Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Фарғоналик тадбиркор «рэкет»га учрадими? Бизнес-омбудсман девони ДХХга хат юборди

Фарғоналик тадбиркор «рэкет»га учрадими? Бизнес-омбудсман девони ДХХга хат юборди

Абдувоҳид Ёқубов.

Фото: «facebook.com»

Фарғоналик тадбиркор ўзига нисбатан турли шикоятлар уюштирилиб, корхоналарида асоссиз текширувлар ўтказилаётгани ҳақида ижтимоий тармоқлар орқали маълум қилганди.

Яъниким, у  «...2019 йилнинг ёз ойларидан бошлаб айрим давлат идоралари, хусусан Фарғона вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимлари аралашуви натижасида корхоналарга умуман алоқаси бўлмаган шахсларни ёллаган ҳолда туҳмат аризалар уюштириб, бир неча маротаба асоссиз текширишлар уюштирилгани, ўтказилган текширишлар натижасида бирон-бир қонунбузилиш ҳолатлари аниқланмаган бўлса-да, қайта-қайта текширишлар ўтказилаётгани»дан жиддий норозилик билдиради. Бунинг натижасида туркиялик инвесторлар билан қиймати 30 миллион АҚШ долларидан ортиқ инвестиция лойиҳаси катта сўроқ остида қолаётганини алоҳида таъкидлайди.

Бўлаётган «текшир-текширлар»ни ўзига нисбатан 2008 йилда бўлган ноҳақликларнинг давоми сифатида кўраётган тадбиркор ўшанда қандай синовларни бошдан кечирганини қуйидагича ифодалайди: «...Ўтган даврда баъзи бир давлат идораларининг мансабдор шахслари мени сохта айбловлар билан қамаб, корхоналаримизни зўравонлик билан эгаллаб олиб, мени озод қилиш эвазига ушбу корхоналарни уларнинг одамлари номига расмийлаштириб беришни талаб қилган даврларни бошимиздан ўтказганмиз. Аммо узоқ вақт судлашувлар ва курашлар натижасида корхоналаримизни қайтариб олишга эришиб, айбдор шахслар оз бўлса ҳам жазоларини олишган эди. Айримлари ҳалигача жазо олмаган ва бугунги кунда эски ишларини қайтадан бошлаб, мени яна туҳматлар билан қаматишга ҳаракатлар қилишмоқда...».

Куни кеча тадбиркор Абдувоҳид Ёқубов мавжуд ҳолатлар юзасидан турли идораларга мурожаат қилганидан  сўнг вазият ижобий томонга ўзгарганини мамнуният билан билдирди: «Текширишлар ва аризабозликлар тўхтатилди, айрим мансабдор шахслар ва туҳмат аризалар уюштирганларга нисбатан маъмурий ва жиноий жавобгарликка (ЖК нинг 168-моддасига асосан) тортиш чоралари кўриш бошланганини маълум қиламан». Гапига тасдиқ сифатида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонининг қуйидаги хатини илова қилади.

Фарғона вилояти Ўзбекистон туманида фаолият кўрсатадиган Ёқубовлар оиласи тумандаги «Қораёзбобо» чорва-наслчилик фермер хўжалигидан ташқари яна туркиялик инвесторлар билан ҳамкорликда «Албус-фикс» қўшма корхонаси, «Шўрсувцемент» МЧЖ, «Яйпан чигит» ШК ҳамда бошқа ишлаб чиқариш корхоналарига эгалик қилишади. Мазкур корхоналарда цемент, қурилиш гипси, ғишт, қуруқ қурилиш қоришмалари, шпатлевкалар, мойли ва сувли бўёқлар, қурилиш-пардозлаш ва бошқа турдаги қурилиш материаллари ишлаб чиқарилиб, ички бозорлардан ташқари ва чет элга экспорт қилинади. Корхоналарда умумий ҳисобда 500 нафардан ортиқ қишлоқ аҳолиси ишлаб келмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг