Фарғона ҳокими қарори бекор қилинди. Тегишли материаллар прокуратурага юборилади
Хусусий мулкнинг дахлсиз эканлиги Конституцияда белгилаб қўйилган. Бироқ, айрим мансабдор шахслар томонидан фуқаролар ва тадбиркорларнинг хусусий мулкига нисбатан тажовуз қилиш ҳолатлари ҳам учраб турибди.
Хусусан, Фарғона шаҳар ҳокимининг 2019 йил 19 сентябрдаги 965-сонли қарори билан «Constant Trading» МЧЖга тегишли Фарғона шаҳар, Б.Марғилоний кўчаси, 139-уй манзилида жойлашган хусусий мулки, яъни бино-иншоотлари олиб қўйилган. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, мазкур қарор билан яна бошқа тадбиркорлик субъектлари ҳам ўз мулкидан мосуво этилади.
Қонунга кўра, («Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонун, 13-модда), хусусий мулкка тажовуз қилишга, қонунга хилоф равишда (хусусий мулк ҳуқуқини) чеклашга ва (ёки) ундан маҳрум қилишга бевосита ёки билвосита қаратилган ҳаракатларга йўл қўйилмаслиги белгиланган. Бундан ташқари, Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларда тегишлича 1921 ва 2411-моддаларида хусусий мулкдорларнинг мулк ҳуқуқини қонунга хилоф равишда чеклаганлик ва (ёки) ундан маҳрум қилиш, хусусий мулкка тажовуз қилганлик учун жавобгарлик белгиланган.
Шунга қарамай, Фарғона шаҳар ҳокими ваколат доирасидан четга чиқиб, тадбиркорларни хусусий мулк ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда уларга тегишли йирик объектларни бир неча йиллардан буён бўш турганлиги ҳамда самарали фойдаланилмаётганлиги важи билан ҳокимлик захирасига олган.
Юқорида қайд этилган қонунбузилиши ҳолатига чек қўйиш мақсадида Фарғона шаҳар ҳокимининг қарорини бекор қилиш бўйича Адлия вазирлиги томонидан тақдимнома киритилиб, унинг ижроси назоратга олинди. Шу билан бирга, ушбу ҳолат бўйича жавобгарлик масаласини ҳал этиш учун прокуратура органларига тегишли материаллар тайёрланмоқда.
Адҳам Турдиев,
Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter