Фарғонада 70 та ноëб асар ўғирланди. ИИБга берилган асарлар ҳам йўқолган
Фарғонадаги музейда 70 та ноëб асар ўғирланиб, ўрнига қалбакиси алмаштириб қўйилгани аниқланди.
Бу жиноят Вазирлар Маҳкамасининг Маданий меросни ҳимоя қилиш инспекцияси, Бош прокуратура ҳамда Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги томонидан Фарғона вилояти тарихи ва маданияти давлат музейида олиб борилган ўрганиш ишлари вақтида очилган.
Ўрганишда музейда сақланаётган умумий баҳоси 2,5 млрд. сўмлик 70 та ноёб экспонатлар (улардан 56 таси рангтасвир асарлари) қалбакилаштирилгани, музейни капитал таъмирлаш учун бюджетдан ажратилган 3,1 млрд. сўм маблағнинг 1,4 млрд. сўми мансабдор шахслар томонидан талон-торож қилингани аниқланди. Шунингдек, музейда сақланиши лозим бўлган 1 дона рангтасвир ва 1 дона графика асари топилмаган.
Эътиборли томони, 2011 йилда музей томонидан Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармасига жами 21 номдаги ашёлар берилган. Улардан 14 номдаги ашёлар 2016-2020 йиллар давомида музейга қайтарилган, аммо қолган 7 дона рангтасвир асари қайтарилмаган. Ҳозирги кунда Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармасида ушбу 7 дона рангтасвир асарлари мавжуд эмаслиги аниқланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter