Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Фарғоналик журналист ҳеч кимга даъвоси йўқлигини билдирди – Бош прокуратура

Фарғоналик журналист ҳеч кимга даъвоси йўқлигини билдирди – Бош прокуратура

Шарифа Мадраҳимова

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Фарғонада «Маърифат» газетасининг вилоят мухбири Шарифа Мадраҳимова маҳаллий ҳокимият ва ИИБ босимига учрагани  маълум қилинганди.

Юз берган ҳолат юзасидан ўша куниёқ прокуратура томонидан суриштирув ишлари бошланганидан ҳам воқифсиз.

Бош прокуратура суриштирув ишлари бўйича дастлабки маълумотларни очиқлади. Маҳкама матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов «Xabar.uz»га маълум қилишича, Бош прокуратура топшириғи ва назорати остида Учкўприк туман прокуратураси томонидан «Фарғоналик журналист Шарифа Мадраҳимова маҳаллий ҳокимият ва ИИБ босимига учради» мавзусидаги хабарлар юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Айни жараёнда биринчи навбатда журналистга куч ишлатилганига (уяли телефонини тортиб олиш пайтида) ойдинлик киритиш мақсадида Ш. Мадраҳимова судга оид тиббиёт экспертизаси тайинланган. Ҳужжат электрон рақамли имзо билан тасдиқланган.

Қўқон туманлараро суд-тиббий экспертиза пунктининг 23.04.2020 йилдаги 1524-сонли хулосасига кўра, журналист Ш.Мадраҳимовада тан жароҳатлар аниқланмаган.

Терговга қадар текширув давомида Учкўприк туман ҳокими номига котиб Ш.Мўйдиновнинг ҳаракатларига баҳо бериш мақсадида идоравий текширув ўтказиш, шунингдек, туман ИИБ ходими А.Мадраҳимов ва бошқаларнинг хатти-ҳаракатларига нисбатан хизмат текшируви тайинлаш тўғрисида Фарғона вилоят ИИБ бошлиғи номига тақдимнома киритилган.

Туман ҳокимлиги томонидан ҳолат ички идоравий текширувда батафсил ўрганилиб, натижасига кўра, туман ҳокими котиби Мўйдинов Шоҳжаҳон эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

Туман ИИБ томонидан ўтказилган хизмат текшируви якунига кўра, ИИБ ходими А.Мадраҳимов ўз ҳаракатлари билан хизмат интизомини ва қонунчилик талабларини бузмаганлиги аниқлаган.

Текширув давомида 10 га яқин ишга алоқадор шахслардан ҳолат юзасидан масофавий тарзда тушунтириш хатлари олинди. Шулар қатори журналист Ш. Мадраҳимовадан ҳам тушунтириш олинганда, у ҳолат қонуний кўриб чиқилганини билдирди. Шунингдек, туман ҳокими котиби Ш.Мўйдинов ишдан бўшатилганлиги ва ўзидан кечирим сўраганлиги сабабли ҳокимлик ва ИИБ ходимларига нисбатан ҳеч қандай эътирози ва даъвоси йўқлигини маълум қилган.

«Бош прокуратура фуқаролик жамиятида оммавий ахборот воситалари муҳим ўрин тутишини эътироф этади ва холис ахборот тарқатаётган соҳа ходимлари фаолиятини қадрлайди. Уларнинг қонун билан қўриқланадиган ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимояси алоҳида назоратда эканини яна бир бор таъкидлайди», – дейилади Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари берган хабарда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг