаси тўлса тўлдики, ҳалво тугул, ғўранинг ўзидан ҳам дарак йўқ.

Бир вақтда икки йиллик ҳосилнинг даромадини кўришга умид қилган избосканлик фермерлар ўтган йил 31 декабрь тунгача қўллари улгуржи пул кўришини кута-кута эски йил билан хайрлашди. 

Янги йил кириб келди ва ҳозирга қадар ваъда қилинган даромаднинг қораси кўринмаяпти. Кластернинг пушти паноҳига айланган маҳаллий мулозимлар эса фермерларни қатъий жадвал асосида даромадини бўлиб-бўлиб олишлари учун битим тузишга чорлашмоқда. Эмишки, деҳқоннинг ҳақи камида уч-тўрт ойда чўнтагида бўлармиш.

Қувроқ ва «кўча кўрган» тўрт-беш нафар фермерлар тўнини елкасига ташлашиб, пойтахтга – кластер қароргоҳига йўл олишди. Бу миссия ҳам натижа бермади: бош кентга бош уриб борганларнинг мақсадлари амалга ошмади.

Хўш, ҳақдор фермерларнинг елкасига қачон офтоб тегади? Бу ҳақдаги қайта-қайта маслаҳатлашувлардан сўнг фермерлар туман ҳокимлиги, сектор раҳбарларидан ёруғлик чиқмаслигини англаб етишди ва фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари вилоят кенгаши орқали судга кластер устидан даъво ариза бериш ҳаракатини бошлашди.

Бугунги ҳисобда фермерларнинг биргина 2020 йил ҳосилидан ҳақдорлиги 22 миллиард 496 миллион 277 минг 597 сўмни ташкил этмоқда. Кичкина маблағ эмас-а? Фоизлар ва пеня ҳисобланса, ушбу миқдор 27 миллиард сўмдан ортиб кетади. Хўп, фермерлар ушбу маблағларни олгач, нима қилади? Унутмангки, ҳисобга тушган пул нақдлаштириб шолча тагига босилмайди, аксинча, 4-5 сўм умидвор механизатор, сувчи, чопиқчи, теримчиларга янги йил олдидан ваъда қилинган байрамлик тарқатилади. Улардан ортгани эса турли тўловлар, таъминот билан боғлиқ олди-бердилар ҳисобига йўналтирилади.

Яна бир қизиқ ҳолат. Тўлов қобилияти мавжуд ёинки йўқлиги ўрганилмасдан 2020 йилда Андижон туманида ҳам айнан зикр этилаётган МЧЖ номида кластер ташкил этилдики, мазкур ҳудудда ҳам кластер ва фермерлар ўртасидаги иқтисодий муносабатлар таранг ҳолатда.

Масаланинг яна бир нозик жиҳати бор. Етиштирилган пахта хомашёси учун тўловни амалга оширишда нарх хилма-хил. Фақат Қўрғонтепа ва Балиқчи туманларида фермерлар билан ўзаро ҳамкорликда ишлаётган «Khantex group» пахтачилик кластерида биринчи нав пахтанинг ҳар тоннасига 4 миллион 948 минг сўмдан тўлаб берилди. Ҳар икки туман фермерлари ўтган йилнинг 31 декабрь ҳолатига барча ҳақларини олиб бўлишди.

Гап келганда айтайлик. Айрим кластерлар фермерларнинг даромади устидан турли кўринишдаги ҳомийлик ёки тижорий ишларни бажариш ҳолатлари учрамоқда. Айниқса, минерал ўғитлар хариди ва фермерларга тақсимлашда юқори нархлар юзага келаётир. Избосканлик фермерлардан бирининг сўзларига қараганда, кластердан олинган аммофос эвазига кўрилган зарар 20 миллион сўмдан ортиб кетган. Бу ягона далил эмас.

Марҳамат туманидаги «Марҳаматтекстил» масъулияти чекланган жамияти мутасаддилар 2019 йилги мавсум якунига қадар фермерларнинг оз эмас, катта миқдордаги маблағини хайр-эҳсонга, турли ҳомийликларга йўналтириб юборган. Бундан норизо бўлган фермерлар кластер раҳбариятини судга беришганидан жамоатчилик хабардор. Фермерлар манфаати ортга сурилиб кетишидатуманнинг катта-кичик давлат хизматчилари фермерларга тазйиқ ўтказишиб даъводан воз кечишга ундаганликлари ҳам ҳақиқат.

Бу гапларни такрор эслашдан мурод нима? Масала шундаки, фермерлар олдида шундай муаммолар пайдо бўлмоқдаки, ечимига ким жавобгарлиги айрим вақтларда ноаниқ бўлиб қолаётир. Масалан, Пахтаобод туманидаги «Олтин мато текс» МЧЖ томони тайёрланган пахта ҳосилини қуритиш-тозалашга фермерлар ҳисобидан 982 миллион сўмдан зиёд маблағни чегириб қолган. Қачонки фермерлардан бири пойтахтдаги масъул идоралардан бирига дардини дастурхон қилгандан сўнггина ҳолат ўрганилди ва фермерлар ҳақи қайтарилди.

2021 йил деҳқончилигида сув тежовчи технологияларни жорий этиш устуворлик касб этмоқда. Кўплаб туманларда 2020 йил ҳисобидан ҳақини ололмаётган фермерлар шу қадар кўпки, оқибатда бу ҳолат янгиликни илдамроқ жорий этишга тўсқинлик қилади.

«Шум бола» фиьмида Қоравойнинг бой отадан ҳақини талаб этган лавҳани бир эслайлик. Шундай зиқна, хасис бой ҳам атрофдаги боғбонларнинг фикрини инобатга олиб, «чириган ва қурт тушган» бўлса-да, бир қоп олма билан ҳисоб-китобни жойига қўяди. Не дейсизки, бугунги бойлар – кластер эгалари қуруқ чўнтак билан фермер тўрт қадам олдинга юра олмаслигини наҳотки тушунишмаса?

Кластерлар ва фермер хўжаликлари ўртасида ҳуқуқий муносабатларни тартибга солувчи қонун лойиҳаси муҳокамаси узоқ вақтдан бери давом этаётир. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари орасида бир қатор фермер хўжаликлари раҳбарлари, аграр соҳа вакиллари ҳам бор. Халқ вакиллари ҳамкасбларининг молиявий масалада қийинчиликларга дуч келишаётганлигини билмайди деб ўйлайсизми? Беш қўлдек билишади. Аммо айни йўналишни тартибга солувчи қонунга катта зарурат туғилганлигига негадир эътибор қаратилмаяпти. Кластер ва фермер муносабатлари тегишли қонун билан тартибга солинмас экан, деҳқонлар нидоси ҳавода учаверади, учаверади...

Замон Нафасов

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг