«Гоҳ прокурор чақирса, гоҳ ИИБ «йўқлайди», МИБчиларнинг ўйинини-ку, қўяверинг...»
Ҳазорасплик Раҳимберган Аллабергановнинг суд ёки тергов идораларида иши қолмаганди ҳисоб. Бўлди-да, энди?! Неча йил судма-суд юрди, ахир?!
Аввалига мулклари тортиб олинди, сўнг ўзи қўлбола айблов билан жиноий жавобгарликка тортилди...
Ўтган йилнинг адоғида Р. Аллабергановнинг бошига тушган кўргиликлар ҳақида сайтимизда «Савол ҳамон кўндаланг: оқлаш осонми ёки ёқлаш?» сарлавҳали мақола эълон қилингач, таъбир жоиз бўлса, муз ўрнидан кўчди. Қаҳрамонимизнинг «иши» Олий судда кўрилиб, унга нисбатан чиқарилган айблов ҳукмини ўз кучида қолдирган жиноят ишлари бўйича Хоразм вилоят судининг ажрими бекор қилинди.
Жиноят иши шу судда янгидан кўрилгач, Р. Аллабергановни битта айблов бўйича оқлади, иккитаси бўйича жавобгарликка тортиш муддати ўтиб кетгани боис жазо тайинлашни номақбул деб топди.
Муҳими, суднинг мазкур ажрими билан Р.Аллабергановга илгари илинган зарарлар айбловдан чиқариб ташланди. Бунгача эса унинг «Нексия» машинаси етказилган зарарларни қоплаш важи билан хатланиб, сотиб юборилганди.
Яна бир муҳим ҳолат: ундан аввалроқ Р. Аллабергановни ҳалол мулкидан мосуво қилаёзган фуқаролик ишлари бўйича Боғот туманлараро суди ҳал қилув қарори ҳам бекор қилинди.
Демак, ҳаммаси ортда қолган. Хўш, унда муаммо нимада?
Муаммо ҳамон Р. Аллаберганов тинч қўйилмаётганида!
Ўтган йилнинг охирида — унга нисбатан юритилган «дело» Олий судда «сингани»дан саноқли кунлар ўтиб, Мажбурий ижро бюросининг Хазорасп тумани бўлими давлат ижрочиси ишга киришиб кетсами?! Яъниким, Ҳазорасп тумани «Мухамон» маҳалласидаги бир пайтлар собиқ «Хоразм» ширкат хўжалигига қарашли бўлган ва айни вақтда Р. Аллаберганов томонидан сотиб олинган бино-иншоотлардан (Р. Аллабергановни) «мажбурий кўчиришни» бошлайди ўзича! Эътиборлиси, МИБ ходими қишли-қировли кунларда ижро ишига киришар экан, қўлидаги суд қарори бекор бўлганини билмайди гўё... Шунингдек, ижро жараёнига на Р. Аллабергановни таклиф қилади, на бошқа бирорта холисни?! Бино ичидаги нарсаларни ўз ташаббуси билан ташқарига чиқариб ташлайди...
Бу орада жиноят ишлари бўйича Хоразм вилоят суди Р. Аллабергановга нисбатан чиқарилган ҳукмни ўзгартиради, унинг бўйинига йўқ жойдан илиб қўйилган зарарларни бекор қилади.
Мазкур ажрим чиққанига ўн ойдан ўтди, бироқ унинг талаблари ҳануз Мажбурий ижро бюроси туман бўлими томонидан ижро этилгани йўқ. На машинаси қайтарилди, на ўзининг хусусий иншоотига кириб, тадбиркорлик фаолиятини давом эттира олди!
Эътиборлиси, туман МИБ ходимлари Р. Аллабергановнинг зарарига чиққан суд қарорлари ижросига қанчалик шошилишса, унинг фойдасига чиққан суд ҳужжати ижросига шунчалар «кинна» солишди.
Мана, бир пайтлар сотиб юборган машинасини қайтаришга шошилишаётгани йўқ, қишли-қировли кунда ўзича «ижро қилиб», ярмида ташлаб кетган бино-иншоотидан фойдаланиш масаласида жилла қурса тушунтириш беришни-ку, хаёлига келтирмаяпти.
— Мажбурий ижро бюросининг Ҳазорасп туман бўлимидагилар ҳужжатларингиз туман прокуратурасида, дейишади. Прокуратурадагилар эса ҳеч нарсадан бехабар эканини айтишади, — дейди тадбиркор Р.Аллаберганов.
Тадбиркорнинг айтишича, уни доимий равишда Ҳазорасп туман ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари мутасаддилари тазйиқ остига олаётган экан. Гоҳ туман ИИБ бўлимига, гоҳ туман прокуратурасига чақиради денг...
Воқеага ойдинлик киритиш мақсадида «Xabar.uz» мухбири неча марта Ҳазорасп туман прокуратурасида бўлди. Афсуски, мажлис устига мажлислардан бўшамаётган туман прокурори Р.Жуманиёзов билан учрашиб, масалага ойдинлик киритишнинг имкони бўлолмади. Куни кеча эса прокуратура биноси ичкарисига киришга муваффақ бўлган мухбиримизни қабулхона шоввозлари Р.Жуманиёзовнинг муҳим йиғилишга кетганини айтиб, чиқариб юборишди.
Начора, ҳуқуқий демократик жамият сари дадил одимлаётган бир паллада мазкур маҳкамадан муҳим саволларимизга жавоб ололмаганимизга эмас, балки ишлайман, давлатга, жамиятга катта манфаатлар келтираман деб турган тадбиркорнинг ҳануз муаммолар гирдобида қолаётгани заррача қизиқтирмаётганидан қаттиқ ўкиндик, дейди мухбиримиз.
Қонун устуворлигини таъминлашга масъул Ҳазорасп туман ИИБ ва туман прокуратураси мутасаддилари ишлайман деган бир тадбиркорга сунъий тўсиқлар бартараф қилинишига ёрдам бериш ўрнига, қонунга зид равишда тўсқинлик қилиш – дам-бадам асоссиз чақирувлар уюштиришидан мақсад нима ўзи?
Суд қароридан кейин ҳам тадбиркор енг шимариб ишга киришолмаса, бу нима деган гап?
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter